Ўзбекистонда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини «обрўсизлантириш мақсадида» иш фаолиятига оид фото ва видеоларни интернетда эълон қилганлик учун жавобгарлик жорий этиш таклиф қилинди. 28 ноябр куни бўлиб ўтган йиғилишда тегишли қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида концептуал жиҳатдан иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилинди.

Ички ишлар вазирлиги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги 195−2-моддани киритишни таклиф қилган, унга кўра ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат вазифаларини бажариши вақтида олинган сурат ва видеоларни уларни обрўсизлантириш ёки ҳақорат қилиш мақсадида интернетда жойлаштириш базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида жарима солишга ёки 15 суткагача қамоққа олишга сабаб бўлиши кўрсатилган.

Депутат Дониёр Ғаниев биринчи ўқиш жараёнида бу ҳуқуқ-тартибот идораларидаги айрим ходимлар мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузишини рағбатлантириши мумкинлигига эътибор қаратган.

Дониёр Ғаниев

«Эртага улар мана шу нормани суиистеъмол қилиб, фуқароларнинг ҳуқуқларини бузиш учун бошқа мақсадларда фойдаланишлари ва уларга қўпол муносабатда бўлишлари мумкин. Бу ходимларнинг руҳий ҳолатини яхшилашга олиб келиши мумкин деб ўйлашингиз мумкин. Йўқ, бу акс натижа беради. Биз ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, хусусан, ички ишлар ходимлари фуқароларнинг ҳақиқий таянчи, дўсти ва ҳимоячиси бўлган институтга айланишини истаймиз», – деди у.

Унинг фикрича, агар шундай меъёр қабул қилинса, «фуқароларнинг ички ишлар органлари ходимларига нисбатан бўлган ҳурматини қўрқув, ишончини шубҳа, севгиси ўрнини нафрат эгаллашига хизмат қилади».

Дониёр Ғаниев қонун лойиҳасини иккинчи ва учинчи ўқишда муҳокама қилиш чоғида ҳамкасбларидан ушбу модда юзасидан ҳам фикр билдиришни сўради.

Депутатлардан яна бири Умиджон Жабборов ҳам таклифга эътирозларини билдирди.

Умиджон Жабборов

«Қонуннинг концептуал муҳокамасида ҳам бу моддага мутлақо қарши эдим. Кеча ҳам муҳокамалар ўтди. Бугун ҳам модда устида яна ўйлаб кўрдим. Лекин битта савол бор, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар дейилганда беш-олтита струкрута борлигини биламиз.