Ўзбекистон | 16:29 / 24.04.2026
2671
3 дақиқада ўқилади

“Бухоро бўйича алоҳида йиғиламиз” – Маданий мерос агентлиги Бухоро этнотуристик маркази ҳақидаги саволни жавобсиз қолдирди

Бухоро шаҳри марказидаги қатор бинолар, хусусан, вилоят ҳокимлиги офиси ҳам бундан 2 йил аввал “Боқий Бухоро” этнографик сайёҳлик маркази қурилиши сабаб бузилган эди. Бироқ ушбу лойиҳа номаълум сабаблар ортидан тўхтатилган. Хўш, аввалбошидан бу ишлар пухта режаланганмиди ўзи? Маданий мерос агентлиги билан очиқ мулоқотда Kun.uz Бухоро бўйича ҳозирги режа қандайлигини сўраркан, расмийлар саволни очиқ қолдирди ҳамда бу бўйича алоҳида матбуот анжумани ўтказилишини айтди.

“Боқий Бухоро” этнографик сайёҳлик маркази қурилиши режаси ортидан бундан 2 йил аввал шаҳарнинг марказидаги ва тарихий ёдгорликларга нисбатан яқин масофадаги бинолар бузилиши бошланди. Уларнинг ичида стратегик муҳим объект саналган вилоят ҳокимлиги офиси ҳам бор эди. Совет даврида қурилган бу бино бугунги Бухоронинг маънавий рамзига ҳам айланган, бухороликларнинг хотиралари жамланган жой эди.

Ҳаттоки унинг бузилишини бухороликлар ижтимоий тармоқларда жиддий эмоциялар билан қарши олди. Унга туташ ҳудудларда бошқа маъмурий бинолар ҳам бузилган.

Бу ишлар давом этаётган бир онда Марказий Осиёдаги маданий мерос объектларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар жараёндан хавотирини билдириб, қурилишни тўхтатишни таклиф қилди.

Ҳозир “Боқий Бухоро” этнографик сайёҳлик маркази учун танланган ҳудуд бузилганидан кейин бўшлигича қолмоқда, атрофлари ўраб олинган. Маҳаллий аҳолига кўра, ичкарида унга туташ бошқа биноларни ҳам бузиш-бузмаслик масалалари муҳокамада бўлиши мумкин.

24 апрел куни Маданий мерос агентлиги очиқ мулоқот ўтказаркан, Kun.uz айнан Бухоро бўйича расмийлардан аниқ изоҳ сўради. Лойиҳа тўхтаб қолди, бузилишидан аввал режа пухта қилинмаган эдими?

Бироқ агентлик раҳбари Баҳодир Абдикаримов бунга изоҳ бермай, Бухоро бўйича алоҳида матбуот анжумани ўтказилишини билдирди.

“Менинг ўзимам алоқадаман, бу бўйича ҳали алоҳида ўтказамиз”, деди Абдикаримов.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда Alerte Heritage архитектура ташкилоти “Боқий Бухоро” этнографик сайёҳлик марказини “беўхшов лойиҳа” деб баҳолаган.

 “Ўрта Осиёда энг яхши сақланиб қолган ўрта аср шаҳри ёнида “эски биноларга ўхшаш” реквизитлар қурилиши мумкин. Бундай сохта бинолар Лас-Вегас ёки Макаодаги каби кулгили кўриниши мумкин. Бухоронинг тарихий ўзагига визуал яқинликдаги сохта „Шарқ“ у ердаги фуқароларни бегоналаштириши ва сайёҳларни қўрқитиши мумкин”, дейилади ушбу ташкилот баёнотида.

Расмийлар 470 млн долларга баҳоланган Бухоро туризм маркази “инвестор маблағлари ҳисобидан” амалга оширилишини маълум қилганди.

Кейинчалик айрим манбалар қурилиш ишлари тўхтаб қолишини танланган “инвестор”даги молиявий муаммолар билан боғлаган.

Шоҳрух Мажидов
Муаллиф Шоҳрух Мажидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид