Халқаро информатика олимпиадасида Ўзбекистон илк медалларини қўлга киритди. 11-синф ўқувчилари 2 та бронзага эга чиқди. Улардан бири «Халқаро информатика олимпиадасида дастурлаш ва компютердан фойдаланишда яхши кўникмага эга бўлиш етарли. Шунда ҳам баланд натижа қайд этиб, бронза, ҳатто кумушни олиш мумкин», дейди. Kun.uz олимпиадада катта натижа кўрсатган ўқувчиларнинг муваффақияти калити, ўй-хаёллари, бу йўлдаги машаққатлари ва келажакдаги режалари ҳақида суҳбат ташкил қилди. 

.

Халқаро информатика олимпиадаси 1989 йилдан бери ўтказиб келинади. Ўзбекистон терма жамоаси бу мусобақада жуда кўп маротаба иштирок этган, аммо шу вақтгача бирорта медал қўлга киритмаганди. 2023 йилги олимпиадада кўрсаткич янгиланди. Андижон шаҳридаги президент мактаби ҳамда Тошкентдаги ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари Дилшодбек Хўжаев ва Дилёрбек Валижонов 2 та бронза медалини қўлга киритди. 

Бу йилги олимпиада иккала ўқувчи учун ҳам сўнггиси эди. Боиси улар мактабни тамомлаб, ОТМга қабул қилиниши кутилаётганди. Иккала ўқувчи ўзи учун мактаб ёшидаги сўнгги олимпиадани медал билан якунлашнинг уддасидан чиқиб, ўзбек информатикаси тарихида янги саҳифа ошишга муваффақ бўлди.

Kun.uz ёш информатиклар билан яқиндан танишиш, уларнинг мусобақага тайёргарлик жараёнлари ҳамда таассуротлари ҳақида билиш учун интервю ташкил этди.

Олимпиадага кириб келиш ва унга тайёргарлик 

Дилшодбек Хўжаев: 5-6 синф пайтларим математика олимпиадаларига қатнашиб юрардим. У пайтларда акам ҳам информатика бўйича халқаро олимпиадаларда қатнашарди. Акамнинг ўзи ўрганишни кеч бошлаган, бошқа давлат иштирокчилари анча ёшроқ бўлади. Олимпиадага қанча эрта қатнашса, шунча кўпроқ ва яхшироқ натижа кўрсатиш мумкин.

Шундан сўнг мени ҳам информатикага йўналтира бошлашган, 6-синф пайтимда информатикани ўргана бошлаган бўлсам, 7-8-синф пайтларимдан эса халқаро олимпиадаларга тайёрланишни бошлаганман. У вақтда информатика бўйича Ўзбекистонда медал йўқ эди, шунинг учун биринчисини ўзим оламан деб ният қилганман. 

8-синфдан бошлаб олимпиадаларга қатнашаман. Бу йил тўртинчи бор қатнашишим бўлди. Олдинги 3 марта қатнашганимда натижа бўлмагач, тушкунликка тушиб ташлаб кетмоқчи ҳам бўлганман. Керакмасдир, балки бундан кетарман деган хаёл ҳам ўтганди. «Шундоқ ҳам бу бўйича ҳали кўрсаткич қайд этилмаган, балки, бошқалар сингари менам ташлаб кетарман, шу медални бошқалр олар», – деганман. Баъзида ҳафталаб олимпиада ҳақида ўйлаб юрардим. Бу йил медал олсам, олмасам ҳам хафа бўлмайман деб охирги маротаба иштирок этгандим.