Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Португалиядан Владивостокка велосипедда кетаётган француз Россияда ҳибсга олинди
У Евросиёни энг тез кесиб ўтиш бўйича рекордни янгилашга уринган.
Владивостокда Евросиёни велосипедда энг тез кесиб ўтиш бўйича жаҳон рекордини янгилашга уринган франциялик велосипедчи Софиан Сехили қўлга олинди. Бу ҳақда манбаларга таяниб, Le Monde хабар бермоқда.
Нашр маълумотларига кўра, Сехили чегарани ноқонуний кесиб ўтишда айбланмоқда.
Сеҳили 44 ёшда. У ҳужжатли филмлар суратга олиш билан шуғулланган, лекин 2012 йилда велосипед спорти билан шуғулланиш учун бу ишни ташлаган. Ўшандан бери у 20 га яқин кўп километрлик пойгаларда қатнашиб, уларнинг 11 тасида ғалаба қозонган. Улар орасида Tour Divide пойгаси ҳам бўлиб, унда Канададан Мексикагача бўлган 4,5 минг километрлик масофа босиб ўтилади.
Июн ойи ўрталарида Сехили ўзининг инстаграмида 2017 йилда Евросиёни велосипедда энг тез кесиб ўтиш бўйича рекорд ўрнатган германиялик Жонас Дейҳманнинг рекордини (у Португалиянинг Рока бурнидан Владивостоккача 64 кун, икки соат ва 26 дақиқада етиб борган) янгилашни орзу қилаётгани ҳақида ёзганди.
2025 йил 1 июлда Сехили ўз саёҳатини Португалиядан жўнаб кетишдан бошлади. Велосипедчининг инстаграмдаги постларидан маълум бўлишича, у биринчи марта июл ойи охирида Чеченистонга Гуржистон орқали кириб, Россия чегарасини кесиб ўтган. У Россияни Астрахан области орқали тарк этиб, Қозоғистон, Тожикистон ва Мўғулистон ҳудудлари бўйлаб саёҳатни давом эттирган.
Le Monde хабарида ёзилишича, Сехили Хитойда ўз саёҳатини тўхтатганди. «Мақсадга шунчалик яқин жойда муваффақиятсизликка учраш – юракни эзади. Энди менда яна рекорд учун боришни хоҳлаш-хоҳламаслигимни ҳал қилиш учун ўн ой вақт бор... ёки бу абадий муваффақиятсизлик бўлиб қолади», – деб ёзган у ўз сторисида. 2 сентябр куни у Хитой-Россия чегарасида россиялик божхоначилар томонидан тўхтатилгани ҳақида хабар қолдирганди.
Сехили билан кейин нима бўлганини ушбу қайддан билиб бўлмасди.
Le Monde хабарига кўра, Франция консуллиги велосипедчига ёрдам беришга ҳаракат қилмоқда. Россия ҳукумати Сехилининг ҳибсга олингани ҳақидаги маълумотга ҳозирча изоҳ бермади.
Мавзуга оид
17:16 / 07.12.2025
ЖЧ-2026 қуръаси: рақиблар, тақвим ва Роналду ҳақида
23:03 / 27.11.2025
Португалия ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғалаба қозонди
17:11 / 16.09.2025
Владивостокда ўзбекистонликлар калтаклангани юзасидан жиноят иши қўзғатилди
23:41 / 15.09.2025