Жаҳон | 17:30 / 02.11.2021
21648
6 дақиқада ўқилади

«Американинг Афғонистондаги керакли дўсти» – WSJ Ўзбекистон ҳақида

АҚШнинг Афғонистон ва Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлаш борасидаги ҳаракатларида Ўзбекистон асосий ҳамкор давлат сифатида кўрилмоқда. Бу Покистоннинг «Толибон»га жуда яқинлиги, Эроннинг душманлиги, Туркманистон ва Тожикистон эса жуда заифлиги билан изоҳланган.

Фото: Eurasianet

The Wall Street Journal нашрининг «Американинг Афғонистондаги керакли дўсти» сарлавҳали мақоласида АҚШ Афғонистондан чиқиб кетгандан кейин минтақада таъсирини сақлаб қолиш учун ёрдамга муҳтожлиги, айни пайтда Марказий Осиёнинг энг муҳим давлати бўлган Ўзбекистон «Толибон»га нисбатан муносабатини тубдан ўзгартиргани, бу эса ишончли ҳамкорлар етишмаётган вазиятни ҳисобга олган ҳолда Тошкентни Вашингтонга ёрдам бериши нуқтайи назаридан ўзига хос мавқега чиқаргани ҳақида ёзилади.

Мақолада Ўзбекистон Қўшма Штатларнинг Афғонистон ва Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларда муҳим роль ўйнашга қодирлиги қайд этилиб, Байден маъмурияти иккинчи муддатга сайланган президент Шавкат Мирзиёев билан ҳамкорликни кучайтириш йўлларини топиши кераклиги айтилган.

«Толибон» муваққат ҳукумати раҳбари ўринбосари вазифасини бажарувчи Мавлавий Абдул Салом Ҳанафий (этник ўзбек) 16 октябрь куни Ўзбекистонга ташриф буюриб, бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов билан савдо, чегара хавфсизлиги ва гуманитар ёрдам масалалари бўйича музокаралар ўтказди. 7 октябрь куни эса Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Кобулда «Толибон» ҳукуматида ташқи ишлар вазири в.б. бўлган Амир Хон Муттақий билан музокаралар ўтказган. Учрашувдан сўнг Абдулазиз Комилов «Толибон»нинг икки расмийси билан бирга туриб (Муттақий ва Ҳанафий), афғон биродарларидан Ўзбекистонга ҳеч қандай таҳдид ва хавф туғдирилмаслигига қатъий ва аниқ кафолат олганини айтди.

Ўзбекистон сингари дунёвий давлатнинг «Толибон» режими билан бу каби дипломатия олиб боришини кўриш ҳайратланарли туйилиши мумкин. «Толибон» ҳокимият тепасига келган илк даврда (1996-2001) Ўзбекистондаги радикал кучлар Афғонистонда сиёсий бошпана топган.

Ўтган йигирма йил ичида Амударёнинг икки қирғоғидаги икки давлат чегарасида кўп нарса ўзгарди. Эҳтимол, энг муҳим жиҳати шундаки, «Толибон» яқин келажакда Афғонистонни бошқариши инобатга олинмоқда.

Бу эса Тошкентнинг янги афғон режимига нисбатан эҳтиёткор прагматик сиёсатини шакллантирди. Жаноб Мирзиёев ҳокимиятга келганидан икки йил ўтиб, «Толибон» ҳаракати билан фаол алоқа бошлади ва бу борада Марказий Осиёдаги биринчи етакчи давлат бўлди.

Август ойида, «Толибон» ҳокимиятга қайтганидан сўнг, жаноб Мирзиёев Ўзбекистон ҳукумати «Толибон» билан ҳар куни алоқада эканини ва «Ўзбекистон томонида «ўқ узилмаслиги учун» ҳар қандай мулоқотга тайёрлиги»ни айтди.

Покистон ва Қатардан кейин Ўзбекистон «Толибон»нинг муваққат ҳукумати билан ҳамкорлик ўрнатишда энг фаол давлат бўлди. 17 сентябрь куни Мирзиёев халқаро ҳамжамиятни Афғонистонда гуманитар фалокат юзага келишининг олдини олиш учун мамлакатнинг хорижий банклардаги музлатиб қўйилган активларини қайтаришга чақирди. Тахминан ўша пайтларда Ўзбекистон Энергетика вазирлиги Афғонистонни электр энергия билан таъминлашда давом этишини эълон қилди, гарчи «Толибон» ҳукумати томонидан ҳар ойда 25 миллион доллар миқдоридаги тўловлар қилинмаётган бўлса-да. Шунингдек, сентябрь ойида ўзбекистонликлар гуманитар ёрдам тариқасида Афғонистонга поезд орқали 1300 тонна озиқ-овқат, дори-дармон ва кийим-кечак жўнатди.

Ўзбекистон учун Афғонистон ҳудудидан тарқалиши мумкин бўлган беқарорлик ва вайронагарчиликлардан ўзини ҳимоя қилишнинг энг яхши йўли жануби-шарқий қўшнисида вазият ёмонлашиб кетмаслигини таъминлашдир. Тошкент стратегияси «Толибон»ни Ўзбекистонга (ва бошқа халқларга) қарам қилиш нафақат вазиятнинг ёмонлашишининг олдини олишга ёрдам беради, балки «Толибон» режимининг келажакдаги хатти-ҳаракатларини ҳам шакллантириши мумкин деган ғояга асосланади.

Афғонистон билан чегарадош Марказий Осиёнинг уч давлати ичида Ўзбекистон энг кучли иқтисодиётга эга. Шунингдек, у минтақада Марказий Осиёнинг қолган тўрт давлати ва Афғонистон билан чегарадош ягона мамлакатдир. Ўтмишдаги радикал кучлар фаолияти сабоқлари ва диний консерватизмнинг тобора оммалашиб бораётгани Ўзбекистонни «Толибон» ғояларининг тарқалишини заифлаштиришга ундайди. Шу сабабларга кўра, Тошкент узоқ вақтдан бери минтақавий интеграция масаласини илгари сурувчи етакчи мамлакат бўлиб келган. Мирзиёев даврида мамлакат Марказий Осиёдаги қўшнилари учун визасиз режим ҳам жорий этди.

Ўзбекистоннинг позицияси АҚШнинг ташқи сиёсат стратегиясига жуда мос келади. Қўшма Штатлар Афғонистоннинг активларини музлатиб қўйган бўлса-да, Тошкентнинг ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаши керак.

Вашингтон Ғарбнинг инсонпарварлик ёрдами афғон халқига етказилишини «Толибон» иштирокисиз таъминлаш учун ҳам Тошкентдан билвосита канал сифатида фойдаланиши мумкин. Шундай шароитда АҚШ «Толибон» билан бевосита энг муҳим хавфсизлик масалалари билан шуғулланиши шарт бўлмай қолади.

Ўзбекистоннинг «Толибон»ни жиловлаш борасидаги ҳаракатлари муваффақият қозонишига кафолат йўқ. Аммо Вашингтоннинг Афғонистон бўйича ишончли ҳамкорлари жуда кам. Покистон «Толибон» билан муросага келган, Эрон рақиб мамлакат, Туркманистон ва Тожикистон эса жуда заиф. АҚШнинг Марказий Осиё билан мустаҳкам алоқалари Хитойга қарши курашда ҳам ёрдам беради.

Ўзбекистон минтақадаги ягона истиқболли иттифоқчи бўлмаса-да, «Толибон»нинг ҳокимият тепасига келишидан келиб чиққан ноаниқликни бартараф этиш учун Американинг гуманитар, дипломатик ва хавфсизлик борасидаги саъй-ҳаракатларини кучайтиришга ёрдам бериши мумкин бўлган энг мақбул ҳамкор мамлакат».

Мавзуга оид