Ўзбекистон | 12:55 / 27.10.2025
18663
3 дақиқада ўқилади

Ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий дарсларда қатнашиш ихтиёрий бўлади

Ҳукумат қарорига кўра, “А” ва “B” тоифадаги ҳайдовчиликка номзодлар мажбурий ўқув дастурининг назарий қисмини мустақил ўзлаштиришига рухсат берилмоқда. Яъни бу тоифалар учун автомактабда ўқиганда, назарий дарсларда қатнашиш ихтиёрий бўлади. Бу тартиб 2026 йил 1 февралдан амал қила бошлайди. Шунингдек, ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилган шахсларни қайта имтиҳон қилишнинг алоҳида тартиби ишлаб чиқиладиган бўлди.

Фото: Kun.uz

“Транспорт воситаларини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ҳукумат қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2026 йил 1 февралдан бошлаб “A” ва “B” тоифадаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини олиш учун талабгорлар ҳайдовчиларни тайёрлаш бўйича мажбурий ўқув дастурининг назарий қисмини мустақил ўзлаштириши мумкин бўлади.

Бунда, талабгорлар:

  • ўз ихтиёрига кўра назарий билимларни олиш учун ўқув курсларида (онлайн ёки офлайн шаклда) ўқийди ёхуд мустақил тайёрланади;
  • мажбурий ўқув дастурида белгиланган амалий машғулотларни автомактабларда тўлиқ бажаради;
  • амалий машғулотларда тўлиқ қатнашгандан сўнг, ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни топширади;
  • амалий машғулотлардан ўтгани ҳақидаги маълумотнома электрон тарзда шакллантирилади.

Шунингдек, 2026 йил 1 февралдан эътиборан, “А” ва “В” тоифадаги транспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ўқув гуруҳларини Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида рўйхатга олиш тартиби бекор қилинади.

3 ой муддат ичида йўл ҳаракати қоидалари, транспортни бошқариш хавфсизлиги ва бошқа йўналишлар бўйича зарур билим ва кўникмаларни шакллантиришга кўмаклашувчи электрон ўқув материаллари ишлаб чиқилиши лозим. Бу материаллар барча учун очиқ бўлади.

Қарорга асосан, ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини олиш учун ўқитиш ва имтиҳонларни топшириш бўйича алоҳида тартиб жорий этилиши ҳам белгиланди. ИИВ бу тартибни 2 ой ичида ишлаб чиқиб, ҳукуматга киритиши керак.

Ушбу қарор билан, шунингдек, 2026 йил 1 январдан эътиборан мопед ва скутер ҳайдаш учун “А1” тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳам жорий этилмоқда. Бу гувоҳномани олиш учун автомактабда ўқиш шарт бўлмайди.

  • Эслатиб ўтамиз, ҳайдовчилик гувоҳномасининг “А” тоифаси мотоциклларни бошқариш учун, “B” тоифаси эса енгил автомобиллар (рухсат этилган тўла вазни 3,5 тоннадан ошмайдиган ёки ҳайдовчи ўриндиғидан ташқари ўриндиқлари сони 8 тадан кўп бўлмаган транспортлар)ни бошқариш учун берилади.
Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид