Ўзбекистон | 19:59 / 28.11.2023
29635
13 дақиқада ўқилади

Ички ишлар органлари ходимлари тасвирларини «обрўсизлантириш мақсадида» тарқатганлар 15 суткага қамалиши мумкин

Қонунчилик палатаси йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонунни қабул қилди. Ҳужжатда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг тасвирларини «обрўсизлантириш мақсадида» интернетда эълон қилиш учун жазолаш тўғрисидаги банд ҳам бор. Муҳокамалар вақтида фақат бир депутат бунга қатъий қаршилик кўрсатди.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини «обрўсизлантириш мақсадида» иш фаолиятига оид фото ва видеоларни интернетда эълон қилганлик учун жавобгарлик жорий этиш таклиф қилинди. 28 ноябр куни бўлиб ўтган йиғилишда тегишли қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида концептуал жиҳатдан иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилинди.

Ички ишлар вазирлиги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги 195−2-моддани киритишни таклиф қилган, унга кўра ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат вазифаларини бажариши вақтида олинган сурат ва видеоларни уларни обрўсизлантириш ёки ҳақорат қилиш мақсадида интернетда жойлаштириш базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида жарима солишга ёки 15 суткагача қамоққа олишга сабаб бўлиши кўрсатилган.

Депутат Дониёр Ғаниев биринчи ўқиш жараёнида бу ҳуқуқ-тартибот идораларидаги айрим ходимлар мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузишини рағбатлантириши мумкинлигига эътибор қаратган.

Дониёр Ғаниев

«Эртага улар мана шу нормани суиистеъмол қилиб, фуқароларнинг ҳуқуқларини бузиш учун бошқа мақсадларда фойдаланишлари ва уларга қўпол муносабатда бўлишлари мумкин. Бу ходимларнинг руҳий ҳолатини яхшилашга олиб келиши мумкин деб ўйлашингиз мумкин. Йўқ, бу акс натижа беради. Биз ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, хусусан, ички ишлар ходимлари фуқароларнинг ҳақиқий таянчи, дўсти ва ҳимоячиси бўлган институтга айланишини истаймиз», – деди у.

Унинг фикрича, агар шундай меъёр қабул қилинса, «фуқароларнинг ички ишлар органлари ходимларига нисбатан бўлган ҳурматини қўрқув, ишончини шубҳа, севгиси ўрнини нафрат эгаллашига хизмат қилади».

Дониёр Ғаниев қонун лойиҳасини иккинчи ва учинчи ўқишда муҳокама қилиш чоғида ҳамкасбларидан ушбу модда юзасидан ҳам фикр билдиришни сўради.

Депутатлардан яна бири Умиджон Жабборов ҳам таклифга эътирозларини билдирди.

Умиджон Жабборов

«Қонуннинг концептуал муҳокамасида ҳам бу моддага мутлақо қарши эдим. Кеча ҳам муҳокамалар ўтди. Бугун ҳам модда устида яна ўйлаб кўрдим. Лекин битта савол бор, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар дейилганда беш-олтита струкрута борлигини биламиз.

Қонуннинг номига эътибор берадиган бўлсак, йўл ҳаракати тизимини такомиллаштириш ҳақида гап кетяпти. Мантиқан, модданинг йўналиши буни қамраб олмаяпти. Модданинг ичида йўл ҳаракати деган иборанинг ўзи йўқ. 

Майли, биз ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ичида йўл ҳаракатини тартибга солувчи қисм борлигини инобатга оламиз. Аммо савол туғиладики, талқинда бошқача тушунча бор: «хизмат вазифасини бажариш чоғида олинган фото ва видеотасвирларни уларни обрўсизлантириш ёки ҳақорат қилиш мақсадида».

Бу мақсадни қандай белгилаш мумкин? Тасвирга олаётган шахс судда ҳам «мен яхши мақсадда олаётган эдим», дейиши мумкин.

Иккинчидан, умуман олганда, президентимизнинг фармони бор, жамоат хавфсизлиги концепцияси тасдиқланган. Унда ҳам худди шу масала қўйилган, лекин унда «ҳақоратлаш» деган масала йўқ, «обрўсизлантириш» турибди. Шундан келиб чиқиб,  «ҳақорат қилиш» қисмини чиқариб ташлашни таклиф қиламан», – деган депутат.

Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов бу энг кўп мунозараларга сабаб бўлган модда эканини таъкидлаган.

«Шу модда кеча фракцияларда кўтарилган. Кечаси билан ишладик. Эрталаб ҳам. Жуда жиддий қаралди. Қўмитанинг таклифини кўрайлик, кейин яна бир муҳокама қиламиз», – деган у.

Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Жаҳонгир Ширинов ташаббускор сифатида фикрларини билдирди.

Жаҳонгир Ширинов

«Депутат Жабборовнинг таклифида жон бор. Ҳақиқатан ҳам ушбу модда бўйича жуда кўп эътирозлар бўлди фракцияларда. Қўмитамизга келиб ҳам эътирозлар билдиришди. Ҳақиқатан, айрим депутатларимиз айтганидек, очиқлик сиёсатига тўғри келмайдиган бундай таҳрирдаги нормани киритишимиз тўғри келмасди.

Авваламбор, лойиҳада «обрўсизлантириш мақсади» ҳақида дейиляпти, лекин бу билан нима назарда тутилганига ойдинлик киритилмаган. Иккинчидан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими тасвирини шунчаки интернетга жойлаштириш тақиқланмаган қонунларда. 

Шунинг учун ҳуқуқбузарлик ҳаракатини аниқ кўрсатиш керак. Бунинг учун эса «обрўсизлантириш» деган сўзнинг тагида айнан қандай ҳаракат ётганини аниқлаштиришимиз керак.

Масалан, ЖК 192−моддасига эътибор қаратсак, «Рақобатчини обрўсизлантириш» деганда «ёлғон, ноаниқ ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар» кўрсатилган.

Бундан ташқари, лойиҳада «ҳақорат қилиш» ҳам назарда тутиляпти. Ваҳолангки, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддасида ҳақорат қилганлик учун жавобгарлик назарда тутилган. 

Шунинг учун, 195−2-моддан ҳақорат ҳақидаги қисмини чиқариб ташлаган ҳолда янги таҳрирда баён этсак: «Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг улар ўз хизмат бурчларини, яъни жамоат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ хизмат вазифаларини бажариш чоғида олинган фото ва видеотасвирларни, уларни обрўсизлантириш мақсадида, яъни ёлғон, ноаниқ ёки бузиб кўрсатилган маълумотларни интернет ахборот тармоғига жойлаштириш».

Мана шу ҳаракатлар бўлса обрўсизлантириш бўлади», – деган у.

Шундан сўнг спикер ушбу моддани киритиш зарурати ҳақида тўхталган.

Нуриддин Исмоилов

«Ҳар қандай одам тасвирга олиши мумкин. Ҳайдовчи бўладими, бошқа учинчи шахсми. Яъни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходими билан оддий фуқаро ўртасидаги муносабатларда. Олаверсин. Керак бўлса ўзида сақлаб қўйсин.

Машиналарда видеорегистраторлар бор. Олаверсин, унда қолсин. Керак бўлса, судда ёки бошқа жойда ўз ҳақлигини исботлаш учун фойдалансин, керак бўладиган бўлса қаерга қўйса, қўяверсин.

Лекин бундан ғараз мақсадда деймизми, идорани обрўсизлантирадиган ҳолатда, ёки ёлғон, ноаниқ ёки бузиб кўрсатилган маълумотларни қўймасин. Ҳозир фотошоп кучайиб кетган, рангини ўзгартириб қўяди, формасини ўзгартириб қўйиши мумкин, кийимини ўзгартириб қўйиши, соқол қўйиб қўйиши мумкин, гаплар қўшиб қўйиши мумкин, гапирмаган гапларини... сунъий интеллектга ўхшаган нарсалар чиқяпти, овозини ўхшатиши мумкин. Шу тўғрисида гап кетяпти.

Тўғрисини айтганда, буни яна алоҳида тадқиқ қилиш керак. Лекин буларнинг айтаётгани ҳам тўғри, агар обрўсизлантириш учун бундан фойдаланадиган бўлса, албатта жавобгарлик бўлиши керак», – деган у.

Депутат Дониёр Ғаниев яна бир бор ушбу моддага қатъиян қаршилигини билдирди ва бу алоҳида касб эгалари учун имтиёз ҳисобланишини таъкидлади.

«Ҳозир «ҳақорат қилиш» бошқа моддада борлиги учун чиқарилиб, таҳрир қилиниши айтилди. Аммо барибир савол қоляпти, «ёлғон ахборот орқали обрўсизлантириш» учун ҳам алоҳида модда бор-да, 202−2-моддамиз бор. Ундаям шахснинг қадр-қимматини ёлғон ахборот тарқатиш орқали обрўсизлантиришга жавобгарлик бор.

Ҳозир биз битта моддани битта маълум касб эгаларига очадиган бўлсак, бу прецедент яратади. Эртага биз ҳар битта касб эгасига очиб чиқамизми? Шифокорни обрўсизлантиргани учун, педагогни обрўсизлантиргани учун...

Бу ерда умумий модда турибди-ку, ёлғон ахборот орқали обрўсизлантиряптими, жавобгарлик бор. У ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими бўладими, доктор бўладими, давлат хизматчиси бўладими, умуман давлат хизматига алоқаси йўқ одам бўладими, ўзи мавжуд норма билан бемалол жавобгарликка тортса бўлади. Бу бир.

Иккинчиси, берилаётган санкция ҳам жуда оғир бўляпти. Кўчадаги исталган шахсни, хоҳ давлат хизматчиси бўлсин, хоҳ давлат хизматчиси бўлмасин, уни ОАВ орқали обрўсизлантирсангиз, 50 баравар жарима тўлайсиз, агар у ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходими бўлса, 15 суткага қамалишингиз ҳам мумкин.

Қизиқ томони, ҳаттоки туҳмат қилсангиз ҳам Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жавобгарликка тортилсангиз ҳам, қамоқ эмас, фақат жарима. Лекин ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимини обрўсизлантириш мақсадидаги видео тарқаб кетса 15 сутка, туҳмат қилгандан ҳам кўра оғирроқ жазо бўлиб қоляпти», – деган депутат.

Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги бошқармаси раҳбарияти

Муҳокамалар якунида Нуриддин Исмоилов тасвирга олишга тақиқ йўқлиги, аммо бузиб кўрсатиш орқали тарқатиладиган бўлса, жавобгарлик бўлиши кераклигини таъкидлаб, бундан яхшироқ ечим бўлмаслигини билдирди.

Якунда қонун учинчи ўқишда ҳам қабул қилиниб, сенатга юборилган.

Илк реакциялар

Муҳокамалардан сўнг ижтимоий тармоқ фаоллари ҳам кескин эътирозларини билдира бошлади. Хусусан, davletovuz телеграм-канали муаллифи буни «очиқликка тарсаки» деб баҳолаган.

«Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати муҳим қонуннинг ичида — ўзлари учун керакли нормани ҳам тиқиб кетишган. Ички ишлар ходимларини обрўсизлантириш мақсадида фуқаролар томонидан фото ёки видеотасвирга олиб интернет орқали тарқатилиши маъмурий, ҳатто 15 суткагача қамоқ билан жазоланишга сабаб бўлиши ҳақидаги норма киритилган.

Депутатлар ҳақорат қисмини чиқариб ташлашди, лекин обрўсизлантиришни қолдиришди. Очиқликка, мамлакатдаги трендга қарши қаратилган норма.

Лекин кўриниб турибдики, Ички ишлар органлари ўзларини ҳимоялаб олишмоқда. Ҳимоялаганда ҳам қаттироқ жазо сўрашмоқда. Бу норма чиқарилиши керак. Шундоқ ҳам нотўғри ахборот тарқатганни, дарҳол топиб, узр сўраттириб, жазолашмоқда», – дейди у.

Bakiroo телеграм-канали муаллифи эса буни «Ўзбекистонни полиция давлатига айлантириш йўлида катта қадам» деб ҳисоблайди.

«Обрўсизлантириш ва ҳақорат учун қонунчиликда жазо бор. Нормал ҳуқуқий давлатда бу қоидалар барча учун амал қилади.

Агар полиция ё ички ишлар ходимлари учун учун алоҳида қоидаларни белгилаш бошланса, куч, маъмурий ресурслар ва маблағлар нотенг тақсимлангани, айниқса мустақил суднинг йўқлиги шароитида фуқароларни репрессив аппаратга «гаровга топшириб» қўйган бўламиз.

Полиция давлатига айланган давлатда полиция репрессиялардан ҳоли бўлади, деб ўйлаётган бўлсангизлар, қаттиқ адашасизлар», – деган у.

Ҳуқуқшунос блогер Хушнудбек Худойбердиев ҳам ўз телеграм-каналида эътирозларини билдирди ва буни «оғрига қулоқни даволаш эмас, кесишни исташ»га ўхшатди.

«Бу шу деганики, эртага бирорта нопок, ўз ишига нолойиқ ва қонунбузар ички ишлар ходимининг видеоси ёки суратини интернетга жойласангиз, сизга жамоатчилик назоратидаги фаоллигингиз, тизимни тозалашдаги ёрдамингиз учун раҳмат айтишмайди, балки аксинча 15 суткагача тиқиб қўйишади.

Аслида бунақа алоҳида моддага эҳтиёж борми?

Йўқ! Ушбу қонун нормасига ҳеч қандай эҳтиёж йўқ ва бу эртага фақат зарар келтиради.

Ҳозирги қонунларимизда ички ишлар ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан қаршилик қилганларга жазо борми? Бор!

Ички ишлар ходимини ҳақорат қилгани учун (хоҳ ҳаётда, хоҳ интернетда) жазо борми? Бор!

Ички ишлар ходимига туҳмат қилиб, уни обрўсизлантиргани учун жазо борми? Бор!

Бўлди-да, унда яна нима керак сизларга?

Ўзи амалиётда энг кўп сохта айблов қўйиладиган моддалардан бири — ички ишлар органлари ходимига қаршилик қилиш, деган модда эди, кимнидир 15 суткага қамаш керак бўлса, одатда мана шу «дежурний» айбловдан фойдаланишарди. Энди яна битта «дежурний» модда қўшиляпти, ички ишлар ходимини обрўсизлантирмоқчи бўлди, деб қамашлар кўпаяди. Чунки нима обрўсизлантириш-у, нима обрўсизлантириш эмаслиги ҳақида аниқ чегара йўқ», – дейилади постда.

 

«Бу жуда ёмон фикр. Биринчидан, у ҳокимиятни танқид қилгани учун чексиз муддатга манипуляция қилиниши ва қамоққа олиниши мумкин. Аммо биз юзлаб ҳолатларни эслашимиз мумкинки, ходимлар ҳақиқатда қонунни бузган ва фотосуратлар ва видеоларни нашр этиш ҳуқуқларни ҳимоя қилишнинг ягона имконияти эди», — деб ёзди журналист Никита Макаренко.

Мавзуга оид