Ўзбекистон | 12:30 / 20.07.2018
10389
2 дақиқада ўқилади

Илмий ишланмаларни қўллаб-қувватлаш учун 100 миллион доллар ажратилади

Президент Шавкат Мирзиёев Ядро физикаси институтида Фанлар академияси ва илмий-тадқиқот институтлари вакиллари, академиклар, олимлар, ёш тадқиқотчилар билан мулоқот қилди. 

«Мамлакатимизда илм-фанни ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётгани, кейинги бир йилда президентнинг соҳага доир 11 фармон ва қарори қабул қилингани қайд этилди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида

Лекин фан билан ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграция паст даражада қолаётгани, илмий изланишлар етарлича қўллаб-қувватланмаётгани танқид қилинган.

«Ҳар бир илмий ишга маҳсулот сифатида қаралиши, унинг харидори олдиндан аниқ бўлиши керак», деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари илмий ишланмаларнинг амалиётга татбиқ этилишини қўллаб-қувватлаш учун 100 миллион доллар грант ажратилиши, илмий-тадқиқот институтлари ходимларининг ойлик маошлари бир неча баробар оширилишини маълум қилди.

Учрашувда бу борадаги ишларни амалга ошириш, кадрлар тайёрлаш, илмий ишланмалар яратиш ва соҳага татбиқ этиш масалалари тўғрисида фикр алмашилди.

Бундан аввалроқ «Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилингани, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги ташкил этилгани ҳақида хабар берилганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид