Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Узоқни яқин қилувчи темир от – нега дунёнинг турли ҳудудларида темирйўллар ҳар хил ўлчамда қурилган?
Хитойдан Европага юк ортиб бораётган поезд йўлда икки марта ўз ғилдиракларини алмаштиришини билармидингиз? Ҳа, шундай. Хитой поездлари дастлаб Россия ҳудудига ўтишда, сўнг Беларусдан Полшага киришда ўз ғилдиракларини алмаштиради. Чунки Хитой, МДҲ давлатлари ва Европада темирйўл излари бир биридан фарқ қилади. Ҳозир шу ҳақда гаплашамиз.
Бугун дунё иқтисодиётини темирйўлларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ҳатто кемасозлик ва автомобилсозлик кескин ривожланганда ҳам темирйўлларнинг аҳамияти пасаймади. Ҳанузгача у турли юкларни ва йўловчиларни ташишда муҳим транспорт воситаси бўлиб қолмоқда.
Ҳозирги пайтда дунёнинг 140 дан ортиқ давлатида темирйўллар бор. Маълумотларга кўра, 2025 йилда дунё бўйлаб манзилга етказилган юкларнинг қарийб 25 фоизи темирйўллар орқали ташилган.
Темирйўлларнинг узунлиги, уларда юк ва йўловчи ташиш борасида АҚШ, Хитой, Россия, Канада, Ҳиндистон, Германия, Франция, Аргентина, Австралия ва Бразилия каби давлатлар етакчилик қилади.
Темирйўл тарихи
1804 йилда англиялик Ричард Треветик биринчи релсда ҳаракатланувчи паровозни ясаб чиқади. Унга 1690 йилда муҳандис Томас Севери томонидан тайёрланган ва 1712 йилда темирчи Томас Нюкомен тарафидан такомиллаштирилган буғда ишлайдиган двигател ўрнатилганди.
1808 йилда Треветик биринчи локомотивни тайёрлайди ва ундан фойдаланиб поезд вагонларини тортиб юришни синовдан ўтказади.

1825 йилда Англияда узунлиги 40 км бўлган биринчи темирйўл тармоғи қурилади Шундан сўнг бу темирйўлда поезд одамлар ва юкларни таший бошлайди.
1830 йилда Англияда Ливерпул ва Манчестер шаҳарларини ўзаро боғловчи, узунлиги 56 км бўлган биринчи магистрал темирйўл қурилади. Ўша йили Америкада ҳам, Мэриленд штатида биринчи темирйўл тармоғи барпо этилади.
1835 йилдан темирйўллар Европанинг бошқа мамлакатларида, жумладан, Белгия ва Германияда ҳам қурила бошланади.
Ўшанда немис шифокорлари поезд аҳоли саломатлиги учун жуда хавфлилигини, паровоздан чиқаётган тутун заҳарли эканини, поездда кетаётган одамларда бош айланиши мумкинлигини айтиб чиқишади.
Кейинчалик дунёнинг турли давлатларида темирйўллар барпо этишга киришилади. Ўзбекистон ҳудудидаги биринчи темирйўл Чор Россияси томонидан 1880-1888 йиллар оралиғида қурилган.
1888 йилда Амударё устида кўприк барпо этилади ва темирйўл тармоғи Самарқандгача етиб боради. 1889 йилда Фарғона водийси ҳам биринчи темирйўл қурилишига гувоҳ бўлади.

Турли ўлчамдаги темир излар
Бугун дунё бўйлаб тортилган темирйўл тармоқлари бир хил эмас. Релслар ораси турли ўлчамга эга. Англияда қурилган илк темирйўлларда релслар оралиғи 1 435 миллиметр бўлган. Кейинчалик бошқа давлатларда темирйўл тармоқлари тортилганда шу стандартга қараб релслар ўрнатилган.
Шимолий Америка, Жанубий Америка, Европа (Финландия, Испания, Португалия, Исландиядан ташқари), Осиё ва Африка қитъасининг асосий қисмида релслар оралиғи 1 435 миллиметр.
Кейинчалик Россияда темирйўл тармоқлари тортилганда руслар релслар оралиғини 1 520 миллиметр қилиб қуришади. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам релслар оралиғи шундай тортилган.
Шунингдек, собиқ иттифоқ республикалари ва Финландияда ҳам поездлар оралиғи 1 520 миллиметрли бўлган релсларда ҳаракатланади.
Бошқа айрим давлатлар, масалан Ҳиндистон, Испания, Аргентина, Чили каби давлатларда темирйўллардаги релслар ораси 1 676 миллиметр қилиб қурилган.
Япония, Индонезия каби давлатлар энг тор изли темирйўлларга эга. Уларда релслар ораси бор-йўғи 1 067 миллиметр чиқади.
Бундан ташқари, турли давлатларда 762, 891, 914, 1 000 миллиметрли релслар қурилган. Бундай релслар асосан саноат корхоналари учун қурилган.
Дунёнинг айрим шаҳарларида 1 000 миллиметрли оралиқдаги релслардан трамвай ҳаракатланиши учун фойдаланилади.

