Тошкентнинг Сергели тумани Қумариқ маҳалласи ва унинг атрофида яшовчилар йиллар давомида ёқимсиз ҳиддан шикоят қилишади. Чунки айнан шу ерда Тошкентнинг оқова сувлари йиғиладиган иншоот жойлашган.

Расмий изоҳларда бу ҳидга асосий сабаб сифатида саноат корхоналаридан келаётган оқава сувлар, тери цехлари, бўёқ ишлаб чиқариш корхоналари ва қушхоналарининг оқава чиқиндилари кўрсатилади.

Баҳорнинг илк кунларидан бу бадбўйлик ҳар доимгиданда кучлироқ тарқалаётгани муаммо географияси ҳам кенгайганига ишора қилмоқда.

Kun.uz муаммонинг сабаблари ва унинг ечимлари билан қизиқиб кўрди.

Мутасаддиларга кўра, айрим корхоналар томонидан канализация тизимига оқизиладиган кучли кимёвий моддалар “Салар” оқова сув тозалаш иншоотидаги биологик тозалаш жараёнига салбий таъсир қилади. Яъни бактериялар органик моддаларни парчалаши керак бўлган тизимга заҳарли аралашмалар тушади ва бу микроорганизмларнинг нобуд бўлишига олиб келади.

2026 йил март ойида Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси “Салар” оқова сув тозалаш иншооти фаолиятини жойида ўрганди. Расмий маълумотда иншоотда оқова сувлар механик, биологик ва дезинфексия босқичларидан ўтиши, оқавани натрий гипохлорити билан зарарсизлантириш учун 62 та ускуна ишлаётгани қайд этилган. Шунингдек, тозалаш жараёнида ҳосил бўлган қуйқалар иншоот ҳудудидаги 35 та майдонда қайта ишланиши айтилган.

Аммо айнан шу 35 та майдон қандай ишлаши, у ерда очиқ ҳавода қуритилаётган канализация қуйқалари ҳид тарқалишига қанчалик таъсир қилиши ҳақида батафсил изоҳ берилмаган.

Аслида ушбу 35 та майдонда қуритилаётган аҳлат атрофга шамол тасирида нохуш ҳид тарқалишига олиб келмаяптими?

Kun.uz шу саволга жавоб излаб, шу пайтгача кенг жамоатчиликка кўп ҳам кўрсатилмаган ҳудудда бўлди. Бу майдонларда қуритилаётган канализация қуйқалари шу қадар бадбой ҳид тарқатганидан, аранг тасвирга ололдик.