“Математикани ўрганиш орқали одам муаммоларга ўзгача қарашни бошлайди” – олимпиадачи ёш математиклар билан суҳбат
“Фанларнинг ичида ҳаётга керакли ва инсон миясига фойдалиси — математика. Чунки ёш боланинг ўйлаши ва муаммога ечим топиши учун математикадан яхшироқ қурол бўлмаса керак. Математика – фақат жавоб топиш эмас, балки жавобга энг осон йўл билан етиб бориш. Бу нарса ҳаётда жуда кўп жойларда керак бўлади”.
Мактаб ўқувчиси ҳаётини ўзгартириб юборадиган, уларга кенг имкониятлар эшигини очувчи нуфузли мусобақалардан бири – халқаро олимпиада. Физика, кимё, биология фанлари қаторида ҳар йили математикадан ҳам кўплаб мамлакат ўқувчилари ўртасида олимпиада ўтказилади. Ўзбекистон 1997 йилдан бери халқаро математика олимпиадасида қатнашиб келади. Шу вақтгача терма жамоа 10 та кумуш ва 30 та бронза медалини қўлга киритган, аммо олтинни олиш ҳали ҳеч кимга насиб қилмаган.
2023 йилги халқаро математика олимпиадаси 2-13 июл кунлари Япониянинг Чибо шаҳрида бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон терма жамоаси ҳам иштирок этади. Олимпиадага борадиган ёш математикларнинг тайёргарлик жараёнлари билан танишиш мақсадида Kun.uz мухбири Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги президент мактабининг 11-синф ўқувчиси Анварбек Раҳматов ҳамда Хоразм вилояти Урганч шаҳар 6-ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 11-синф ўқувчиси Беҳзод Мақсудов билан суҳбатлашди.
Анварбек Раҳматов: Онам ўқитувчи бўлган. Мактабда энг қизиққан фаним математика бўлган. Қолган фанлар орасида қийин фан эканлиги учун ҳам математика қизиқ бўлгандир балки. Кейин Қоракўлдаги мактабга ўқишга кирганман. 7-синф вақтларим, яъни 2019 йилда халқаро олимпиадага тайёрланиб, мусобақаларда қатнашишни бошлаганман. Ўшанда Жанубий Африкада IMC (International math competition)да олтин медал олиб келганмиз. Шу нарса олимпиадада қатнашиб, медал олишга ҳаракат қилишга туртки бўлган.
Халқаро математика олимпиадасига ҳар йили саралаш бўлади. 9-синфдан бери шу саралашда қатнашишни бошлаганман. 9-синфда ўта олмаганман. Кейин 10-синфда шу саралашдан ўтиб, ўтган йилги Норвегияда бўлган олимпиадада қатнашиб келганмиз. Бу мен учун яхши тажриба бўлган.
Биринчи марта олимпиадада қатнашиб медал ололмагач, ҳозиргача яхшироқ натижа кўрсатиш учун тайёргарлик кўряпмиз.
Беҳзод Мақсудов: Математикага қизиқишимга бобом сабабчи бўлган. Ўқиш-ёзишни билмасдим, боғча вақтида бобом кўпайтириш жадвалини ёдлатиб, ҳисоблашни ўргатган. Шунинг ҳисобига бошланғич синфда ҳам математика билан муаммом бўлмаган. Энг яхши биладиган фаним математика бўлгани учун 5-синфда шу фандан олимпиадага боришга қарор қилганман. У ердаги мендан юқорироқ билимга эга болаларни кўриб, улар билан баҳслашишга, ўз устимда ишлашга ҳаракат қилганман.
5-6-синфда шаҳар, вилоят олимпиадасидан у ёғини ўйлаб кўрмаганман. 7-синфда халқаро мусобақага саралашдан ўтиб, Жанубий Африкадаги мусобақага бориб келдик. Шундан сўнг халқаро олимпиадага қизиқишим янаям ортди, айниқса, у ердаги атмосфера, қилаётган натижангизга бўлган эътиборни кўриб.
Ҳозир тайёргарлик жараёни жуда яхши, чунки тайёрланишимиз учун Россиядан ўқитувчи олиб келишган. У билан жуда кўп яхши нарсаларни ўрганяпмиз. Мен билмаган саволларга жавоб бериб, эгаллаш қийин бўлган билимларни бера оляпти.
Анварбек Раҳматов: Катта олимпиадада каттароқ натижа кўрсатиш учун кўпроқ масала ечиш керак. Математикани ўрганиш орқали одам муаммоларга ҳам ўзгача қарашни бошлайди.
Олимпиадани олиб қарасак, ўзининг қўлидан нима келишини ҳис қилади. Мисол учун: “Ўзбекистондаги ёки дунёдаги қанчадир инсон қилолган ишни қила оламан”, деб ҳам ўзига бўлган ишончни орттириши мумкин. Келгусида бошқа ишлар билан шуғулланган тақдирда ҳам бажарган ишини максимал равишда яхши қилиб бериш кераклигини англайди.
Беҳзод Мақсудов: Менимча, фанларнинг ичида ҳаётга керакли ва инсон миясига фойдали фан — математика. Чунки ёш боланинг ўйлаши ва муаммога ечим топиши учун математикадан яхшироқ қурол бўлмаса керак. Математика – фақат жавоб топиш эмас, балки жавобга энг осон йўл билан етиб бориш. Бу нарса ҳаётда жуда кўп жойларда керак бўлади.
Халқаро математика олимпиадасида биринчи маротаба қатнашишим. Бу олимпиада энг нуфузлиси бўлгани учун ҳаяжон ва катта масъулият бор. Тўғриси, дарс тайёрлаётган вақтда ҳаяжон ёки босим унчалик сезилмайди. Лекин дарсдан чиқиб, уйга бориб, ўзингиз билан қолган вақтингиз қандайдир ҳаяжон, босим ҳис қилса бўлади. Буни энди йўқотиб бўлмаса керак.
Анварбек Раҳматов: Тўғриси, ҳозирда олимпиадага қатнашишдан унчалик ҳаяжонланмайман. Июнда жамоамиз билан Хитойда ҳам тайёргарлик кўрамиз. Олимпиадага боришдан 20 кунча олдин хитойлик мутахассислар билан тайёргарлик бўлади. Олдимизга шу олимпиадада ҳеч бўлмаса медал олиш керак деган мақсадни қўйдик. Ўтган йили эплолмадик, энди шу йил янаям қаттиқроқ курашишга киришдик. Қатнашиш мақсад эмас, қўлдан келганча яхшироқ натижа кўрсатиш керак.
Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилиш мумкин.
Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди,
Тасвирчи Асрор Алмуродов.
Мавзуга оид
11:07 / 18.09.2023
«Орзум олимпиадада медал олиш эди» — Ўзбекистон учун тарихий натижа қайд этган информатика олимпиадачилари билан интервю
11:26 / 09.08.2021
Президент олимпиада ғолиб ва совриндорлари билан учрашув ўтказиши режалаштирилмоқда – Шерзод Асадов
18:08 / 01.11.2020
Genesis Education'нинг беш нафар ўқувчиси Анталиядаги олимпиада совриндори бўлди
12:24 / 04.03.2020