Нега Россияда темирйўллар релслари бироз кенг қилинган деган савол туғилиши табиий. Бунинг иккита сабаби бор. Асосий сабабга кўра, Россия ҳукумати хусусан, император Николай Биринчи ташқи босқинчилардан ҳимояланиш учун атайлаб бошқача кенгликни танлаган.
Агар Европа томондан келадиган душманлар темирйўл орқали бостириб кирмоқчи бўлса, уларнинг поездлари Россия релсларида ҳаракатлана олмаслиги учун кенгроқ релс қилинган.
Иккинчи сабаби, релслар кенгроқ бўлганда вагонларнинг хавфсиз ҳаракатланиши ва юк кўтариш имконияти кўпроқ бўлади.
Шу учун Петербург—Москва темирйўли қурилаётганда америкалик маслаҳатчи Жорж Уистлер релс орасини сал кенгроқ, 5 фут ёки 1524 мм қилиб қуришни таклиф қилади. Шу тариқа Россиядаги темирйўллар релси оралиғи кенгроқ қилиб қурилади.
Поездлар турли ўлчамлардаги релсларда манзилга қандай етади?
Бугун Америка, Африка қитъаларида Ғарбий Европада (Испания ва Португалиядан ташқари) темирйўл релслари оралиғи бир хил ва поездлар ҳеч бир муаммосиз ҳаракатлана олади.
Аммо Европанинг шарқий қисми ва Осиёда вазият бошқача. Собиқ иттифоқ республикаларидаги релслар оралиғи Хитой ва Европаникидан фарқ қилгани учун шу йўналишда юрадиган поездлар ғилдиракларни алмаштиришга, кенгайтиришга ёки торайтиришга мажбур бўлади.
Масалан, Хитойдан Европага бораётган поезд Россия ёки Қозоғистон чегарасида ғилдиракларни алмаштиради. Полшага киргач, улар яна алмашади

Хитой поездлари ортга қайтаётганда манзилига етиб олиши учун Полшада ва Россия ёки Қозоғистонда яна ғилдиракларни ўзгартиради.
Поездларнинг бир ўлчамдаги темирйўлдан бошқасига, масалан, 1 520 ммлик йўлдан 1 435 ммлик релсга ўтиши асосан икки хил усулда: вагон аравачаларини алмаштириш ёки автоматик кенгаювчи ғилдираклардан фойдаланиш орқали амалга оширилади.
Шунингдек, айрим пайтларда поездлардаги юклар қайта юкланади. Бундан ташқари, айрим темирйўллар уч релсли қилиб қурилган ва уларда икки хил ўлчамдаги ғилдираклар бемалол ҳаракатлана олади.
Вагон аравачаларини алмаштириш (Bogie exchange). Бу энг кўп тарқалган ва анъанавий усул ҳисобланади. Поезд чегарадаги махсус пунктга келганда вагонлар гидравлик ускуналар (домкратлар) ёрдамида кўтарилади. Сўнг вагон остидаги ғилдираклар аравалари билан чиқарилади ва уларнинг ўрнига керакли ўлчамдаги ғилдиракка эга бошқа аравалар ўрнатилади.
Юкларни қайта юклаш. Агар бир йўлдан иккинчи йўлга вагонларни мослаштириш имкони бўлмаса, ундаги йўловчилар бошқа поездга ўтказилади. Юк поездларидаги товарлар бир поезддан иккинчисига қайта юкланади.
Уч релсли (Dual gauge) йўллар. Баъзи жойларда темирйўллар уч релсли қилиб қурилган. Уларда бир вақтнинг ўзида ҳам кенг, ҳам тор ғилдиракли поездлар бемалол ҳаракатланиши мумкин.
Автоматик тизимлар (Variable gauge). Бунда поезд тўхтамасдан, жуда секин, соатига ўртача 15 км тезликда ҳаракатланиб махсус жойдан ўтади. Шунда ғилдираклар ўқ бўйлаб сурилиб, автоматик равишда керакли кенгликка мослашади.

