Ўзбекистон | 10:01 / 07.06.2022
9562
4 дақиқада ўқилади

254 та спорт мактаби, 56 та ихтисослаштирилган спорт мактаби ташкил этилади

Фото: joqargikenes.uz

“Давлат спорт-таълим муассасалари фаолиятини мутлақо янги тизим асосида ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.

Қуйидагилар ташкил этилди:

Спортни ривожлантириш вазирлиги тасарруфидаги 279 та болалар-ўсмирлар спорт мактаблари ва уларнинг филиаллари негизида 254 та спорт мактаби;

вазирлик тасарруфидаги 56 та ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаблари негизида 56 та ихтисослаштирилган спорт мактаби.

Спорт мактабларига 4 ёшдан 30 ёшгача бўлган болалар ва ёшлар қабул қилинади.

“Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ўтказилган оммавий спорт мусобақалари ғолиб ва совриндорлари, 4-6 ёшли болалар спорт турларидан келиб чиқиб дастлаб спорт мактаби спорт-соғломлаштириш гуруҳида олимпия спорт турлари ёки миллий кураш бўйича 8 ойгача бепул шуғулланади.

Спорт мактаби спорт-соғломлаштириш ва бошланғич тайёргарлик гуруҳларида тайёргарликдан ўтган, профессионал спортга салоҳияти бор ўқувчилари ихтисослаштирилган спорт мактаби тегишли йўналишига (спорт ўйин турлари ва енгил атлетика, сув спорти турлари, якка кураш ва гимнастика) ўқишга қабул қилинади.

2022/2023 ўқув йилидан:

аҳолиси 200 мингдан юқори бўлган туман (шаҳар)лардаги спорт мактабларида камида 20 та олимпия спорт турлари;

аҳолиси 150 мингдан 200 минггача бўлган туман (шаҳар)лардаги спорт мактабларида камида 15 та олимпия спорт турлари;

аҳолиси 150 минггача бўлган туман (шаҳар)лардаги спорт мактабларида камида 10 та олимпия спорт турлари бўйича спортчилар тайёрланади.

Спорт мактаблари контингенти фақат Олимпия ва Паралимпия, Осиё ва Параосиё ўйинлари дастурига киритилган (бундан миллий кураш ҳамда алоҳида ҳукумат қарорлари билан белгиланган спорт турлари мустасно) спорт турлари бўйича шакллантирилади.

Спорт мактаблари тренерларига ноолимпия спорт турлари бўйича, аҳоли жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизими бўйича спорт синовларидан кейинги босқичларга ўта олмаган ўқувчилар учун олимпия спорт турлари бўйича пулли асосда тўгараклар ташкил этишга рухсат берилади. Бунда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига киритилган оилалар фарзандларига спорт мактабларида машғулотлар бепул ўтказилади.

Қарор билан Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари ташкил этилди. Мазкур марказларда ўқиш жараёни 2 та босқичда амалга оширилади:

биринчи босқичда 5–11-синфлар учун Олимпия мактаблари;

иккинчи босқичда 1–2-курслар учун Олимпия ва Паралимпия коллежлари фаолият кўрсатади.

Спортни ривожлантириш вазирлиги тасарруфидаги спорт мактаблари тренерлари базавий тариф ставкалари 2022 йил 1 сентябрдан ўртача 1,35 бараварга оширилади.

2023 йил 1 январдан Ўзбекистон чемпионатлари ва кубоклари мусобақалари спорт турлари хусусиятларига мувофиқ, спорт федерация (ассоциация)лари томонидан, халқаро спорт ташкилотлари тасдиқланган норма ва қоидаларида белгиланган ёш тоифалари (кичик ўсмирлар, ўсмирлар, ёшлар, U-23 ва катталар) ўртасида йилда бир марта ўтказилади, бунда мусобақаларни туғилган йиллар кесимида ўтказилишига йўл қўйилмайди.

2023 йилдан ҳар йили қўшимча равишда:

спорт мактаблари тиббиёт хоналарини замонавий асбоб-ускуналар, дори-дармон ва тикланиш воситалари билан жиҳозлашга – 10 миллиард сўм;

спорт мактаблари учун замонавий ўқув адабиётларини чоп этиш ва харид қилишга – 2 миллиард сўм;

вилоят, республика ва халқаро спорт мусобақаларида иштирок этадиган спорт мактаблари шуғулланувчиларини (терма жамоаларини) махсус спорт кийимлари (экипировкалар) билан таъминлашга – 23 миллиард сўм ажратилади.

2022/2023 ўқув йилидан Тошкент вилояти гимнастикага ихтисослаштирилган спорт мактаби фаолияти йўлга қўйилади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид