Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қурувчи қамоқда, уй тақиқда. 147 оила тўрт йилдан бери сарсон
Мирзо Улуғбек туманида “System Metall Stroy”нинг “Prestige” лойиҳаси муаммолар ботқоғига ботиб қолган. Қурувчи ташкилот банкротлик ёқасида, унинг эгалари эса қамоқда, қурилиши чала қолган уйнинг ўзи кредит учун гаровда – муаммолар шу қадар кўп ва чалкашиб кетганки, жабрланувчилар қаердан нажот излашни ҳам билмай сарсон.
Бундан 7-8 йил аввал “снос” масалалари авж олиб, одамлар бузилган уйлари учун пул ололмай сарсон қилинган бўлса, бугун янги уйларга пул тўлаб қўйиб, на уйни ва на пулини қайтариб ололмай юрган одамларнинг оҳ-воҳлари тармоқларни тутмоқда.
Ана шундай муаммолардан яна бири Мирзо Улуғбек туманида бўй кўрсатмоқда. “System Metall Stroy” МЧЖнинг “Prestige” лойиҳасига тўлов қилган фуқароларнинг сабр косаси тўлган, чунки қурилиш чала қолган, қурувчилар эса қамоқда.
Шу уйга тўлов қилган фуқаро Гўзал Эрназарова қурилиш битмаган df қурувчиларга нисбатан жиноий иш очилган бир паллада, уй гаровга қўйилиб катта миқдорда кредит олинганини айтди:
“2021 йилда Мирзо Улуғбек туманидаги Қува-9 кўчасидаги кўп қаватли уй учун охирги пулимизни тўлаганмиз. Биз оддий халқмиз. Лекин мана яқинда 2026 йил келади, ҳали-ҳануз уйимиз йўқ.
Ҳозирги кунда бизнинг ишимиз судда ҳам, Бош прокуратурада ҳам, Ички ишлар вазирлигида ҳам йўқ. Қайта-қайта саволлар билан чиқяпмиз ишимизни сўраб. (2025 йил) 18 август куни айблов хулосаси эълон қилинган, тергов тугатилган, вазирликка бориб имзолаганмиз. Лекин ўшандан бери ҳалигача иш судга чиққани йўқ. Қурувчилар 2024 йил 15 августда Infinbank Учтепа филиалидан 2,5 млрд сўм кредит олишган. У кредитларни бизнинг уйимизни битириш учун ишлатишмаган. Тақиқда турган уйни гаров сифатида олган ҳолда чиқарилган кредит ва буни берган мутасаддиларнинг ҳаракатларида ҳеч қандай жиноят аломатлари йўқ эмиш. 91 млрдлик уйни 2,5 млрд эвазига гаровга қўйиб, ҳеч кимнинг розилигисиз кредит олишган”.
Мурожаатчиларга кўра, улар тергов жараёнларида ҳам бу кредит сабаб қўйилган тақиқ ҳақида бирор марта огоҳлантирилмаган.
Айни вазиятда санация қўлланган. Санация – бу компаниянинг фаолиятини тиклаб, ишни охирига етказишга қаратилган ҳуқуқий жараён. У орқали суд томонидан тайинланган муваққат бошқарувчи қурилиш жараёнини назорат қилади. Яъни мижозлар манфаати учун лойиҳанинг якунланишига имкон берилган. Улар ўз ҳисобларидан қурилишни битказиш ниятида. Лекин бунга уйга қўйилган тақиқ тўсқинлик қиляпти.
“Уйимиз 70-80 фоиз битган. Шуни битириш учун оз вақт ва оз маблағ қолган, битириш учун маблағимиз ҳам бор. Оилалар қўшиб-чатиб пул тўлайман деб турибмиз ҳаммамиз. Бунга қаршилик бўлаётганига ҳайронмиз. Мана шунча оила кўчада”, – дейди жабрланувчилардан бири Зулфия Муталова.
“Уйимизга ИИВ томонидан тақиқ қўйилган. Биз жиноятчи эмасмиз, ўғрилик қилмадик. Ўз уйимизни талаб қиляпмиз холос. Бу уйда 147 та хонадон, 147 нафар инсон дегани эмас – 147 та оила, бу 1000 дан ортиқ инсон дегани. Тақиқни банкирлар қўйишган, уйни аукционга қўйишни хоҳлашяпти: сотилади, улар ўзларининг қанчадир фоизларини олишади. Биз эса уйсиз қоламиз. 4 йилдан бери шу сарсонгарчиликка чидаб келяпмиз”, – дейди Таися Фатиянова.
“Маймун бизнеси”
Жабрланувчилар орасида айрим имконияти йўқ оилалар ҳали дераза-ромсиз, сувсиз, бирламчи эҳтиёжлар учун ҳам шароит йўқ жойда яшашга мажбур бўлишяпти. Чунки яшаб турган уйларини сотиб, пулини янги уй учун тўлашган. Санация жараёнида қишнинг совуқ кунлари бошланмасдан туриб уйларни битириб киришлари учун қилинган мурожаатлари жавобсиз қолмоқда.
“Ўзим 5-6 млн ойлик оламан, 2-3 млн ижарага кетиб қоляпти. Зўрға етказяпман, ҳозир кўчиб келмаётганимнинг сабаби – қиш. Кичкина қизим бор, шамоллаб қолмаслиги учун кўчиб келмаяпман. Агар қишдан кейин ҳам шунақа бўлса, оилам билан шу аҳволдаги уйга кўчиб келишга мажбур бўламан. Шу видеога ҳам қийналиб кетганимдан, мажбурлигимдан чиқдим. Муҳтарам президентдан ёки Абдулла Ариповдан ёрдам сўраб қоламиз”, дейди Умиджон Муллажонов.
Шунингдек, бу ерда бир хонадонни бир нечта мижозга сотиш ҳолатлари ҳам бўлгани айтиляпти.
Компания устидан тергов
Kun.uz'нинг аниқлик киритишича, “System Metall Stroy” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган. Таҳририятда мавжуд айблов хулосасида айтилишича, компания мансабдорлари 2021–2024 йилларда фирибгарлик йўли билан 134 нафар мижоз билан тузилган 161 та шартнома орқали жами 91,29 млрд сўм ўзгалар маблағларини қўлга киритган.
Бир йилдан ортиқ давом этаётган тергов, уйларга қўйилган тақиқ, адолатли экани шубҳа остидаги гаров масаласи ва икки карра сотилган хонадонлар – барчаси мижозларнинг ҳақли эътирозини келтириб чиқарган.
“Дом” қурилиши учун ҳужжатлар бўлмаганми?
Kun.uz мазкур турар жой мажмуаси қурилишига оид ҳужжатлар билан қизиқиб, Қурилиш инспекцияси билан боғланди.
Инспекция тақдим этган маълумотга кўра ушбу қурилиш объекти бўйича тегишли ҳужжатлар мавжуд бўлган. Хусусан, “SILVERSTONE PROJECT” МЧЖ буюртмачи сифатида 2022 йил 17 февралда 46879755-сонли ариза билан 7 қаватли, 7 блокдан иборат турар жой биноси қурилишини рўйхатдан ўтказган.
Тубсиз чуқурлик
Қурувчи ташкилот банкротлик ёқасида, унинг эгалари эса қамоқда, қурилиши чала қолган уйнинг ўзи кредит учун гаровда – муаммолар шу қадар кўп ва чалкашиб кетганки, жабрланувчилар айни дам қаердан нажот излашни ҳам билмай сарсон.
Уларнинг ягона талаби, умид билан кўз тикканлари – уй-жойларига тезроқ эришиш.
Гулмира Тошниёзова,
Kun.uz
Мавзуга оид
08:41
Тошкентда 115-сонли автобус йўналиши янгиланди
09:34 / 04.12.2025
Тошкентда йўлларни ифлослаган юк машиналари бўйича рейдлар кучайтирилди
18:21 / 03.12.2025
Тошкентда тирбандликни камайтириш мақсадида йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази очилади
11:34 / 03.12.2025