Жаҳон | 16:47 / 27.03.2026
5365
11 дақиқада ўқилади

“Озодлик ороли”да нималар бўлмоқда? Кубада коммунистик тузум ўрнатилиши тарихи

2026 йил 13 март куни Куба президенти Мигел Диас-Канел илк бор Доналд Трамп маъмурияти билан музокаралар ўтказаётганини расман тасдиқлади. Қарийб 70 йил аввал коммунистик тузум ўрнатилган ва 2015 йилгача АҚШ билан дипломатик алоқаларга эга бўлмаган бу орол давлат нега Оқ уйдагилар билан музокара ўтказмоқда? Умуан олганда Куба қандай қилиб социалистик давлатга айланганди?

Кариб ҳавзасида жойлашган Куба ороли Колумб ғарбдаги янги ерларни кашф этгандан сўнг Иcпания назоратига ўтади ва узоқ йиллар ипанлар бошқаруви остида яшайди.

АҚШ ташкил этилган йилларда ҳам орол Испания мулки ҳисобланарди. Америкаликлар Франциядан Луизианани сотиб олгач Кубага ҳам харидор бўлади. Бироқ Испания таклифни рад этади.

Америкаликлар Кубани сотиб олиш ҳақидаги таклифларни 1825-1829-йилларда АҚШни бошқарган Жон Адамс, 1848 йилда президент Жеймс Полк, 1854 йилда президент Франклин Пирс бошқаруви даврида ҳам билдиради. Бироқ Испания рози бўлмайди.

Кейинчалик Куба АҚШ ва Испания ўртасида уруш келиб чиқишига сабаб бўлади. Бу шундай содир бўлади: 19-аср охирларида Кубада Испания бошқарувига қарши қўзғолон бошланади.

1898 йилда АҚШ Кубадаги ўз фуқароларини ҳимоя қилиш баҳонасида орол томон ҳарбий кема жўнатади. Кема Ҳавана портига етиб борганда унда портлаш содир бўлади. Бу иш учун испанларни айблаган АҚШ ўша йили апрелда Испанияга қарши уруш очади.

Бу урушда Қўшма Штатлар ғалаба қозонади ва Испания Куба ҳамда унинг яқинида жойлашган Пуэрто-Рико оролидан воз кечишга мажбур бўлади.

alamy.com

Шунда АҚШ Пуэрто-Рикони ўз мулкига қўшиб олади. Кубани эса мустақил деб эълон қилади ва уни вассал давлатга айлантиради.

Кейинроқ Куба америкаликлар дам олиш учун келадиган жойга айланади. Америкалик бойлар оролга сармоя кирита бошлайди.

АҚШ нега Кубани сотиб олишга бунчалик қизиққан деган саволга жавоб шуки, бу орол Кариб ҳавзаси марказида, географик жиҳатдан жуда қулай ҳудудда жойлашган.

Қолаверса, Куба АҚШга жуда яқин ҳисобланади. Флорида штатига қарашли, Кариб денгизидаги оролда жайлашган Ки-Уэст шаҳридан Кубагача масофа бор-йўғи 180 километрни ташкил этади. Оролдан Майамигача 384 км.

Кубада коммунистик тузум ўрнатилиши

Иккинчи жаҳон уруши даврида Кубада Фулхенсио Батиста президент эди. 1944 йилда ўтказилган сайловда у мағлуб бўлади ва саккиз йил орол давлатни Рамон Грау бошқаради.

1952 йил 1 июнда Кубада навбатдаги президентлик сайлови ўтказилиши белгиланганди. Номзодлар уч нафар бўлиб, улар орасида Батиста ҳам бор эди.

Ўшанда Батитанинг ғолиб чиқиш эҳтимоли жуда паст эди. Шу сабабли у сайловдан икки ойча аввал давлат тўнтариши уюштиради ва Кубада ҳокимиятни эгаллайди.

carlosbua.com

Шундан сўнг Фидел Кастро бошчилигидаги гуруҳ Батиста ҳокимиятига қарши чиқади ва партизанлик урушини бошлайди.

1953 йилда Фидел Кастро ҳаммаслаклари билан Монкада шаҳридаги казармани эгалламоқчи бўлганида қўлга тушади. Суд уни 15 йил қамоқ жазосига ҳукм қилади.

Ҳукм ўқилган пайтда Фидел Кастро “Тарих мени оқлайди” дейди ва кейинчалик унинг бу гапи машҳур иборага айланади.

1955 йилда Батиста Фидел Кастрони афв этади. У озод бўлгач Мексикага кетади. Ўша кезларда Кастро “26 июл ҳаракати” деб номланган ташкилотни тузади ва 1956 йил декабрда Кубага қайтади.

У “26 июл ҳаракати” жангчилари билан Батиста тузумига қарши курашни давом эттиради ва бирин-кетин муваффақиятларга эриша бошлайди.

