Ўзбекистон | 21:42 / 14.02.2022
38543
2 дақиқада ўқилади

Навбатда турган харидорларга автомобили етказиб бериладиган аниқ сана кўрсатилган хабарнома йўлланади

Шавкат Мирзиёев масъулларга автомобиль учун навбатда турган фуқароларга аниқ сана кўрсатилган хабарнома йўллаш топшириғини берди.

Президент Шавкат Мирзиёев 14 февраль куни машинасозлик саноатидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди.

Ўзбекистонда электромобиль тармоғини ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилади.

«Жаҳонда электромобиллар ишлаб чиқариш жадал ривожланиб, автомобиль бозорида салмоқли ўрин эгалламоқда. Биз ҳам бу соҳада ортда қолмаслигимиз учун амалий ишларни ҳозирдан бошлашимиз керак», дейди президент.

Қайд этилишича, мутасаддиларга уч ой муддатда электромобиль тармоғини ривожлантириш стратегиясини киритиш топширилган. Бунда:

  • электромобиллар учун бутловчи қисм ва материалларни маҳаллийлаштириш дастурини;
  • электромобиллар учун техник талаб ва замонавий стандартларни ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган.

Шунингдек, йил якунига қадар хорижий компаниялар билан музокараларни якунлаб, стратегик ҳамкор билан лойиҳани бошлаш юзасидан кўрсатма берилган.

Йиғилишда қишлоқ хўжалиги машинасозлиги кластерини ташкил этиш бўйича барча масалалар ҳал қилиб берилгани ва бунга бюджетдан 100 миллиард сўм маблағ ажратилгани кўрсатиб ўтилган.

Соҳа раҳбарлари олдига 2022 йилда қишлоқ хўжалиги машинасозлигида:

  • қишлоқ хўжалиги техникаси таннархини 12 фоизга камайтириш;
  • ишлаб чиқаришни 2 баробарга ошириш;
  • экспортни 15 миллион долларга етказиш вазифаси қўйилган.

Президент автомобиль учун навбатлар мавзусига тўхталиб, ҳозирги кунда навбатда турган ҳар бир буюртмачига UzAuto Motors компанияси томонидан автомобиль етказиб бериладиган аниқ сана кўрсатилган хабарнома йўллаш бўйича топшириқ берган.

Ички талабни қондириш мақсадида биринчи ярим йилликда 160 мингта, йил якунига қадар 275 мингта автомобиль ишлаб чиқариш зарурлиги қайд этилди.

Бозорда таклифни ошириб, халқимизга танлаш имкониятини яратиш мақсадида импорт автомобиллар учун божхона божи ставкаларини 2 баробарга пасайтириш бўйича ҳукуматга топшириқ берилган.

Бундан аввалроқ давлат раҳбари аҳоли талабларига эътибор қаратиб, автомобиллар учун олдиндан тўлов миқдорини 85 фоиздан 50 фоизга пасайтириш ва 1 майга қадар автомобиль сотиб олишдаги навбатларни тўлиқ бартараф этишга кўрсатма бергани хабар қилинганди.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид