Жаҳон | 22:06 / 22.01.2026
2436
2 дақиқада ўқилади

Lactalis компанияси токсин туфайли Picot болалар сут аралашмасини қайтариб олади

Франциянинг сут ишлаб чиқариш гиганти Lactalis Франция ва бошқа ўндан ортиқ мамлакатларда, жумладан Ўзбекистонда ҳам болалар сут аралашмалари партиялари токсин билан ифлослангани ҳақидаги хавотирлар туфайли Picot маҳсулоти партияларни савдодан қайтариб олишини эълон қилди.

Фото: Getty images

Lactalis компанияси «дорихоналар ва йирик чакана савдо тармоқларида сотилаётган Picot болалар сут аралашмасининг олтита партиясини таъминотчи томонидан етказиб берилган таркибий қисмида цереулид мавжудлиги сабабли ихтиёрий равишда қайтариб олмоқда», дейилади компания баёнотида, бу диарея ва қусишга олиб келиши мумкин бўлган токсинни назарда тутади.

AFP ахборот агентлиги маълумотларига кўра, Франциядан ташқарида маҳсулотларни қайтариб олиш Австралия, Чили, Хитой, Колумбия, Конго Республикаси, Эквадор, Испания, Мадагаскар, Мексика, Ўзбекистон, Перу, Грузия, Греция, Қувайт, Чехия ва Тайванга таъсир қилади. Компания вакили сўзларига кўра, қайтариб олиш жараёни ҳар бир мамлакатдаги болалар аралашмасининг «бир нечта партияларига» тегишли.

Сўнгги ҳафталарда болалар сут аралашмаси саноати маҳсулотлар қайтариб олиниши билан боғлиқ кетма-кет қарорлардан ҳайратда қолди.

18 январ куни Сингапур ҳукумати Франциянинг Danone озиқ-овқат гигантига тегишли Dumex болалар сут аралашмасини, шунингдек, Nestle болалар озуқаси партиясини қайтариб олди. Бу маҳсулотлар таркибида ҳам цереулид аниқланган.

Lactalis билан бўлгани каби, Nestle компанияси январ ойида касаллик келтириб чиқариши мумкин бўлган бактериал модда - церулид мавжудлиги сабабли ўз маҳсулотларини қайтариб олди. Ҳолат Ўзбекистонга ҳам таъсир қилган эди.

Франция соғлиқни сақлаш идоралари 20 январ куни Nestle компанияси томонидан қайтариб олинган партиялардан биридаги сутни истеъмол қилган чақалоқнинг ўлими бўйича тергов олиб борилаётганини маълум қилди, аммо ҳозир ушбу сутни истеъмол қилиш ва ўлим ўртасидаги боғлиқлик аниқланмаган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид