Қорақалпоғистондаги кўркам намозхона бузилиши мумкин. Тадбиркор уни сақлаб қолишни сўрамоқда
Қорақалпоғистон Республикаси, Қўнғирот туманининг Ўзбекистон – Қозоғистон чегарасида жойлашган «Довуд ота» божхона пости яқинидаги кичик намозхонанинг ноқонуний қурилгани ва бузиб ташланиши тўғрисида суд қарори чиқди. Бинони барпо қилган тадбиркор унинг бузилмаслигини, давлат ҳисобига ўтказилишига ҳам рози эканини таъкидлаб, сайёҳлар, зиёратчилар ва ҳамюртларимиз учун асраб қолинишини сўрамоқда.
«Довуд ота» божхона постини Ўзбекистоннинг шимолий чегара дарвозаси десак муболаға бўлмайди. Россия ва Қозоғистондан келаётганлар айнан шу жойдан Ўзбекистонга кирадилар. Бу ерга энг яқин катта шаҳарлар – Қўнғирот 350 км, Нукус эса 450 км узоқликда жойлашган. Чўл-у биёбон ўртасидаги бу жой иқлимининг жуда ноқулайлиги – ёзда жазирама иссиғи, қишда эса қаҳратон совуғи билан ажралиб туради.
2013 йилда маҳаллий тадбиркор Давронбек Қўчқаров божхона пости яқинида 210 кишига хизмат кўрсатувчи кафе, 50 ўринга мўлжалланган меҳмонхона барпо қилган. Ҳозирги кунда бу мажмуа ҳамюртларимиз ва сайёҳларга хизмат кўрсатиб келмоқда. Узоқ ва оғир йўл босиб келган одамлар шу жойда ювиниб, тараниб, овқатланиб, ҳордиқ чиқариш имкониятига эга. Бунинг учун барча шароитлар муҳайё қилинган.
Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш сиёсати устувор йўналишлардан бири қилингач, юртимизга келаётган сайёҳлар оқими ошди. Айниқса, Хива, Бухоро, Самарқанд ва бошқа жойлардаги тарихий обидаларни, қадамжоларни томоша, зиёрат қилиш истагида келаётганлар кўпайди. Мос равишда «Довуд ота» божхона пости орқали кириб келаётганлар орасида покланиб, намоз ўқиб олиш учун шароит сўраётганлар сони ҳам ўсди.
2017 йилда Давронбек Қўчқаров уларга қулайлик яратиш мақсадида, шунингдек Ҳаж сафаридан қайтган онаси Яқутжон Ишмуратова тавсиясига кўра, яхши ниятлар билан кичик намозхона қуришга қарор қилди.
«Кўплаб алломалар, донишмандлар ва мўътабар зотлар етишиб чиққан, жаҳонга машҳур зиёратгоҳ ва қадамжоларга эга бўлган мамлакатимизда зиёрат туризмини ривожлантириш, сайёҳларни жалб этиш йўлида кўплаб ишлар олиб борилаётганини кўряпмиз. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг: «Ўзбекистон ҳам саёҳат, ҳам зиёрат учун қулай мамлакат. Чунки она заминимизда бутун дунёга маълум ва машҳур бўлган аждодларимиз мангу қўним топган. Улар қолдирган бой маънавий-маданий меросга халқаро майдонда қизиқиш жуда катта», деб айтган сўзларидан руҳланиб, ўғлимга шу жойда кичик намозхона қуришни маслаҳат берганман. Бундан ташқари, юртбошимизнинг автомагистрал йўллар бўйида намозгоҳлар қурилиши борасида берган топшириқлари ҳам менга «қанот» бўлган», – деди 76 ёшли Яқутжон она.
Намозхона қурилиши 2018 йилда бошланиб, 2019 йилда тугатилган. Бироқ кейинчалик намозхона учун танланган жой мажмуа ҳудудида эмаслиги, балки Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига тегишли экани маълум бўлди.
«Сўнгги йилларда кафе ва меҳмонхона мажмуасига ташриф буюраётган сайёҳлар, зиёратчилар сони кўпайди. Уларнинг баъзилари узоқ йўлдан ҳориб-чарчаб келганидан сўнг, покланиб олиш, намоз ўқиш учун жой, шароит сўрашар эди. Кафемизда бунга имконият бўлмагани, ташқарида ёзнинг иссиғи, қишнинг совуғида намоз ўқиш оғирлиги сабабли, мажмуамиз чеккасида яхши ниятлар билан кичик намозхона қурдик. Ташландиқ бир жой обод бўлди, чиройли кўринишга келди. Афсуски, эътиборсизлик қилибмиз, бино қурилган ҳудуд бизга тегишли эмас, балки Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тасарруфида экан», – деди мажмуа раҳбари Нигмат Юсупов.
Намозхонани барпо қилиш учун тадбиркор озмунча маблағ ва вақт сарфламади. Қурилиш материалларининг аксарияти олис масофадан, Қўнғирот ва Нукус шаҳарларидан, баъзи қисмлари Қозоғистондан жуда катта харажатлар эвазига келтирилган.
«Қурилиш жараёнини ўзим бошқарганман. Саҳро ўртасидамиз, шу туфайли кўплаб қурилиш материалларини жуда узоқдан, Қўнғиротдан (350 км), Нукусдан (450 км) олиб келдик. Томни ёпиш учун материалларни Қозоғистондан олдирганмиз. Албатта, бу нарсалар харажатларнинг кескин ошишига олиб келди, аммо бундан нолимаймиз. Хайрли иш бўлгани учун ҳеч нарсани аямадик. Қурилиш жараёни ҳам осон бўлмади. Намозхона қуришни бошлаганимизни эшитган, билган юртдошларимиз, сайёҳлар жуда хурсанд бўлишди. Улар савоб умидида, битта ғиштни қўйиб бўлса-да, бир кетмон лойни отиб бўлса-да, намозхона қурилишига ўз ҳиссасини қўшишга ҳаракат қилишди, усталарга ёрдам беришди. Мана, жуда чиройли бино барпо қилинганини кўряпсиз», – деди мажмуа ходими Ғулом Бобониязов.
Дарҳақиқат, намозхонада барча зарур шароитлар муҳайё қилинган. Ҳожатхона бор, таҳоратхона иссиқ/совуқ сув билан таъминланган. Намозгоҳ ёруғ ва шинам, иссиқ пол билан жиҳозланган.
Қайд қилиш жоизки, бинонинг дизайни ўзига хослиги билан ажралиб туради – у яримой шаклида бўлиб, кичик минорачаси ҳам бор. Албатта, саҳро ўртасидаги бундай намозгоҳ эстетик томондан ҳам сайёҳлар эътиборини ўзига тортади.
Намозхона қурилишидаги хатолик, яъни Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳудудига ўтиб кетилгани маълум бўлгач, тадбиркор Давронбек Қўчқаров уни қонунийлаштириб, ҳужжатлаштириб олиш ҳаракатини қилган. Аммо Қўнғирот тумани ҳокимлигига бу ҳақда қилган мурожаатлари ечимини топмаган. Натижада, иш судгача борди.
2019 йил 18 декабрь куни Қўнғирот туманлараро фуқаролик суди «Довуд ота» божхона пости яқинида жойлашган, қурилиш ости майдони 152,7 кв.м. бўлган иморатнинг ноқонуний қурилгани ва жавобгар Давронбек Қўчқаров томонидан бузиб ташланиши, бундан ташқари, уни 461,6 минг сўм жаримага тортилиши тўғрисида қарор чиқарди. Айни пайтда Давронбек Қўчқаров суднинг бу қарори устидан юқори инстанцияга апелляция тартибида шикоят берган.
Қайд қилиш жоизки, бу иморат шаклан масжидга ўхшаса-да, асло масжид эмас. Унинг минораси темир қувурдан ясалган бўлиб, тепасига чиқишнинг иложи йўқ. Уни ноёб қиёфадаги кўркам туризм объекти десак ҳам бўлади. Унда имом ва бошқа ходимлар ишламайди. Бу ерда азон айтилмайди, 5 маҳал намоз ёки жума намози ўқилмайди. У фақат мусофирлар учун мўлжалланган бўлиб, зарурат бўлган ҳолатларда фойдаланилади. Унинг калити мажмуа маъмуриятида сақланади. Узоқдан келаётган ёки хорижга отланган одамлар шу жойда покланиб, намозини ўқиб олишади ва сафарини давом эттиришади. Бинонинг ташқариси ва ичкарисининг озода сақланиши, барча жиҳозларнинг ишлаб туриши мажмуа маъмурияти томонидан назорат остига олинган.
Ҳа, қонунбузарлик ҳолати судда аниқланди ва исботини топди, буни ҳеч ким инкор қилмаяпти. Аммо Давронбек Қўчқаров, унинг онаси Яқутжон Ишмуратова ва биз билан суҳбатда бўлган кўплаб бошқа инсонлар намозхонанинг бузилмаслигини, сақлаб қолинишини сўрашмоқда. Ҳатто уни Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳисобига ёки «Вақф» хайрия жамоат фонди тасарруфига ўтказилишига ҳам рози бўлиб туришибди. Тадбиркор бинодан фойдаланиш жараёнидаги келгуси харажатларни кўтаришга, унинг озодалиги ва саришталигини сақлаб туришни зиммасига олишга ҳам тайёр эканини таъкидламоқда.
Замонавий ва қадимий архитектура услуби уйғунлигини ўзида мужассам этган кўркам бино Ўзбекистонга ташриф буюраётган сайёҳларни, зиёратчиларни ҳайратга соляпти. Узоқ йўлдан чарчаб келган меҳмонлар шу жойда дам олиб, жисмонан ва руҳан покланиб, ибодатини адо қилиб, шу юрт шаънига, сиёсатига, меҳнатсевар ва бағрикенг ўзбек халқига яхши дуо қилишяпти. Бунда ҳеч қандай зиён бўлмаса керак.
Бу можарода қандайдир муроса, иккала томонни ҳам қониқтирадиган муқобил ечим зарур, деб ўйлаймиз. Бунда қайсидир томоннинг манфаати эмас, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрўси, имижи масаласи устувор бўлиши керак. Сўнгги йилларда ҳукуматимиз уни кўтариш учун кўплаб чора-тадбирларни амалга оширди. Уни тушириб юбориш, кўп йиллик меҳнатнинг самарасини пасайтириш учун эса оддий хато кифоя қилади.
Нурмуҳаммад Саид
Мавзуга оид
07:40 / 17.07.2024
Ўзбекистонда шоир Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллиги кенг нишонланади
10:26 / 02.07.2024
Қорақалпоғистонда 15 млрд сўмлик давлат харидларини амалга оширишда қонун талаблари бузилган – Рақобат қўмитаси
12:31 / 01.07.2024
Учта ҳудудда хорижий давлатларга ишга юборишни ваъда қилган шахслар ушланди
08:27 / 20.06.2024