Спорт | 07:53 / 27.01.2018
7238
1 дақиқада ўқилади

АҚШ Пёнгчангга қишки Олимпиадалар тарихидаги энг кўп сонли терма жамоани юборади  

Фото: Станислав Красильников/ТАСС

АҚШ Жанубий Кореянинг Пёнгчангида ўтадиган 2018 йилги қишки Олимпиадага қишки Олимпиадалар учун энг кўп сонли терма жамоани юборади. Пёнгчангда 242 спортчи АҚШ шарафини ҳимоя қилади. Бу ҳақда АҚШ Олимпия қўмитаси матбуот хизмати маълум қилди.  

Терма жамоа сафидан 107 аёл ва 135 эркак спортчи ўрин олган, улар барча спорт турларида 15 та йўналиш бўйича беллашадилар. Улар орасида 10 нафар Олимпия чемпиони, жумладан Сочида ўтган 2014 йилги Олимпиаданинг 5 нафар чемпиони бор.

Америкалик спортчилардан 3 нафари Олимпиада ўйинларида 5-маротаба иштирок этади, булар: сноубордчи Келли Кларк (2002 йилги Олимпиада ғолиби), чанғичи Киккан Рэндалл ва конькида югурувчи Шани Дэвис (2006 ва 2010 йиллардаги Олимпиада чемпиони).

Сочидаги аввалги Олимпиадада АҚШдан 230 спортчи қатнашганди. Терма жамоа 9 та олтин, 7 та кумуш ва 12 та бронза медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 3-ўринни эгаллаганди.  

Тайёрлаган:  Шуҳрат Раҳимов

Мавзуга оид