Испаниянинг Talgo (“Афросиёб”) ва CAF, шунингдек, Полшанинг SUW 2000 поездларига ўрнатилган ғилдираклар шу тартибда ишлайди. Яъни оддий поездларда икки ғилдирак бир ўқда маҳкамланган бўлади.
Talgoʼда эса ғилдираклар бир-биридан мустақил айланади. Бу тезликни оширишга ва бурилишлардаги шовқинни камайтиришга ёрдам беради.
Talgoʼнинг энг қизиқ томони — ғилдирак жуфтлиги вагон тагида эмас, балки икки вагоннинг бирлашган жойида жойлашган. Яъни битта ғилдирак блоки иккита вагонни ушлаб туради.
Испания технологияси бўйича яратилган бу тизим поезд ҳаракатланаётган вақтда 1520 ммли йўлдан 1435 ммли йўлга ўтишда релс кенглигига мослаша олади.
Хитойдан МДҲ давлатларига қараб йўлга чиққан поезд қандай етиб келади?
Хитойдан МДҲ давлатларига келаётган поездлар учун ҳам асосий тўсиқ — бу темирйўл изларидаги фарқ ҳисобланди. Юқорида айтилгандай, темирйўллар излари Хитойда 1435 мм, МДҲ давлатларида эса 1520 мм ўлчамга эга.
Хитойдан МДҲ давлатларига товар етказиб бераётган ёки аксинча, МДҲ давлатларидан Хитойга юк олиб бораётган поездлар қуйидагича йўл тутади:
1. Юкни бошқа вагонга қайта ортиш (Transshipment)
Бу энг кўп қўлланадиган усул бўлиб, асосан Хитой ва Қозоғистон чегарасидаги Достиқ—Алашанкоу ёки Олтинкўл—Хоргос бекатларида амалга оширилади.
Хитой вагонидаги контейнер ёки юклар махсус кранлар ёрдамида кенг изли темирйўлда ҳаракатланадиган вагонларга қайта юкланади.
Бу жараён юк тури ва ҳажмига қараб бир неча соатдан 1-2 кунгача вақт олиши мумкин.

2. Вагон аравачаларини алмаштириш (Bogie exchange)
Йўловчи поездлари, масалан, Пекин—Москва йўналишида ҳаракатланаётган йўловчи вагонлари ва баъзи юк вагонларининг ўзини сақлаб қолган ҳолда уларнинг ғилдиракли аравалари алмаштирилади.
Бунда вагонлар гидравлик домкратлар ёрдамида кўтарилади. Сўнг тор изда юрадиган ғилдиракли аравалар чиқарилиб, ўрнига кенг изда ҳаракатланадиган ғилдиракли аравалар суриб киритилади.
Вагонлар қайта туширилиб, араваларга маҳкамланади. Кейин ҳаракат давом эттирилади.
Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темирйўлида қандай йўл тутилади?
Ҳозирда қурилиши бошланган янги лойиҳа – Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темирйўлида кенг ва тор изли йўналишларига ўтиш масаласи ечими қуйидагича бўлиши кўзда тутилган:
Бунда ўтиш бекати сифатида Қирғизистоннинг Макмал бекати танланган. Шу ерда юкларни қайта юклаш ёки ғилдиракларни алмаштириш учун махсус терминал қурилиши кутилмоқда.
Келажак поездлари. Ҳозирда Хитойда соатига 400 км тезликда ҳаракатланувчи поездларни ғилдираклари автоматик тарзда (Variable gauge) кенгаяди. Шу жиҳатдан улар турли кенгликда бўлган темирйўлларда тўхтамасдан ҳаракатлана олади.
Келажакда ана шундай тарзда ҳаракатланувчи янги поездлар ҳозирги эски кўринишдаги поездларга босқичма босқич алмаштириб борилиши тахмин қилинмоқда.
Мултимодал ташувлар
Темирйўллар орқали юк ташишда мултимодал ташувлар ҳам бор. Ҳозирда вақтинча Ўзбекистон ҳам мултимодал ташувларни амалга оширмоқда.

Бунда баъзи юклар маълум бир нуқтага аввал темирйўл орқали етказилади. Сўнг улар темирйўл тармоғи бўлмаган ҳудудда юк автомобиллари ёрдамида яна темирйўл бор ҳудудга олиб борилади. Охирида юклар вагонларига юкланиб, манзилга етказилади.
Масалан, Хитойдан Ўзбекистонга мултимодал ташувлар орқали келтирилаётган юклар қуйидагича ҳаракатланади: юклар Хитойнинг Қашғар шаҳригача темирйўлда келтирилади, кейин юк машиналари ёрдамида Қирғизистон орқали Ўзбекистонга келтирилади. Сўнг Андижонда яна поездга ортилади.
Мавзуга оид
20:32
Хитой қандай қилиб коллектив Ғарбни ўзига қарам қилиб қўйди?
07:34
Инсонга ўхшаш юз ифодаси: Хитой робототехникаси янги босқичга чиқди
22:39 / 30.03.2026
Хитойда одамларни бўш уйларда дафн қилиш тақиқланади
10:33 / 30.03.2026