– Илҳом Исмоилович, бизда узоқ йиллардан буён ядро тиббиёти учун радиоизотоп маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Лекин шу билан бир пайтда кўпчилик ядро тиббиёти тўғрисида тасаввурга эга эмас. Нега бундай?

– Сиз ҳақсиз. Бизнинг Ядро физикаси институтида тиббиёт учун изотоп маҳсулотларни бу соҳа энди ривожлана бошлаган пайтларидаёқ ишлаб чиқариш бошланган. 1976 йилда ЯФИ негизида «Радиопрепарат» корхонаси тузилган бўлиб, ядро тиббиёти учун турли радиофармпрепаратлар тайёрлаш йўлга қўйилганди.

Ўша йилларда собиқ иттифоқда бу соҳа энди тетапоя қила бошлаган, дунёда эса «ядро тиббиёти» деган тушунчанинг ўзи йўқ эди. Биз айнан шу йилларда изотоп маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйганмиз.

Факт: Ўзбекистон ядро тиббиёти учун изотоплар ишлаб чиқариш бўйича дунё бозоридаги етакчилардан бири саналади. Масалан, онкологик касалликларни даволашда ишлатиладиган йод-125 радиоизотопининг 50 фоизидан кўпроғи Ўзбекистонда, ВВР-СМ ядро реакторида олинади.

1978 йилда бизда илк бор технеций-99m радионуклид генератори олинганди. Бу энг универсал радионуклид бўлиб, ҳар хил хасталикларнинг диагностикасида ишлатилади. Бугунги кунда дунё бўйича радионуклидлар иштирокида ўтказиладиган барча ташхис муолажаларининг 85 фоиздан ортиғи айнан технеций-99m ёрдамида ўтказилади.

80-йилларда Ўзбекистонда ядро тиббиёти шаклланиши бошланди, ЯФИда радионуклидларни ишлаб чиқариш суръати тезлашди ва асосан экспорт қилиш кўзда тутилди. Ҳозирги кунда ҳам бизнинг 90 фоиз маҳсулотларимиз экспорт қилинади, шу сабаб бизни Ўзбекистондан кўра дунёда кўпроқ билишади.

Охирги 4-5 йилда вазият ўзгармоқда. Умид қиламизки, тез орада бизни ўз юртимизда ҳам яхши таниб олишади ва фахрланишади.

– Ўзбекистон изотоп маҳсулотларни қайси давлатларга экспорт қилади ва бу қанча даромад келтиради?

– Бугунги кунда бизнинг Ядро физикаси институтимиз дунёнинг 12 давлатига изотоп маҳсулотларни экспорт қилади. Булар – АҚШ, Канада, Буюк Британия, Германия, Италия, Россия, Япония, Хитой, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлар.

Тиббиёт мақсадлари учун ишлаб чиқариладиган изотоп маҳсулотларини экспорт қилишдан келадиган маблағ йилига ўртача 3 миллион АҚШ долларини ташкил этади.

Факт: Ядро физикаси институти радиофармацевтик препаратлар ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги 20та йирик муассаса қаторида туради.