Одатда, ортиқча вазнни фақат нотўғри овқатланиш ёки кам ҳаракат билан боғлаймиз. Аммо амалий таҳлиллар шуни кўрсатадики, баъзан одамлар барча қоидаларга амал қилса ҳам вазн кетмайди. Бундай ҳолатда муаммо нотўғри турмуш тарзи эмас, организмдаги гормонал жараёнлар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Мутахассислар ортиқча вазн билан курашишда узоқ давом этувчи стресс ва менопауза давридаги гормонал ўзгаришларга алоҳида эътибор қаратишни тавсия этади.

Стресс таъсирида тўпланадиган ёғ

Эҳтимол, стресс озишнинг энг катта душмани эканини эшитгансиз. Кортизол буйрак усти безлари ишлаб чиқарадиган гормон бўлиб, организмнинг ноқулай шароитларга мослашувида жуда муҳим рол ўйнайди. У инсулин таъсирига қарши ишлайди ва қондаги глюкоза миқдорини оширади, негаки организмга хавфдан қочиш ёки курашиш учун энергия керак деган сигнал юборилади.

Кортизол мураккаб вазиятларда яхши ишлайди ва бизни ҳаракатга сафарбар қилади. Аммо стресс ҳафталаб давом этса ва кортизол даражаси нормага қайтмаса, вазият ўзгаради. Бунда доимий очлик ҳисси пайдо бўлади, ёғли ва ширин овқат ейишга кучли истак туғилади, гўёки организм ўзини энергия билан таъминламоқчидек бўлади. Бунинг сабаби эса узоқ вақт сақланиб турган юқори кортизол даражаси мия очлик ҳиссини шакллантирадиган нейропептид Y миқдорини оширади.

Шунингдек, кортизол инсулин таъсирига қарши ишлагани сабабли, инсулинрезистентлик ривожланишига олиб келади. Стресс гормони қондаги шакарни оширишга йўналтирилган, инсулин эса ортиқча глюкозани ҳужайраларга киритишга ҳаракат қилади. Стресс шароитида организм инсулин “буйруқларини” эшитмайди ва ҳужайралар етарли энергия олмайди. Оқибатда ортиқча шакар ёғ кўринишида айнан кортизолга энг сезгир жой – қорин соҳасида тўпланади ва “қорин ҳалқаси” ҳосил бўлади.

“Кортизолли қорин”ни қандай аниқлаш мумкин?

  • Аёлларда бел айланасининг 80 см дан, эркакларда 94 см дан катта бўлиши;
  • Қон, сўлак ёки сийдик таҳлилларида кортизол даражаси юқори чиқиши;
  • Юқори кортизолга хос бошқа белгилар: артериал босим ошиши, тўқ рангли стриялар, уйқу муаммолари;
  • Узоқ вақтдан буён давом этиб келаётган стресс.

Бундай ҳолатда қорин барча уринишларга қарамай кичраймайди.

Менопауза ва вазн ортиши

Ҳозирда олимлар ёш ўтиши билан метаболизм секинлашиб, вазн ортишига сабаб бўладими деган саволни фаол ўрганмоқда. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, 20 ёшдан 60 ёшгача кунлик энергия сарфи деярли бир хил бўлади. Фақат 60 ёшдан кейин метаболизм ҳар йили тахминан 0,7% га секинлашади, бу мушак массасининг камайиши билан боғлиқ.