Жамият | 18:06 / 07.05.2023
42784
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда байроқ рангларидаги лентани тақиб юрган йигитга очилган иш бекор қилинди

Байроқ рангларидаги лентани тақиб юрган йигитга қарши очилган иш Бош прокуратура томонидан ноқонуний деб топилган.

Фото: Видеодан кадр

Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида Ўзбекистон байроғи рангларидаги тасма таққан йигитга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича иш қўзғатиш қарори ноқонуний деб топилган ва бу қарор бекор қилинган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

«5 май куни Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи рангидаги тасмани тақиб юрган йигитга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида қарор қабул қилинган. 

Бош прокуратура аралашуви билан йигитга нисбатан қўлланган ушбу ноқонуний қарор бекор қилиниши таъминланди», дейилади хабарда.

Бундан аввалроқ, ижтимоий тармоқларда Қамаши туманидаги бозорда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Ўзбекистон байроғи рангларидаги ва «Битирувчи» ёзуви бўлган тасма таққан йигитни қўлга олгани акс этган видео тарқалганди. Қашқадарё вилояти ИИБ матбуот хизматининг Kun.uz нашрига хабар қилишича, воқеа 5 май куни Қамаши шаҳридаги «Чим» бозорида содир бўлган.

Вилоят ИИБ ахборот хизмати у деҳқон бозорида тўхтатилиб, «Давлат рамзлари тўғрисида»ги қонун талабларига кўра байроқни бундай олиб юриш мумкин эмаслиги айтилганда, «ИИБ ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, қаршилик кўрсатгани» ҳақида маълумот берганди.

Натижада Қамаши туманида яшовчи Р.И. билан белгиланган тартибда профилактик суҳбат ўтказилган ва унга нисбатан тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун жиноят ишлари бўйича Қамаши туман судига юборилган.

Мазкур ҳодиса кенг муҳокамаларга сабаб бўлди ва ижтимоий тармоқларда ИИБ ходимларининг хатти-ҳаракати қораланди.

Мавзуга оид