Ўзбекистон | 21:46 / 21.08.2018
22391
2 дақиқада ўқилади

Самарқандлик тадбиркор Африка туяқушлари парваришини йўлга қўйди

Самарқанд вилоятининг Паст Дарғом туманидаги “Янгиобод” маҳалласида яшовчи Ҳусан Ҳайдаров маҳаллий шароитда Африка туяқушларини боқишни йўлга қўйган. Айни пайтда 35 сотихли ерда 9 бош туяқуш парваришланмоқда.

–  Анча йиллардан буён туяқуш боқишга қизиқар эдим. Аммо уни қаердан олиб келишни билмасдим. Танишларимдан Фарғона вилоятининг Риштон туманида бизнинг иқлим шароитимизга мос туяқуш боқиш йўлга қўйилганини эшитиб, у ерга бордим, – дейди Ҳ.Ҳайдаров. –  Маҳаллий мутахассислардан туяқуш парваришлашнинг ўзига хос томонлари бўйича етарлича маълумотга эга бўлдим. 2017 йилнинг январь ойида ўз ҳисобимдан 21 миллион 600 минг сўмга 9 та туяқуш харид қилдим. Жорий йилнинг сентябрь ойидан макиён туяқушлар тухумга киради. Келгуси йилнинг март ойидан бошлаб туяқуш жўжаларини очиришни йўлга қўйишни режалаштиряпмиз. Айни пайтда мазкур инкубатор ускуналарини ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, келгусида туяқуш гўшти ҳамда тухумларини Россия ва Украина давлатларига экспорт қилишни режалаштиряпмиз.

Ҳусан Ҳайдаровнинг таъкидлашича, туяқушнинг тухуми ва гўшти турли хил хасталикларни даволашда кенг қўлланилар экан. Шунингдек, унинг патидан нафақат аёллар учун шарф ва бошқа кийим-кечаклар, балки тирноғидан бриллиант ва олмосни тозалашда ишлатиладиган кукун ҳам тайёрланади. Терисидан эса пойабзал, қўлқоп ҳамда сумка тикилар экан. 

Ғолиб Абдусаломов.
Бахтиёр Мустанов олган суратлар.

Мавзуга оид