Сербияда темирйўл вокзалида том қулаши оқибатида 14 киши ҳалок бўлди
Нови Сад шаҳридаги темирйўл вокзали биносидаги том қулаши оқибатида одамлар ҳалок бўлди. 30 га яқин киши жароҳатланган.
Сербияда Нови Сад шаҳридаги темирйўл вокзалида бетон том ёпгичнинг қулаши натижасида, сўнгги маълумотларга кўра, 14 киши ҳалок бўлди, яна 30 киши яраланди, деб хабар берди Сербия Ички ишлар вазирлиги 1 ноябр, жума куни.
Аввалроқ Сербия ички ишлар вазири Ивица Дачич вайроналар остидан саккиз кишининг жасади топилганини маълум қилганди. Унинг айтишича, қутқарувчилар ҳали ҳам вайроналар остида қолаётган бир аёл ва 14 ёшли қиз билан алоқада.
Ҳодиса сабабларига ойдинлик киритилмоқда. Станция ёпиқ. Сербия бош вазири Милош Вучич бу воқеа «Нови Саднинг урушдан кейинги тарихидаги энг оғир кунлардан бири» эканини айтди. У қулаш сабаблари ўрганилиб, айбдорлар жазоланишига ваъда берди. Терговга Сербия Бош прокуратураси раҳбарлик қилмоқда.
Уч кунлик мотам
Нови Сад расмийлари уч кунлик мотам эълон қилди. 2 ноябр куни ҳам бир кунлик миллий мотам эълон қилинган. Қулаш 1 ноябр куни тушдан кейин содир бўлган. Том остида скамейкалар бўлган ва қулаш вақтида кўплаб одамлар ўтирган, дея хабар беради маҳаллий ОАВ.
Сербия пойтахти Белграддан 70 километр узоқликдаги йирик шаҳар Нови Саддаги темирйўл вокзали 1964 йилда қурилган. Яқинда у катта таъмирдан ўтказилди ва 2024 йил июл ойида қайта очилди. Сербия темир йўллари инфратузилмаси департаментининг аниқлик киритишича, қулаб тушган бетон соябон реконструкция қилинмаган.
Мавзуга оид
09:10 / 26.10.2024
Еврокомиссия раҳбари Сербия бош вазири билан учрашувни бекор қилди
09:10 / 18.10.2024
Сербия урушга қарши позицияга эга россияликка ЯУРни узайтирмади
23:20 / 13.10.2024
Сербия бош вазири ўринбосари БРИКС мамлакат учун ЕИнинг муқобилига айланишини айтди
12:50 / 09.10.2024