1958 йилда қўзғолончилар Кубанинг анча қисмини ўз назоратига олади ва пойтахт томон силжий бошлайди. 1959 йил 1 январ куни улар Ҳаванани эгаллайди. Батиста ўша куни хорижга қочиб кетади.

alamy.com

Фидел Кастро ўзини армия қўмондони ва ҳарбий министр деб эълон қилади. Февралда вақтинчалик президент бўлиб турган Мануэл Уррутиа истеъфога чиқади ва ҳокимият тўлиқ Фидел Кастрога ўтади.

Фидел Кастро Кубани эгаллагач у ерда коммунистик тузум ўрнатилади. СССР Кубага ҳар томонлама ёрдам бера бошлайди. АҚШ эса бу орол давлат билан дипломатик алоқаларни узади ва элчихона ходимларини олиб чиқади.

“Кариб инқирози”

1961 йилда АҚШ Туркия ҳудудига СССРдаги муҳим объектларгача учиб бора оладиган ракеталарини келтиради. Уларга ядро каллаклари ўрнатилганди. Бунга жавобан СССР Кубага ядровий қуролларни жойлаштиради.

Ана шундай вазиятда АҚШ ҳамда СССР ўртасидаги муносабатлар таранглашади ва 1962 йилда президент Жон Кеннеди Куба атрофида денгиз блокадаси бошланганини эълон қилади.

1962 йил 27 октябр куни Куба осмонида парвоз қилаётган АҚШ самолёти уриб туширилади. АҚШ бунга жавоб қайтарилишини эълон қилади. Оқибатда дунё ядровий уруш таҳликаси остида қолади.

Caption

28 октябр куни АҚШ ва СССР раҳбарлари келишувга эришади. Унга кўра, Америка томони Кубага бостириб кирмасликка, Туркиядан ракеталарини олиб чиқишга ваъда беради. СССР эса ўз ядровий ракеталарини Кубадан олиб кетишга рози бўлади.

Куба атрофида содир бўлган сиёсий инқироз ечим топганидан сўнг томонлар Вашингтон ва Москва ўртасида тўғридан тўғри телефон алоқаси ўрнатиш бўйича келишувга эришади. Бироқ шундан кейин ҳам ҳар икки давлат ўртасидаги совуқ муносабат давом этади.

Куба – СССРнинг яқин иттифоқчиси

“Кариб инқирози” бартараф бўлганидан кейин ҳам СССРнинг Кубага ёрдами давом этади. Советлар бу орол давлатга иқтисодий, молиявий ва ҳарбий ёрдам бера бошлайди.

Жумладан, СССР Кубани қўллаш учун шакарқамишни жаҳон бозоридаги нархдан қимматроққа сотиб олади. Турли машиналар, нефт, озиқ-овқат, саноат моллари ва бошқа маҳсулотларни эса арзон нархда етказиб беради.

fishki.net

Советларнинг Кубага ёрдами 1991 йилгача давом этади. СССР парчаланиб кетгач, Россия иқтисодий инқирозни бошдан ўтказади ва Кубага ёрдам бериш қисман тўхтайди.

Оқибатда оролда иқтисодий инқироз бошланади ва аҳолининг аксар қисми йўқчиликда яшашга мажбур бўлади. Шундай бўлса ҳам, Куба Россия билан ҳамкорликни давом эттиради.

Кубада раҳбар алмашуви ва ислоҳотлар

2000-йиллар бошларида ёши 75 дан ошган Фидел Кастронинг соғлигида муаммолар кузатила бошланади. Бироқ у шунда ҳам ҳокимиятдан воз кечмайди ва Кубани бошқаришда давом этади.

2006 йил 26 июлда 80 ёшга тўлишига икки ҳафтача қолган Фидел Кастронинг соғлиги ёмонлашади ва уни шифохонага ётқизишади. Кубани унинг укаси, 75 ёшли Раул Кастро бошқара бошлайди.

2008 йилда Куба парламенти Раул Кастрони Куба давлат кенгаши раиси этиб сайлайди. Бу лавозим амалда давлат раҳбари дегани эди.

alamy.com

Акасидан фарқли равишда Раул Кастро Кубада бир қатор ислоҳотлар ўтказади. Жумладан, мобил телефонлар ва тўлқинли печларни ишлатишга қўйилган тақиқ бекор қилинади.

Аҳолига интернетдан фойдаланишга, меҳмонхоналарда тунаб қолишга, машинани ижарага олишга рухсат берилади. Қишлоқ хўжалигида фермерлар экин турини мустақил танлашга, ҳосилни ўзи хоҳлагандай сотиш имконияти берилади.

Шунингдек, Куба бир қанча халқаро нормаларни имзолайди ва ўшангача давлат мулки ҳисобланган турар жойларни хусусийлаштиришга рухсат берилади.

2015 йилда Раул Кастро АҚШ билан дипломатик алоқаларни қайта тиклайди. Бироқ орол давлатнинг Қўшма Штатлар билан муносабатлари совуқлигича қолаверади. 2016 йилда 90 ёшли Фидел Кастро вафот этади.

Раул Кастро Кубада сиёсий ислоҳотлар ҳам ўтказади ва айнан унинг ташуббиси билан мамлакат қонунларида бир шахснинг икки муддатдан ошиқ ишлаши тақиқланади.

2013 йилда иккинчи марта давлат раҳбари этиб сайланган Раул Кастро 2018 йилда ўрнини Кубанинг ҳозирги раҳбари Мигел Диас-Канелга бўшатиб беради.

2019 йил февралда Кубада конституцияни ўзгартириш бўйича референдум ўтказилади ва сайловчиларнинг 87 фоизи унга рози бўлади.

alamy.com

Янги конституцияда мамлакатда хусусий мулкка эга бўлиш, хусусий тадбиркорлик қилиш ва эркин бозорга рухсат берилади. Шунингдек, унда мамлакат бошқарувида бош вазир ва президент лавозимларини қайта тиклаш ҳам белгиланади.

2019 йил октябрда Куба парламенти Мигел Диас-Канелни мамлакат президенти этиб сайлайди. Ўша йили декабрда орол давлатда бош вазир ҳам тайинланади. Кубани ҳозирги пайтда ҳам Мигел Диас-Канел бошқармоқда.

Кубада нималар бўлмоқда?

Сўнгги пайтларда Кубада вазият мураккаблашиб боряпти ва бунга АҚШ сабаб бўлмоқда. Орол узоқ йиллар давомида Венесуладан арзон нефт олиб келган, мамлакат иқтисодиёти шунга боғланиб қолганди.

2026 йил 3 январ тунда Венесуэла президенти Николас Мадуро АҚШга олиб чиқиб кетилди ва Куба яқин иттифоқчисидан айрилди.

Шундан сўнг Трамп нафақат Венесуэланинг янги раҳбарига, бошқаларга ҳам босим ўтказиб, Кубага нефт беришни тақиқлаб қўйди.

Оқибатда оролда ёнилғи ва энергия тақчиллиги бошланди. Транспорт тизими фалажланди, озиқ-овқат ишлаб чиқариш тўхтаб қолди. Бу жараён ҳануз давом этмоқда.

Трампнинг Кубага нисбатан юритаётган сиёсати орол давлат раҳбари ва бошқа мутасаддилари томонидан бир неча марта танқид қилинди.

Жумладан, Куба президенти Мигел Диас-Канел Доналд Трампни оролни бўғишга уринишда айблаб чиқди. Ташқи ишлар вазири Бруно Родригес АҚШнинг Кубага нисбатан ҳаракатларини халқаро хавфсизлик учун “ғайриоддий ва фавқулодда хатарли” деб баҳолади.

Бироқ кўп ўтмай Ҳавана Вашингтон билан “ҳеч қандай дастлабки шартларсиз” музокара олиб боришга тайёр эканини билдирди.

Ёнилғи, электр энергияси ва озиқ-овқат тақчиллиги фонида Кубада аҳоли норозилиги ошиб бормоқда. Одамлар намойишларга чиқмоқда.

alamy.com

Ана шундай намойишларнинг бири бундан бир неча кун олдин мамлакатнинг марказий қисмида жойлашган Морон шаҳрида бўлиб ўтди. Унда қатнашган одамлар ҳатто коммунистик партия офисига ҳужум қилди.

Мамлакатда норозилик кучайиб бораётган вақтда 2026 йил 13 март куни Куба президенти Мигел Диас-Канел Куба Трамп маъмурияти билан музокаралар ўтказаётганини маълум қилди.

Бу — Куба раҳбари томонидан оғир энергетик инқироз шароитида АҚШ билан алоқалар ўрнатилганининг илк бор расман тан олиниши бўлди.

Келажакда воқеалар ривожи қандай кечади, аниқ айтиш қийин. Бироқ бир нарса аниқ, қаҳатчилик, энергия, ёнилғи ва озиқ-овқат тақчиллиги давом этаверса, Кубада коммунистик тузумнинг яшаб қолиши қийин бўлади.

Айтганча, Куба ва Ўзбекистон бир пайтлар дўстона алоқаларда бўлган. Шароф Рашидов Кубага совет делегациясини бошлаб борган. Бунга жавобан Фидел Кастро Ўзбекистонга келган. Бунинг тарихи ҳақида кейинги кўрсатувимизда ҳикоя қиламиз.

Ғайрат Йўлдошев
Муаллиф Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид