Ўзбекистон | 10:12 / 07.06.2018
40188
2 дақиқада ўқилади

Автотранспортдан фойдаланиш учун талаб этиладиган мажбурий ишончнома олиш тизимини бекор қилиш таклиф этилди

Фото: Kun.uz

«Менинг фикрим» жамоавий мурожаатлар порталида автотранспорт воситасидан фойдаланиш учун талаб этиладиган мажбурий ишончнома олиш тизимини бекор қилиш ҳақида петиция пайдо бўлди.

«Автотранспорт воситасидан фойдаланиш учун мажбурий ишончнома олиш тизими бекор қилинса, мамлакатимиз миллий суғурта тизими ва туризм соҳаси янада ривожланган бўлар эди. Бундан ташқари, фуқароларнинг ортиқча овора бўлишлари ва ортиқча харажатларни сарфлашларининг ҳам олди олинган бўлар эди», - дейилади матнда. 

Таъкидланишича, бугунги кунда ушбу тизим қуйидаги ноқулайликларни келтириб чиқармоқда: биринчидан, бир оила аъзолари умумий мулк бўлган автомототранспорт воситасидан эркин фойдалана олмаяптилар; иккинчидан, корхона, ташкилот ва муассасаларнинг ходими ёки оиланинг номига ишончнома берилган аъзосига қарамлик ҳолатининг мавжудлиги ноқулайликларни юзага келтирмоқда; учинчидан, ишончномани олиш учун ортиқча оворагарчилик ва вақт сарфланади; тўртинчидан, фуқароларнинг кўпчилиги автомототранспортга меҳр қўйгани инобатга олинадиган бўлса, бу ҳолатда суғурта маданияти ривожланмайди. 

Хорижий давлатлар, хусусан Россия Федерациясида мажбурий суғурта тизими йўлга қўйилганлигини кўриш мумкин. Бу ҳолат бу ўз навбатида суғурта бозорининг ривожланишига катта таъсир кўрсатган. Ушбу тартиб хорижий меҳмонларга аэропортнинг ўзида суғурта пакетини расмийлаштириб, автотранспорт воситасидан фойдаланиш имкониятини беради.

«Юқоридагиларни инобатга олиб, ишончнома ўрнига суғурта полисларини жорий этишни таклиф қиламиз. Бу ҳолат миллий суғурта тизимини ривожланиши ва минглаб қўшимча ишчи ўринлари яратилиши, аҳоли суғурта маданиятининг ўсишига сабаб бўлади. Натижада ижарага берувчилар ўз автотранспортларини суғурта шартномаси асосида туристлар ва юртимиз фуқароларига содда тартибда ижарага беришлари учун имконият яратилади», - дейилади мурожаат матнида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ айрим қоидабузарликлар учун ҳайдовчиларга жарималар ўрнига огоҳлантириш бериш таклиф қилинганди.

Мавзуга оид