Ўзбекистон | 08:35 / 05.12.2022
17736
4 дақиқада ўқилади

Қизилтепа ҳокими тадбиркорлик билан шуғулланмоқда. Унга қарашли фирма тумандаги давлат буюртмаларини қўлга киритган

Давлат фуқаролик хизматчиси тадбиркорлик билан шуғулланиши қонунчиликда тақиқланган бўлса-да, Навоий вилояти Қизилтепа тумани ҳокими, сенатор Улуғбек Файзиев қатор МЧЖлар раҳбари сифатида қолмоқда. Бундан ташқари Файзиев ҳокимлик қилаётган тумандаги айрим қурилиш ишлари унинг таъсисчилигидаги МЧЖга берилган.

Навоий вилояти Қизилтепа тумани ҳокими, сенатор Улуғбек Файзиев бир нечта МЧЖ раҳбари ва таъсисчилигини сақлаб қолмоқда. Бу 2022 йил 11 октябрда кучга кирган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунга зид. Мазкур қонуннинг 13-моддасида давлат фуқаролик хизматини ўташ билан боғлиқ чекловлар киритилган. Хусусан, давлат фуқаролик хизматчиси тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга, жумладан, тадбиркорлик фаолияти субъектларини ташкил этишга, уларнинг муассиси (иштирокчиси) бўлишга, тадбиркорлик фаолияти субъектида ташкилий-бошқарув, маъмурий-хўжалик вазифаларини бажаришга ҳақли эмас.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 6 мартдаги қарори билан давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг ходимлари тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланган.

Улуғбек Файзиев эса ҳоким бўлиши билан бир вақтда бугунги кунда “Zarafshan Golden Group” МЧЖнинг 91,5 фоиз улушига, “Finuzsolutions” МЧЖ ҚКнинг 65 фоиз улушига, “G‘ani bobo chorvasi” фермер хўжалигининг 100 фоиз улушига, “Zarafshon Grand Invest” МЧЖнинг 75,8 фоиз улушига ва “Biznes Finance ZGG mikrokredit tashkiloti” МЧЖнинг 4,3 фоиз улушига (қолган улушларига ҳокимга алоқадор бошқа МЧЖлар) эгалик қилмоқда. 

Шунингдек, у қонунчиликка зид равишда қатор МЧЖларнинг раҳбари сифатида ҳам фаолият юритмоқда ва тадбиркорлик қиляпти. Хусусан, “G‘ani bobo chorvasi” фермер хўжалиги раҳбари (фаолият тури қоракўл зотли қўйларни кўпайтириш) ва “Finuzsolutions” МЧЖ ҚКнинг директори (фаолият тури спиртсиз ичимликлар ишлаб чиқариш, бутилкада минерал сувлар ва бошқа сувлар ишлаб чиқариш) сифатида ҳам ишламоқда.

Туман ҳокимининг бир вақтда тадбиркорлик билан ҳам шуғулланаётгани ҳудуддаги бошқа тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги рақобатга таъсир кўрсатиши мумкин. Чунки, “ҳокимнинг фирмаси”, деган тушунчанинг ўзи соғлом рақобатни йўққа чиқаради ва ўша ҳудудда устунлик касб этади.

Қизилтепа туманида тадбиркорлик субъектлари, хусусан, қурилиш ташкилотлари кўп. Аммо жорий йил октябрь ойида халқ депутатлари Навоий вилояти кенгаши қарори билан айнан Улуғбек Файзиев таъсисчиси бўлган “Zarafshan Golden Group” МЧЖга бир қанча объектларда қурилиш ишлари топширилгани юқоридаги фикрларни асослайди.

Вазирлар Маҳкамасининг “Маҳаллаларда инфратузилмани яхшилаш орқали аҳолига қулай шароитлар яратиш ва тадбиркорликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 435-сонли (хдфу) қарори ижросини таъминлаш мақсадида халқ депутатлари Навоий вилояти кенгаши 2022 йилнинг 13 октябрь куни VI-39-139-5-0-К/22-сонли қарор чиқаради. Мазкур қарорга илова қилинган рўйхатдан кўринадики, депутатлар Қизилтепа туманидаги “Алишер Навоий” МФЙ, “Бунёдкор” МФЙ ва “Оқсоч” МФЙ ҳудудларида реконструкция қилиш, янги сув тармоғини тортиш ҳамда таъмирлаш ишлари учун туман ҳокими Улуғбек Файзиев таъсисчилигидаги “Zarafshan Golden Group” МЧЖни “танлаб олган”. Қарорнинг ўзи эса e-qaror тизимида яшириб қўйилган.

“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунда давлат фуқаролик хизматчисининг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши таъкидланган. Бироқ амалдаги қонунчиликда ҳокимга нисбатан бу жавобгарликнинг шакли, уни ким (қайси орган) қўллаши ҳақида аниқ қоидалар мавжуд эмас.

Маълумот учун, Улуғбек Файзиев 2021 йилнинг 13 ноябрдан буён Қизилтепа тумани ҳокими ҳисобланади.  

Мавзуга оид