Kun.uz жамоатчилик фаоллари иштирокида суд тизимидаги сўнгги ўзгаришлар, шунингдек, тизимдаги муаммолар юзасидан таҳлилий суҳбат ўтказди.
Козимжон Комилов Олий суд раиси лавозимига қайта сайланганидан 2 ой ўтиб, ишдан олинди. Энди у Конституциявий судда судьялик қилади.
Хўш, Комилов икки ой аввал Олий суд раислигига нега тайинланганди-ю, 10 август куни яна нега ишдан олинди?
Бунга расман айтилганидек, Комиловнинг соғлиғидаги муаммолар сабаб бўлса, у қандай қилиб нуфуз жиҳатидан Олий суддан юқорироқ бўлган Конституциявий судда судьялик қилади?
Одамларда-чи, уларда судлар фаолиятига нисбатан эътирозлар, норозиликлар нега бунчалик кўп?
Kun.uz мухбири Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев, Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов ва адвокат Жаҳонгир Муталипов иштирокида суд ҳокимияти ва юқоридаги вазият таҳлилига бағишлаб интервью ўтказди.
— Козимжон Комиловнинг Олий суд раислигига қайта сайланганига кўп вақт бўлмаганди. Хўш, бу лавозим ўзгаришни қандай тушуниш керак?
Расул Кушербаев:

— Бу ўзгариш шахсан мен учун ҳам янгилик бўлди. Рости, Козимжон Комилов икки ой аввал лавозимга қайта сайлангач, бу соҳада ўзгаришлар бўлишига қизиқишим қолмаганди. Ишлар аввалгидай бир меъёрда кетса керак, деган фикр бор эди. Бу қандайдир кутилмаган қадам бўлди.
Албатта, менда бу борада аниқ фактлар йўқ, лекин фикримча, бу сўнгги вақтларда юқори раҳбариятда бўлаётган ўзгаришлар билан бевосита боғлиқ. Нима бўлганда ҳам бу ўзгаришдан ёмонлик эмас, кўпроқ ижобий маъно қидиришга ҳаракат қиляпмиз. Қисқа вақтда эса айтилаётган фикрлар, умидлар ўзини қанчалик оқлашини кўришимиз мумкин.
Абдураҳмон Ташанов:

— Сўнгги икки ой бизда ўзгаришлар даври бўляпти. Конституция ислоҳоти, Қорақалпоғистондаги воқеалар ва умуман, одамлар билан қандай гаплашиш керак, уларга нима дейиш, уларнинг ҳуқуқлари борасида нималар бўлиши керак, деган савол пайдо бўлди. Бу савол эса ҳукуматни анча ҳушёр торттирди.

















