Ўзбекистон | 09:13 / 27.01.2021
8911
2 дақиқада ўқилади

Олий таълим вазирлиги айрим ОТМлар талабалари орасида коронавирус аниқлангани ва факультетлар ёпилгани ҳақидаги хабарларни рад этди

Ижтимоий тармоқларда баъзи олий таълим муассасалари (ЎзМУ, ТДШУ, ФарПИ, ТАТУ Самарқанд филиали) талабалари орасида коронавирус аниқлангани ҳамда факультет ва ётоқхона қаватлари дезинфекция учун ёпилгани тўғрисида хабарлар тарқалди. 

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ушбу хабарлар юзасидан махсус ахборот билан чиқди. Унда айтилишича, бу каби хабарлар асоссиздир.

“Айтиш жоизки, хабарда кўрсатилган олий таълим муассасалари  талабалари орасида айни кунларда коронавирус инфекцияси аниқланмаган ва бирорта ҳам талабалар турар жойи биноси ёпилмаган”, - дейилади ахборотда

Вазирлик текширилган, асосланган маълумотларни эълон қилиш – энг муҳим жиҳат ва журналистиканинг “олтин қоида”си эканини эслатиб ўтган.

“Шунинг учун хабарларни тарқатишдан аввал бироз сабр қилиб, аниқлик киритиб, кейин эълон қилиш, жуда ҳам зарур бўлмаса, бу турдаги совуқ хабарларни оммалаштиришдан тийилиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз!

Чунки, нотўғри талқин қилинган, ҳали тўлиқ аниқлик киритилмаган, шошилинч тарзда тарқатилган кичик бир хабар минглаб ёки миллионлаб инсонларда хавотир уйғотиши табиий, албатта. Нафақат хавотир уйғотади, балки шу касаллик ўзида бор ёки йўқлиги ҳақида шубҳа-гумонга бориб, қўшимча касалликлар орттириб олишига сабабчи бўлиши мумкин.

Шу билан бирга асоссиз ва ёлғон ахборотни тарқатганлик учун Ўзбекистон Республикаси қонунларида маъмурий ва жиноий жавобгарлик нормалари белгиланганини унутманг!

Қолаверса, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда олий таълим муассасалари бу каби (касаллик аниқланиши) ҳолатлар жиддий тус олиб, кенг тарқала бошласа, уларни яширишдан манфаатдор эмас.

Вазирлик Ахборот хизмати бугун ҳам, келажакда ҳам ижобий хабарларни тарқатишда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қиламиз”, - дейилади Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборотида.

Мавзуга оид