Прокурор қарори устидан судга мурожаат қилиш тартиби жорий этилади — Президент
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишдаги маърузасида прокуратура идоралари фаолияти туфайли кўплаб кишилар жабрлангани ҳақида гапирди.
«Келгуси йилдан бошлаб прокурор қарори устидан судга мурожаат қилиш тартиби жорий этилади. Шу орқали суриштирув ва дастлабки тергов жараёнида мувозанатни, яъни ўзаро тийиб туриш тамойилларини таъминлаш имкони яратилади. Бундай муҳим ўзгариш ҳам бизнинг тажрибамизда биринчи марта жорий этилмоқда.
Сир эмас, илгари прокуратура идоралари ниҳоятда ёпиқ, назоратдан холи бир органга, таъбир жоиз бўлса, охирги инстанцияга айланиб қолган эди. Бунинг оқибатида қанча-қанча одамлар ноҳақ жабр чеккани, адолатсизликка дучор бўлгани ҳам айни ҳақиқат. Қанчалик оғир ва нохуш бўлмасин, биз шу ҳақиқатни тан олиб, бу соҳада қонунийлик ва адолатни қарор топтиришга киришдик.
Ишонаманки, прокурор қарори устидан судга мурожаат қилиш бўйича ривожланган демократик мамлакатларда амал қиладиган бундай тажрибани жорий этиш ҳаётимизда адолат мезонини мустаҳкамлашда улкан қадам бўлади», деди президент.
Давлат раҳбари суд бирор мансабдор шахснинг қўли етадиган идорага айланиб қолишига мутлақо йўл қўймаслик шартлигига эътибор қаратди.
«Судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш биз учун энг устувор вазифадир. Айниқса, суд бирон-бир мансабдор шахснинг қўли етадиган идорага айланиб қолишига мутлақо йўл қўймаслик шарт. Шу сабабли суд ишларига аралашгани ёки судга босим ўтказгани учун жавобгарликни кучайтириш лозим.
Кейинги пайтда Халқ қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатларнинг аксарияти суд, прокуратура, ички ишлар идоралари фаолиятидаги камчиликларга тааллуқли. Шуни инобатга олиб, ушбу идоралар халқимиз билан ишлашнинг мутлақо янги тизимини яратиши зарур. Ҳар бир ариза ва шикоятнинг қонуний ечими ана шу идоралар раҳбарлари фаолиятига берилган баҳо бўлади.
Бундай янги ўзгаришларни аввало, халқимиз, жумладан, юртимизда қонун устувор эканига ишониб сармоя киритаётган чет эллик ҳамкорларимиз ҳар томонлама ҳис қилишларини истардим», дейди президент.
Мавзуга оид
16:03 / 12.07.2024
Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ярмини туман бюджетида қолдириш масаласи кўриб чиқилади
14:15 / 12.07.2024
Қувасойдаги 12 минг гектар ери бўлган 616 та фермернинг ер солиғи ярмига камайтирилади
14:08 / 12.07.2024
“Камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий ҳимоя Ижтимоий ҳимоя агентлиги тизимида бўлади” – президент
08:25 / 12.07.2024