Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Институт ишлаб топган пулига ўзи учун ускуна сотиб ололмайди» — Ядро физикаси институти директори
9 феврал куни «Ядро физикаси институти илмий-тадқиқот фаолиятини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарорида белгиланган вазифалар ижросига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Ядро физикаси институти директори Илҳом Содиқов
ЎзФА Ядро физикаси институти Марказий Осиёдаги йирик илмий текшириш муассасаларидан. Институтда ядро физикаси, қаттиқ жисмлар радиацион физикаси, материалшунослик, активацион таҳлил, радиокимё, илмий асбобсозлик, ахборот технологиялари йўналишлари бўйича фундаментал ва амалий тадқиқотлар олиб борилади.
Институт директори Илҳом Содиқов ҳозирги кунда институтда мавжуд илмий йўналишлар, 14 та илмий бўлим ва лабораториялар фаолияти тўғрисида маълумот берди.
«Ядро физикаси институти 1956 йилда ташкил топган бўлиб, 2016 йилда ҳукумат қарори билан тугатилган ва 2га бўлиб юборилган эди. Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017 йилда қайтадан ташкил этилган. Ҳозирги кунда институтда 14 та илмий бўлим ва лаборатория фаолият кўрсатмоқда.
Институтда 10 МВт қувватли ВВР-СМ тадқиқот ядро реактори, НГ-150 нейтрон генератори; У-150 циклотрони «Электроника У-003» электрон тезлатгичи; Кобальт-60 гамма қурилма каби 7 та ноёб ядро-физикавий илмий объектлар фаолият кўрсатади.
Асосий асбоб-ускуналаримиз эски. Институтимизда 10 мингдан ортиқ ускуналар бўлса, шунинг 80 фоиздан ортиғи иттифоқ даврида ишлаб чиқарилган.
Институт қошида 3 та шуъба корхона мавжуд бўлиб, уларнинг 2 таси – «Радиопрепарат» давлат корхонаси ва «Тезлатгич» МЧЖ тиббиёт ва саноат эҳтиёжлари учун радиоизотоп маҳсулотлар ишлаб чиқаради. Бу корхоналар 50 дан ортиқ радиофармацевтик воситаларни ишлаб чиқариб, республикамиз тиббиёт клиникаларининг бундай маҳсулотларга бўлган талабини тўлиқ қондириш билан бирга, дунёнинг 14 мамлакатига экспорт қилади», – дейди институт директори.
Илҳом Содиқов институт илмий фаолиятини жадаллаштиришдаги муаммолар хусусида тўхталди.
Унинг фикрича, илмий институтлари учун зарур прибор ва бошқа ускуналарни, хўжалик шартномалари орқали ҳисобрақамга тушадиган пулларни ҳар бир институт ўзи бевосита бошқариши ва назорат қилиши керак.
«Ўтган йиллар мобайнида илмий тадқиқот муассасалари моддий техник базасини ривожлантириш учун маблағлар ажратилди. Ҳар бир илмий муассаса ўзига энг зарур аппаратлар рўйхатини берди. Ядро физикаси институтига 1,5 млн доллар асбоб-ускуналар харид қилиш учун ажратилган эди, шундан 30 фоизини – рўйхатдаги 40та прибордан 3тасини ўзлаштириб олганмиз, холос. Қолганлари бўйича эса ишлар жуда ҳам суст.
Бундан ташқари, ўша приборларни сотиб олиш тизими ўта мураккаб. Бу тизим бўйича тендерлар ўтказилади. Тендерга ойлаб, баъзида йиллаб вақт кетяпти. Бу вақт ичида ўша тендерга қўйилган асбоб-ускуналар эскириб қоляпти.
Мисол учун, ядро реактори учун бир приборни қўйган эдик, бизга жуда зарур эди, чўзилиб кетгани учун ўзимиз маблағимиздан сотиб олдик. Энди унга зарурат йўқ. Шунинг пулига бошқа ускуна олайлик десак, йўқ, мумкинмас, бу пулни бошқа институтга берамиз, дейди. Нима учун?
Бу ташкилотга ўз маблағидан сотиб олгани учун «рағбат»ми энди. Шу каби воқеадан кейин ким бир нарса сотиб оларди, қачон олиб келаркин деб кутиб ўтираверади. Институтларга бироз эркинлик бериш керак. Ёки биз таклиф қилгандек, ўша ажратилаётган маблағни институтларга берсин. Бирор шубҳа пайдо бўлса, бемалол келиб текширишсин, марҳамат.
Бизнинг институтимиз бюджетдан ажратилган маблағни ошиғи билан қайтаряпти, яъни ўтган йили 1га 1,7 нисбатда бўлди.
Майли, давлат бераётгани бир ёқли, лекин институт ишлаб топган пулга ўзи учун асбоб-ускунани сотиб ололмайди. Нега ўзининг пулига ўзи эгалик қилолмайди? Машиналаримиз эскирган, шуларни янгилаймиз, ўзимизнинг маблағимиз бор, рухсат беринглар десак, ҳозирги кунда мақсадга мувофиқ эмас, дейди. Нима учун? Бунга ўхшаган муаммолар жуда ҳам кўп.
Бу масалаларни бош вазир даражасигача кўтардик. Лекин ҳалигача ечимини топгани йўқ. Айниқса, ҳозир ғазначиликка ўтгандан кейин муаммо яна ҳам кўпайди.
Биз ўзимизнинг пулимизни ишлатаётган пайтимизда энг арзонини сотиб олишга ҳаракат қиламиз. Чунки унда манфаат ётибди, қимматга сотиб олишдан наф йўқ. Савдолашамиз, нархини туширамиз.
Бу каби муаммолар институтнинг илмий фаолияти, ишлаб чиқариш фаолияти ривожланишига тўсиқ бўляпти», – дейди Илҳом Содиқов.
Мавзуга оид
15:46 / 10.07.2020
«Жаҳон бўйича айрим изотопларнинг ярми Ўзбекистондан олинади» — Ядро физикаси институти директори билан суҳбат
19:10 / 12.06.2019
Видео: Ўзбекистондаги илк атом реакторига пресс-саёҳат
20:08 / 10.06.2019
Атомдан тинч мақсадларда кўплаб соҳаларда фойдаланса бўлади - журналистлар Ядро физикаси институтида бўлишди
12:30 / 20.07.2018