Жаҳон | 15:20 / 23.03.2026
1206
3 дақиқада ўқилади

Италияда суд тизими ислоҳоти бўйича ҳал қилувчи референдум ўтмоқда

Италияда суд ва тергов тизимини ислоҳ қилиш ташаббусини бош вазир Жоржа Мелони илгари сурмоқда. ANSA агентлиги хабар беришича, овоз бериш участкалари 22 ва 23 март кунлари очиқ бўлади. Танқидчиларнинг фикрича, бу ўзгаришлар тизимни сиёсийлаштириб юбориши мумкин.

Фото: AP

Италияда 22 март, якшанба куни бош вазир Жоржа Мелони томонидан илгари сурилаётган мамлакат суд-тергов тизимини ислоҳ қилиш бўйича икки кунлик референдум бошланди. Овоз бериш участкалари 22 март куни маҳаллий вақт билан соат 07:00 дан 23:00 гача, 23 март куни эса 07:00 дан 15:00 гача очиқ бўлади.

Италия Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, референдумда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлганлар сони 51 424 729 нафарни ташкил этади, улардан 5 477 619 нафари хорижда яшайди, дея аниқлик киритган ANSA агентлиги.

Ислоҳотни амалга ошириш учун конституцияга тузатишлар киритиш талаб этилади. Танқидчилар эса суд тизимининг мустақиллиги хавф остида қолишини айтмоқда.

Италияда ягона имтиҳондан ўтган шахслар прокурор лавозимидан судяликка, ёки аксинча, судяликдан прокурорликка ўтиши мумкин. Ислоҳот эса бу икки йўналишни бир-биридан ажратишни назарда тутади: судялар фақат ўз вазифасини, прокурорлар эса фақат ўз вазифасини бажаради.

Суд ҳокимиятининг ўзини ўзи бошқариши ва унинг қонун чиқарувчи ҳамда ижро этувчи ҳокимиятдан мустақиллигини таъминлаб келаётган Олий магистратура кенгаши (CSM)ни ҳам икки тузилмага — алоҳида судялар ва алоҳида прокурорлар учун бўлиш режалаштирилган.

Шунингдек, таркиби 15 аъзодан иборат бўлган Олий интизом судини тузиш кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, янги ўзини ўзи бошқариш органларига сайловларнинг бир қисми қуръа ташлаш — яъни номзодларни тасодифий танлаш — орқали амалга оширилиши кутилмоқда.

Ниҳоят, ушбу органларни шакллантиришда парламент ҳам иштирок этади ва сиёсатчилар кадрлар бўйича қарорларга кўпроқ таъсир кўрсатиш имконига эга бўлади, дея аниқлик киритган dpa агентлиги.

Шу билан бирга, масалан, Неапол прокурори Никола Граттерининг фикрича, Италия самарасиз эски тизим ўрнига янада сиёсийлашган янги моделга эга бўлиб қолиши хавфи бор.

Шу билан бирга, танқидларга қарамай, фуқароларнинг катта қисми Италия суд тизими ҳақиқатан ҳам ислоҳотга муҳтож эканига қўшилади. Dpa ёзишича, мамлакатда ҳукм чиқариш жараёни кўпинча бошқа кўплаб давлатларга қараганда анча узоқ давом этади.

Сўровномаларга кўра, италияликларнинг ўн нафаридан атиги тўрт нафари суд тизимига ишонади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид