Жамият | 12:27 / 15.04.2021
6565
3 дақиқада ўқилади

Тўрақўрғондаги спорт мактабининг чала қолган ишлари қачон битади?

Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида жойлашган «Ёшлик» ўйингоҳи 1979 йилда қурилган. Унинг ҳозирги аҳволига ҳавас қилиб бўлмайди.

Бир пайтлар ушбу стадионда Тўрақўрғоннинг «Бахт» футбол жамоаси ўйнаган. Клуб Ўзбекистон чемпионати биринчи лигасида ўйнаб, 3-ўринни эгаллаган. Лекин маблағ етишмовчилиги сабабли бу жамоа тарқалиб кетган.

Шундан сўнг бу ерда болалар ва ўсмирлар футбол мактаби ташкил қилинган ва 4та махсус футбол синфи очилган. Бу мактаб ўзбек футболи учун етук ўйинчиларни тарбиялаб берган. Қисқа қилиб айтганда, Тўрақўрғон тумани ўз вақтида Ўзбекистоннинг «Кичик Бразилияси» дея эътироф этилган.

Тўрақўрғон болалар ва ўсмирлар спорт мактаби раҳбари Холматжон Каримовнинг айтишича, Наманганнинг «Навбаҳор» футбол клуби шу ўйингоҳда машғулотлар ўтказиб турган. Мазкур даргоҳ «Навбаҳор» жамоаси ўйинчилари учун иккинчи база сифатида фаолиятини давом эттириши режаланган эди ва 2018 йилда эса «навбаҳорчилар» учун машғулот ўтказишга мослаш мақсадида бинодаги фаолият юритиб турган ва яроқли ҳолатда бўлган кийим алмаштириш хонаси, ошхона, душ ва сауналар бузиб юборилган. Лекин уч йил ўтса ҳамки, қайта таъмирлаш ишлари бошланмаяпти.

«Болалар 2–3 йилдан буён ташқарида кийим алмаштиришга мажбур бўляпти. Қиш кунларида эса иложсиз хоналарда кийинишади. Лекин қишда хоналар ҳам совуқ, чунки бузилиш жараёнида газ ҳам узиб кетилган. Бино замонавий кўринишга келтирилиши ва бу ерда қайтадан яна ёшлар махсус синфлари ташкил этилишини истардик», — дейди мураббий Одилжон Сотиболдиев.

Ушбу масала бўйича мактаб маъмурияти тегишли жойларга бир неча бор мурожаат қилган, лекин натижасидан дарак йўқ.

Биз ҳам дахлдор ташкилотлардан изоҳ олишга уриндик, лекин мурожаат бўйича аниқ муносабат билдирадиган масъуллар топилмади.

Ўйлаймизки, юртимизда спортни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётган бир пайтда ушбу масала наманганлик мутасаддиларни бефарқ қолдирмайди.

Юлдуз Юлдашева, Kun.uz мухбири,
Монтаж устаси: Боймирза Халилов.

Мавзуга оид