Ўзбекистон | 11:47 / 13.08.2020
67659
11 дақиқада ўқилади

«25 йил давомида «Ўзавтомоторс»нинг «эркалик»ларини кўтариб келдик». Депутатлар норози, муаммо ечими нимада?

Шу йилнинг 29 июль куни Монополияга қарши курашиш қўмитасига «Ўзавтомоторс» АЖнинг автомашиналар нархи юзасидан депутатлик сўрови юборилган. Сўровга жавобан, агентлик томонидан иш қўзғатилгани ва компания фаолияти ўрганиб чиқилаётгани маълум қилинди. Сўров муаллифлари «ЎзЛиДеп» фракцияси аъзолари Нодир Жумаев, Расул Кушербаев ҳамда Дониёр Ғаниев депутатларнинг мақсади ва компания фаолияти хусусида фикр-мулоҳазаларини Kun.uz'га билдиришди.

Депутатлик сўрови қандай саволлардан иборат бўлди ва нима учун айнан монополияга қарши курашиш қўмитасига юборилди?

Р.Кушербаев: Биламиз, Ўзбекистонда рақобат муҳитини яратиш, алоҳида монопол тарзда фаолият юритаётган тузилмалар устидан ҳам давлат назоратини амалга ошириш, иштирокчиларга тенг шароит яратиб беришда ваколатли давлат органи, бу —​ монополияга қарши курашиш қўмитаси. «Ўзавтомоторс» томонидан ишлаб чиқарилаётган автомобиллар нархи масаласида яқинда бошланган баҳсларда, агар моҳиятга қарайдиган бўлсак, энг катта норозилик шу тузилмани монопол сифатида фаолият юритаётгани ва истеъмолчиларга танлов имкониятини бермаётгани билан боғлиқ. Шуни инобатга олиб, ваколатли давлат органи олдига талаблар қўйиш нуқтаи назаридан, биз сўровнома юборишга қарор қилдик. Март ойида нархлар ошгач фуқаролардан кўплаб мурожаатлар келиб тушганидан кейин, қўмита автомобилларга нисбатан корхона фаолияти ўрганаётгани ҳақида маълумот берган эди. Лекин негадир бу жамоатчиликка эълон қилинмади. Бизни халқ вакили сифатида ҳаққимиз бор-ку, буни билишга, яъни у ерда нархлар нимага асосан шаклланяпти ва умуман монополь сифатида фаолият юритишига нима асослар бор ўзи, деган маънода бу масалани тегишли тартибни ўрганиб, мана шу ваколатли давлат органи олдига масала қўйишимиз керак эди. Бу ҳам бўлса, фуқаролар талабидан келиб чиққан ҳолда, албатта. Агар фаолиятига эътибор берсак, бу ташкилот ҳатто монополлик шартларини ҳам бузаётгани маълум бўлади. Автомашиналар нархлари ҳам асослантирилмаган тарзда оширилган.

Дониёр ака, ҳозир қўмитага юборилган депутатлик сўровидан қандай жавоб кутяпсизлар?

В UzAuto Motors объяснили, почему повышены цены только на ...
Дониёр Ғаниев

Д. Ғаниев: «Ўзавтомоторс» расмий монопол корхона ҳисобланади. Шу билан бирга, «Рақобат тўғрисида»​ги қонунга мувофиқ, монопол корхонанинг ҳам ўзига хос мажбуриятлари бор. Устун мавқега эга бўлиб фаолият юритаётган корхона бошқа истеъмолчиларни, хўжалик юритувчи субъектларни ҳуқуқларини камситадиган бўлса, тегишли ваколатга эга давлат органи сифатида Монополияга қарши кураш қўмитаси унга нисбатан чоралар кўриш ваколатига эга. Шундан умид қиляпмизки, сўров натижасида, агар қўмита ўрганишлари биз кутган таҳлилларни тасдиқласа, яъни «Ўзавтомоторс» томонидан нархлаш сиёсати асоссиз амалга оширилаётган, истеъмолчиларни ҳуқуқларини бузилиши қўпол тарзда акс этаётган бўлса, тегишли тарзда қўмита хулосасини тақдим этган ҳолда уларга нисбатан чора кўрилиши керак. Мансабдор шахсларга маъмурий тарзда чора кўриладиган бўлса, агарда чиндан ҳам истеъмолчилар ҳуқуқи камситилгани аниқланса, етказилган зарар қопланиши кўзда тутилиши керак. Биз кутаётган минимум натижа шу. Модомики, биз монопол билан яшашга мажбур бўлсак, ҳеч бўлмаса монопол корхона сифатида у белгиланган қонун-қоидаларга амал қилиб ишлашини талаб қилишга ўйлайманки, депутат ва оддий фуқаро сифатида, истеъмолчи сифатида ҳаққим бор.

Нодир Жумаев

Н.Жумаев: Расул ва Дониёр акалар гапларини узвий давоми сифатида айтаманки, албатта бу маълум даражада ишлаб чиқариш, минглаб одамларни иш ўрни. Катта инвестиция. Шу билан бирга, бу заводнинг машина ишлаб чиқариши халқ манфаатига мос бўлиши керак. Шу йилнинг 28 май куни иқтисодиётда рақобат муҳитини таъминлаш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлатимиз раҳбари бошчилигида йиғилиш ўтказилди. Унда президент «Рақобат бўлмаса сифат бўлмайди. Нарх тушмайди. Замон ўзгаряпти. Лекин монопол корхоналар ўзгара олмаяпти. Қатъий чоралар кўриш вақти келди. Иқтисодиётда, бу ҳаёт-мамотимиз» деб айтдилар. Нима ҳақида гап кетмоқда?! Агар биз монополь корхоналарни «энди бор заводимиз шу» деб уни ҳимоя қилаверсак нарх ҳам тушмайди, рақобат ҳам бўлмайди. Демак, бунда иқтисодий жиҳатдан ҳам ютқизяпмиз.

Фарғонада пандемия пайтида тез тиббий ёрдам хизматига «Дамас»​лар харид қилинаётганида мунозара келиб чиқди. Шундай шароитда ҳам «Дамас»​лар нархи оширилган ҳолда сотилаётгани танқид қилинди. Мана шу мунозарани келтириб чиқарган сабаблар ҳақида сўзлаб беринг.

MctyVFBSdkdi5okT3oazEu4F0FzowfUX.jpg (1280×833)
Расул Кушербаев

Р.Кушербаев: Бошқа мамлакатларни бу каби заводлари пандемия шароитда халқига катта ёрдам бераётганини кўряпмиз. Ишчилар пулидан эмас, корхонанинг ўз пулидан беряпти. Асосий эътироз ҳозирда чақирувлар сони тез тиббий ёрдамда ниҳоятда ортиб кетди. Вилоятлардаги ташкилотларда машина сотиб олиш учун маблағ етмаслиги мумкин. Оғир вақтда март ойигача бўлган нархда бериши мумкин эди-ю, завод қиммат автомобилларга нисбатан чегирма беряпти. «Дамас»​га ўхшаш оммабоп автомобиллар нархини оширяпти. Кузатиб юрдим. Балки ўзгаришар, дедим. Булар одамлар билан ҳисоблашмайдиган даражага боряпти. Танқидимизга «Ўзавтомоторс» ҳам жавоб қайтармоқчи бўлди. Лекин менинг муддаом бошқа эди. Менимча, бугунги пандемия шароитида оширилган нархда сотиши инсофсизликдек кўринди.

«Ўзавтомоторс» муносабат билдирган баёнотда айтилишича, компания ҳисобидан тиббиёт анжомлари сотиб олиш учун 2 млрд сўм, Сардоба фалокати учун 2 млрд сўм, Андижонга 6та «Дамас»​ бепул берилган. Хайрия пулларига 37 миллиард сўм ажратганини келтириб ўтди. Бунга қандай муносабат билдирасиз?

Д.Ғаниев: Бунақанги пандемия шароитида тиббиёт анжомлар, дори-дармон ва бошқа энг зарурий нарсаларга пул ажратилаётган пайтда тез тиббий ёрдам машиналарини, яъни ўзимизда чиқарилган «Дамас»​ларни ҳам қиммат нархларда сотиб олишга мажбур бўляпмиз. Чунки хорижда муқобил вариантларини кўрсак, у ёқда анча арзон. Лекин бу монополь имтиёзи орқали биз ўша муқобил вариантларни арзон нархларда сотиб олиш имконидан маҳрум бўляпмиз. Биз 25 йил давомида «Ўзавтомоторс»нинг «эркалик»ларини кўтариб келдик. Балки бугунги оғир вазиятда эркаликни қайтаришга уриниб кўрсак тўғри бўлар, деб ўйладик. Уни қилаётган эҳсонини пеш қилиши, билмадим қанчалик тўғри. Ҳатто кичик-кичик тадбиркорлар ҳам даромадининг катта қисмини эҳсон қилганини кўрдик. Бу корхона эҳсонини миннат қилаётгандек туюлди, бизга.

Корхонани муносабатида қизиқ маълумот бор. Унда келтирилишича, депутатлар қабул қилган хайриялар тўғрисидаги қонунга кўра, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар 10 фоиздан ортиқ соф даромадни хайрия қила олмайди дейилади, аммо ва 37 миллиард сўм хайрия қилингани айтилади. Бу дегани, компания даромадлари 370 млрд. сўмга тенг бўлгани ва корхона даромад устида эканини билдирадими?

Д.Ғаниев: Албатта, улар даромадга ишлайди, буни ҳаммамиз биламиз. Лекин қизиқ томони улар қонунларни ўз манфаатларига тўғри келганда эсга олишади. Ва ўша депутатлар қабул қилган рақобат ёки  истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунларни эслашмайди. Мана шу қонунда ҳам айтиладики, товар ёки хизматни таклиф қилаётган одам уни баҳосини истеъмолчига очиқ-ойдин кўрсатиши керак. Истеъмолчилар ҳуқуқларини камситмаслиги керак. Улар истеъмолчига автомобиль нархларини 5-10 фоиз яширинча тарзда қиммат сотишяпти. Бу қонунларни очиқ-ошкора бузишаётганини билдиради.

Монополияни куни эртами кечми барибир охирига етади. Бугунги кунда ҳукумат томонидан Жаҳон савдо ташкилотига ёки ЕвроОсиё иқтисодий иттифоқига қўшилиш масалалари ўрганиляпти. Агар буни якунига етиб шулардан бирига қўшилсак, албатта монополияни йўқ қилишга мажбур бўламиз. Монополларга қанчалик оғир ёки енгил бўлиши улар ўзларини жараёнга қай даражада мослаб боришига боғлиқ бўлиб қолади. Булар ўзларини янги замонга, интеграцияга тайёрламасалар, монополни «арқон»ини қўйиб юборган пайтимизда кеч бўлади. Бу «бомба»ни портлаши давлат бюджети, солиқ тўловчиларнинг чўнтагига жуда катта зарар бўлади, деб ўйлайман.

7-савол. Корхона ўз фаолиятини тартибга солиш, бозор иқтисодиётига ўтиши учун ва нархларни мувофиқлаштириши учун унга нима етишмаяпти деб ўйлайсиз??

Р.Кушербаев: Биринчи навбатда журъат етишмаяпти. Яъни «тўлиқ бозор ўйинлари билан ишлашга ўтсак, биз ютқазиб қўямиз» деган қўрқув бор. Ундан ташқари, ҳали очиқланмаган бошқа қанақадир манфаатлар борки, буни очиқлашмаяпти. Ишончим комил, бу ерда бизга маълум бўлмаган манфаатдор гуруҳлар бор. Улар бутун бир брендни ноқулай аҳволга солиб қўймоқда. Яширин манфаатдор бўлиб турган томонлар мардлик сари, очиқ бозор қоидаларига ва қонунларга тўлиқ риоя қилишга ўтишса, кейин яхши бўлади.

Д.Ғаниев: Бу ерда бир неча омиллар бирлашиши керак. Ҳукумат ҳам сиёсий ирода кўрсатиши лозим. Монополияга қарши курашишни кучайтириши зарур. Менимча ҳам манфаатдор гуруҳлар бор. Чунки мен корхонани янги кадрларини кўрганман. Гаплашганимда улар орасида салоҳиятли, ёш мутахассислар кўплигини гувоҳи бўлдим. Лекин ичкарида қандайдир тўсиқлар борлиги аниқ. Давлат «Ўзавтомоторс»га нисбатан босқичма-босқич тарзда имтиёзларни камайтириб борса, келажакда бозор иқтисодиётига ўтишда яхши натижага эришиш мумкин.

Н. Жумаев: Биз «Ўзавтомоторс» фаолиятини янада яхши давом эттириши учунгина шу масалани кўтариб чиқдик. Компаниянинг бозор қонунларига мослашиши тарафдоримиз. Ривожланиш оптималлаштириш билан бўлади. Бизнинг бу чиқишларимиз, эътирозларимиз фақатгина шу компанияга эмас, албатта. Барча монополь компанияларга тегишли. Замон ўзгарди. Бизлар рақобатга мос, бозор иқтисодиётида ўз ўрнига эга бўлишга интилиш тарафдоримиз. Мақсадимиз битта-халқ халқ манфаати йўлида ишлаш.

Алишер Рўзиохунов суҳбатлашди

Мавзуга оид