Ўзбекистон | 16:23 / 04.05.2023
53845
7 дақиқада ўқилади

Мудиранинг ўғли боғчада 5-6 ёшли қиз болаларга тегажоғлик қилгани айтилмоқда

Мактабнинг юқори синфида ўқийдиган йигит болалар боғчасига келиб, тайёрлов гуруҳига киргани ҳамда 4 нафар қизни мажбурлаб ечинтирган ҳолда уларга тегажоғлик қилгани даъво қилинмоқда. Боғчанинг кириш қисмидаги камера ўша куни негадир ишламаган. Бу эса ҳолат атрофидаги шубҳаларни янада оширяпти. Айтилишича, гумондаги ўсмир боғча мудирасининг ўғли.  

Kun.uz’га фарзандлари Тошкент шаҳридаги давлат мактабгача таълим ташкилотларидан бири қатновчи бир гуруҳ ота-оналар мурожаат қилиб, боғчада қизлари билан боғлиқ хунук ҳолат содир бўлганлигини маълум қилишди. Уларга кўра, боғча мудирасининг ҳар куни боғчага келиб юрадиган, ўзи мактабда ўқийдиган ўғли болалар ухлаб ётган хонага кириб, қизларини қўрқитиб ечинтирган ва тегажоғлик қилган.   

Ҳозирда ота-оналар томонидан ҳолат юзасидан ички ишлар органларига ариза берилган.

“Мудиранинг эри ишни ёпти-ёпти қилмоқчи бўлди” – қизлардан бирининг отаси

“Кеча фарзандимиз билан боғлиқ салбий бир воқеа содир бўлди. Онам қизимни боғчадан олиб кетаётган пайтида ундан кунинг қандай ўтди, деб сўраган. Шунда қизим боғчада ухлаб ётган пайтларида хонага бегона эркак кирганлигини, қизларни ечинтириб, қўли билан уларнинг жинсий аъзоларига тегинганини, ўзидан олдин иккита қизнинг кийимларини ечиб, уларга тегажоғлик қилганлигини, кейин ўзининг ҳам олдига келиб, кийимларини ечганлигини, қаршилик қилганлигини, аммо кучи етмаганлигини айтиб берган. Йигит менинг қизимдан кейин яна бир қизга шунақа тегажоғлик қилган. У қизча бақириб-чақира бошлагач, хонадан чиқиб кетган. Бу ҳолат бўлган пайтида хонада боғча опаси бўлмаган.

Бу вазиятни эшитгач, боғчага келиб, ҳудуд профилактика инспекторини ҳамда прокуратурадан одам чақирдик. Психологлар ҳам келди. Уларнинг айтишига қараганда, бу бола боғча мудирасининг ўғли бўлган. У мактабнинг юқори синф ўқувчиси. Қандайдир бир болага овқат едиришга кирган эмиш. Ҳамма ухлаб ётганида кимга овқат едиради, қанақа бўлади у, хуллас ақлга сиғмайдиган нарсаларни гапиришяпти.

У болага ҳар доим боғчага кириб-чиқиб юрган, ўзлари ҳам бу нарсани тан олишяпти. Пойтахтнинг марказида жойлашган боғчада шунақа ҳолат бўлиб тургани жуда афсусланарли. Биз оиламиз билан шок ҳолатига тушиб қолдик.

Ички ишлар органларига ариза ёздик, психологларни чақирдик. Ҳозир аризамиз ички ишлар органида, кўриб чиқиляпти. Қизларнинг кийимларини экспертизага топширдик. Психолог ҳам болаларимиз билан гаплашди. Тўртта қиз бўлган воқеани бир хил айтиб беряпти. Психолог мудиранинг ўғли билан ҳам гаплашди. У бунақа ҳолат бўлганини тан олмади. Аммо психологнинг “Бошқа бу ишингни такрорламайсанми?”, деган саволига “Йўқ, такрорламайман” дея жавоб берган. Психолог қизлар алдамаётганлигини, бола уларга тегажоғлик қилгани бўйича ўз хулосасини айтиб кетди.

Яна бир ҳолат: боғчанинг фақат кириш қисмида камера қўйилган экан. Ички хоналарда камера йўқ. Боғчада пайтимиз профилактика инспекторига кириш қисмидаги камера ёзувларини олишни, ким кириб-чиққанлигини кўришимиз кераклигини, сабаби улар тан олмаслиги мумкинлигини қайта-қайта такрорлаб айтдим. Профилактика инспектори ана қиламиз, мана қиламиз деб бироз судради. Ва шу орада у камера ишламайдиган бўлиб қолди. 

Кейин боғча мудирасининг турмуш ўртоғи келиб, кечирим сўради ва бу ҳолат қайта такрорланмаслигини билдирди. У масалани шу жойнинг ўзида ёпти-ёпти қилишни илтимос қилди. Лекин биз бунга рози бўлмадик.

Ички ишлар ходимлари қонуний чора кўраётганлигини, аризамиз кимгадир йўналтирилса, ўша ходим билан ишлашимизни айтиб туришибди. Бу нарсага ҳеч ким жиддий қарамaяпти. Жабр кўрган қизлардан бири чет эл фуқаросининг фарзанди”. 

“Боғчада бунақа ҳолат бўлиши хаёлимнинг кўчасига ҳам кирмаган” – қизлардан бирининг онаси

“Кеча қизимни боғчадан олиб келганимиздан кейин бироздан сўнг менга оналардан бири қўнғироқ қилиб, боғчада бегона бола мана шунақа ёмон қилиқ қилган, қизингиздан сўраб кўринг-чи, деди. Қизимдан сўрасам, йўқ, ўша пайтда боғча опам бор эди, мени бурчакка турғизиб қўйди, деб айтди. Кейинроқ яна қўнғироқ қилиб, боғчага боришимни сўрашди ҳамда “участкавой” ҳам келаётганлигини айтишди. Мен боролмайман, қизимдан сўрадим, ўзи тенги бола экан, эртага боғча опасидан сўраб оламан, дедим. Кейин у она қизим алдаётганлигини, тегажоғлик қилган бола катта эканлигини билдирди. Бу гапдан қўрқиб кетиб, қизимни олиб дарров боғчага бордим. Йўлда сўрадим, аммо қизим айтмади.

Боғчага кираверишда “участкавой” келиб, “Сиз четда туринг, ҳеч ким билан гаплашманг, ҳозир психолог келяпти, ўша билан гаплашасизлар. Нима бўлганини унга айтиб беради”, деди. Шу пайт менга қўнғироқ қилган аёл ёнимизга келиб, қизимдан нима бўлганини сўради. Қизим аввалига ерга қараб жим турди. Ўша лаҳзада тарбиячи олдимизга югуриб келди ва важоҳат билан шунақа бўлдими, дея сўради. Шунда қизим йиғлаб юборди ва катта бола хоналарига кириб, ётган жойида унинг кийимларини ечганлигини, кўзингни очма, дея қўрқитганини айтди. Тарбиячи эса ҳозир шу бола келса ҳам мана шу гапларингни айтиб бероласанми, дея қизимга таҳдид қилишга ўтди. Кейин мен қизимни қўрқитманг, дея нари кетдим. 

Шу куни Ички ишлар органига, эртаси куни суд экспертизасига бордик.    

Мана шунақа ҳолат бўлишига болаларни ёлғиз қолдирган боғча опалари шароит яратиб беряпти. Сўраб-суриштирсак, бу ишни қилган бола боғча мудирасининг ўғли экан. У ҳар куни мактабдан чиқиб, боғчага келаркан ҳамда бемалол гуруҳларга кириб юраркан. Мудиранинг ўғли бўлса ҳам бегона боланинг боғчага кириб юриши мумкин эмас-ку.

Бизнинг гуруҳ тайёрлов гуруҳи, қизлар катта бўлгани учун бу ҳолатни айтиб бера олишяпти. Агар кичик ёшдагиларига ҳам шунақа қилиқ қилса, улар гапириб беролмайди.

Бу кимларгадир ҳозир оддий нарса бўлиб кўринаётган бўлиши мумкин. Лекин бу гапни эшитганимда мен шок ҳолатига тушиб қолдим. Боғчада шунақа ҳолат бўлади деб хаёлимнинг кўчасига ҳам кирмаган эди”.

Кўза кунда эмас, кунида синади

Таҳририятда қизлар ва уларнинг ота-оналари, мактабгача таълим ташкилоти ҳақида маълумотлар бор. Аммо болаларнинг хавфсизлиги ва ота-оналар томонидан қўйилаётган айблов жиддийлиги сабабли, ушбу маълумотлар ҳозирча ошкор қилинмаслигига қарор қилинди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, тегишли масъуллар ва органлар ушбу ҳолатни зудлик билан назоратга олиши лозим.

Kun.uz мавзуни кузатишда давом этади.     

Мавзуга оид