Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Зеленский: Украина делегацияси АҚШга йўл олди
Украина президентининг айтишича, делегация АҚШда хавфсизлик кафолатлари ва тикланиш пакетига оид бир қатор материалларни якунийлаштириши керак. Зеленский, шунингдек, ҳаво мудофааси учун ракеталар олингани ҳақида ҳам ҳисобот берди.
Фото: REUTERS
Украина делегацияси АҚШга йўл олган, яқин кунларда у ерда АҚШ президенти Доналд Трамп вакиллари билан учрашувлар бўлиши керак. Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский жума куни, 16 январда Чехия президенти Пётр Павел билан ўтказган матбуот анжуманида маълум қилди.
Украина раҳбари, “Европейская правда” нашри етказишича, ушбу учрашувлардан кейин “амалда Америка томони билан деярли тайёрлаб қўйилган ҳужжатлар бўйича ҳам, Россиянинг ҳозиргача қилинган ва қилинаётган дипломатик ишларга жавоби бўйича ҳам аниқлик кўпроқ бўлади”, деган умидини билдирган.
Зеленский хавфсизлик кафолатлари ва Украинани тиклаш пакетига оид бир қатор материалларни янада такомиллаштириш зарурлигини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, агар ҳаммаси тайёр бўлса, имзолаш 19–23 январ кунлари Давосда бўлиб ўтадиган Жаҳон иқтисодий форуми пайтида амалга оширилиши мумкин.
“Масала бугун зудлик билан имзо қўйишда эмас. Муҳими — у ерда ҳамкорлар билан муҳокама қилган барча жиҳатлар бўлиши. Украина урушдан кейин ‘яланғоч ва ялангоёқ’ қолмаслиги, бизда ҳақиқий молиявий кўмак бўлиши керак. Шунинг устида ишлаяпмиз”, — деб қўшимча қилди Зеленский.
Гап, жумладан, Украинани тиклаш учун ўн йил давомида тахминан 800 млрд доллар ( 690 млрд евро ) жалб этиш ҳақида бормоқда. Агар келишув имзоланса, у хусусий компаниялар томонидан маблағ ажратиш учун бир қатор қарзлар, грантлар ва инвестицион имкониятларга йўл очиши мумкин.
2025 йил декабр ойида Володимир Зеленский музокарачи томонлар муҳокама қилаётган 20 банддан иборат тинчлик режасини илк бор оммага тақдим этган эди. 16 январ куни AFP агентлиги Зеленскийга таяниб хабар беришича, Украина ва унинг Европа иттифоқчилари АҚШ билан асосий параметрлар бўйича келишиб олган.
Чехия президенти билан матбуот анжумани вақтида Украина раҳбари, шунингдек, Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа (ҲҲМ) тизимлари учун янги ракета пакети олганини маълум қилди. Киев илгари ўқ-дори етишмаслиги туфайли бу тизимларни тўлиқ ишлата олмаган. “Бугун эрталабгача бизда ракетасиз турган бир нечта тизим бор эди. Бугун бу ҳақда очиқ айта оламан, чунки бугун бизда бу ракеталар бор”, — деб таъкидлади Володимир Зеленский. Унинг сўзларига кўра, Европа ва АҚШ давлатларидан ҳар бир пакетни унга шахсан “суғуриб олишга” тўғри келади.
Аввалроқ, 14 январ куни Доналд Трамп Reuters агентлигига берган интервюсида, Россияга нисбатан Украина “тинчлик келишуви тузишга камроқ тайёр” эканини айтганди. АҚШ раҳбарлигидаги музокаралар нега тўрт йиллик урушни якунлашга олиб келмагани ҳақидаги саволга Трамп “Зеленский”, деб жавоб берган, аммо тафсилотларни келтирмаган.
Украина раҳбари эса 15 январ куни РФнинг Украина энергетика инфратузилмасига давом этаётган ҳужумлари Москва тинчлик истамаслигини кўрсатаётганини билдирган. “Айнан Россия ракеталари, Россиянинг дронлари ва Россиянинг Украинани йўқ қилишга уриниши — Россия умуман келишувларга қизиқмаслигининг яққол исботидир”, — деган Володимир Зеленский.