Жамият | 12:25
4651
3 дақиқада ўқилади

Автобусда ёш болага жинсий тегажоғлик қилган педофил 6 йилга қамалди

Тошкентда автобусда 13 ёшли ўғил болага тегажоғлик қилган эркак озодликдан маҳрум этилди. 38 ёшли шахс муқаддам ўғрилик, талончилик ва номусга тегишга суиқасд қилиш билан боғлиқ жиноятларни содир қилиб, бир неча бор судлангани маълум бўлди. Педофил судда автобусдаги ҳаракатини маст ҳолда қилганини, спиртли ичимлик истеъмол қилса “ўзини билмай қолишини” айтган.

Фото: Болалар омбудсмани

Тошкентда автобусда ёш болага шилқимлик қилган шахс жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Суд ҳукмига кўра, 1988 йилда туғилган Ғ.Х. 2025 йил 4 февраль куни соат 21:00 ларда 98-сонли автобусга йўловчи сифатида чиқиб, футбол тўгарагидан қайтаётган 13 ёшли ўғил болага маст ҳолатда зўрлик ишлатган ва қўрқитган. У боланинг кўкрак қисмидан ушлаб, лабидан ўпишга уринган ва унга нисбатан уятсиз бузуқ ҳаракатлар содир қилган.

Ғ.Х. судда айбига иқрор бўлган ва автобусдаги ҳаракатларини маст ҳолда қилганини маълум қилган.

Зангиота туманида жойлашган целофан ишлаб чиқариш цехида ишлаб, иш ҳақи сифатида 442 000 сўм пул олдим. Сўнг Зангиота тумани ҳудудида жойлашган “вино-водка”дан спиртли ичимлик сотиб олиб, истеъмол қилдим. “Дамас”га ўтириб, Тошкент шаҳар Чилонзор туман ҳудудида жойлашган “Чилонзор буюм бозори”га келдим. Жуда кўп миқдорда спиртли ичимлик истеъмол қилганим сабабли кейин нима бўлганини эслолмайман.

Кўзимни очиб қарасам Олмазор тумани Қорақамиш даҳасидаги оқиб ўтувчи анҳор ёнида эканман. Сўнг ИИО ходимлари тегишли тартибда ушлашди. Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганим сабабли суд томонидан менга нисбатан 3 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Кейинчалик 98-сонли автобусда ёш болага уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир қилганимни билдим. Ушбу ҳаракатларни спиртли ичимлик таъсирида содир қилганман. Нима учун бундай қилганимни ўзим ҳам билмайман”, деган эркак суддаги кўрсатмасида.

Шунингдек, у спиртли ичимлик истеъмол қилса ўзини билмай қолишини айтиб, қилмишидан пушаймон эканини билдирган ҳамда суддан енгиллик сўраган.

Ғ.Х.нинг автобусдаги ҳаракатини бола ўз телефонига тасвирга туширган ҳамда яқин қариндошига бўлган воқеани айтиб берган. Сўнгра боланинг қариндоши ҳолат юзасидан ИИО ходимларига ариза билан мурожаат қилган.

ЖИБ Чилонзор туман судининг 2025 йил 20 июндаги ҳукми билан Ғ.Х. Жиноят кодексининг 129-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилган. Унга 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Маълум бўлишича, Ғ.Х. муқаддам ҳам бир неча бор судланган. Хусусан, 2013 йилда Жиноят кодексининг 25,118-моддаси 1-қисми билан 3,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Аввалроқ педофилия учун умрбод қамоқ жазоси киритилиши хабар қилинганди: давлат дастурида 14 ёшга тўлмаган шахсларга нисбатан содир этилган жинсий жиноятлар учун умрбод озодликдан маҳрум этиш жазосини жорий этиш назарда тутилган

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров

Мавзуга оид