Йиғилишда қайд этилганидек, аҳолининг оммавий спорт билан қамрови 15 миллионга етди, спорт билан доимий шуғулланувчиларнинг сони сўнгги йилларда қарийб 1,5 баробарга ошди. Йиғилишда жаҳон универсиадаси, Ёшлар ўйинлари, Ислом бирдамлиги мусобақаси, Ёшлар Параосиё ўйинлари, футбол ва шахматдаги ютуқлар санаб ўтилди.
Шу билан бирга, бу натижалар билан чекланиб қолмаслик, мавжуд имкониятлар ва яратилган шароитлардан тўлиқ фойдаланиш зарурлиги таъкидланди. Айрим спорт турлари бўйича натижалар ҳали мавжуд инфратузилма ва салоҳиятга тўлиқ мос келмаётгани кўрсатиб ўтилди. Энг аввало, оммавий спорт билан шуғулланувчиларнинг сонини яқин истиқболда 17 миллион нафарга етказиш зарурлиги қайд этилди.
Халқаро спорт ўйинлари ва олимпиадалар учун муносиб захира яратиш мақсадида ташкил этилган Президент Олимпиадаси орқали очиқ ва шаффоф селекция тизимини йўлга қўйишни давом эттириш муҳим экани кўрсатиб ўтилди. Энди мусобақаларни йилига 2 марта ўтказиш ва ҳудудларда 13-14 ёш тоифасида ташкил этиш, спорт турларининг сонини босқичма-босқич 20 тага етказиш топширилди.
Таъкидланишича, янги Олимпия шаҳарчасига 17 та олимпия спорт федерацияси ва бошқа спорт ташкилотлари кўчиб ўтган. Энди ушбу мажмуалар ўзбек спортининг миллий тимсоли ва ягона кластерига айланиши лозимлиги таъкидланди.

Спорт соҳасини янада ривожлантиришда илмий ёндашувни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидланганидек, юқори спорт натижаларига эришиш нафақат инфратузилма ва мусобақалар, балки спорт фанининг барча йўналишларини тизимли ривожлантириш билан бевосита боғлиқ.
Бу борада спорт фармакологияси, диетология, функционал ва жисмоний тайёргарлик, реабилитация ҳамда юкламаларни индивидуал режалаштириш бўйича замонавий ёндашувларни амалиётга кенг жорий этиш вазифалари белгиланди. Илмий-тадқиқот ишларини фаоллаштириш, спорт соҳасидаги илғор ишланмалар ва сўнгги тадқиқот натижаларини амалиётга татбиқ этиш, шунингдек, миллий ва халқаро даражада илмий анжуманлар ва конференциялар ўтказиш орқали тажриба алмашинувини кучайтириш муҳим экани таъкидланди.
Шу билан бирга, спорт соҳасини ривожлантиришга хусусий сектор ва инвесторларни кенг жалб этиш, спорт инфратузилмаси, тайёргарлик марказлари ва спорт хизматлари бозорида инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш кераклиги айтилди.
Ёшларни оммавий спортга жалб этишда спорт мактабларининг маҳаллаларгача кириб боришини таъминлаш, иқтидорли ёшларни эрта аниқлаш ва уларни мақсадли тайёрлаш тизимини мустаҳкамлаш зарурлиги алоҳида қайд этилди.















