Ўзбекистон | 21:25 / 11.02.2021
46459
2 дақиқада ўқилади

Президент ички ишлар тизимини ислоҳ қилиш бўйича йиғилиш ўтказади

12 феврал куни президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Олий Мажлис палаталари, Вазирлар Маҳкамаси, куч ишлатар тизимлар, барча вазирлар ва ҳокимлар иштирокида йиғилиш ўтказилиши кутилмоқда. Kun.uz манбасининг хабар беришича, давлат раҳбари кун тартибидаги асосий масала сифатида ички ишлар тизимини ислоҳ этиш деб белгилаган.

Президент 10 феврал куни 2021 йилги давлат дастурида режалаштирилган вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселекторда ҳам ички ишлар тизимини ислоҳ қилиш бўйича йиғилиш ўтказилиши, бу йиғилишга анчадан буён тайёргарлик кўрилаётгани, масала ниҳоятда муҳимлиги, ҳар бир раҳбар, ҳар бир ҳоким уни чуқур англаб етиши кераклиги ҳақида айтиб ўтганди.

«Албатта ички ишлар тизимида кўплаб фидойи ходимлар ишлашади. Уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш чораларини кўрамиз. Бу ходимларнинг маошини кўпайтириш масаласини ҳам муҳокама қиламиз. Барча ҳокимлар шу ерга [пойтахтга, йиғилишда бевосита иштирок этишга] келишади ва кўриб чиқиладиган масалалар моҳиятини англаб етмагунларича қайтиб кетишмайди. Маҳаллабай ишлаш тизимини йўлга қўйишимиз шарт», деганди президент.

Давлат раҳбари Фарғона вилоятига сафари давомида ҳам Фарғона шаҳридаги «Шодиёна» маҳалласига тўсатдан ташрифи хулосалари ҳақида сўзларкан, у ерда фаолият олиб бораётган участка нозирлари мисолида гапирганди.

«Бош вазирга топшириқ – маҳалла раислари ва участка нозирларини ҳокимиятга мажлисга чақириш қатъиян тақиқланади. Бу «участковой»ларга бошлиқ бўлмаган одамнинг ўзи йўқ экан. Ички ишлар тизими масаласини ўзи яқин орада алоҳида кўриб чиқамиз», деганди давлат раҳбари. 

Мавзуга оид