Ўзбекистон | 17:14 / 15.09.2024
7611
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Самарқандга борди

Самарқандда Германия канцлери Олаф Шолцнинг Ўзбекистонга илк ташрифи доирасида олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон-Германия саммити тадбирларида иштирок этиш учун Самарқанд шаҳрига келди.

Бугун Германия федератив республикаси федерал канцлери Олаф Шолц мамлакатимизга расмий ташриф билан келмоқда.

Бўлажак музокараларда Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилади.

Бу Шолцнинг Марказий Осиёга илк ташрифи бўлади ва унга минтақа давлатлари билан ҳамкорликни чуқурлаштириш мақсадида «катта бизнес делегацияси» ҳамроҳлик қилади.

Ташриф дастурига мувофиқ, Самарқанд шаҳрида олий даражадаги музокаралар ўтказилади. Унда Ўзбекистон-Германия кўп қиррали ҳамкорлигини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилади.

«Савдо-иқтисодий, технологик ва инвестициявий-молиявий шерикликни кенгайтириш, Германиянинг етакчи компания ва банклари билан ҳамкорликни чуқурлаштириш, меҳнат миграцияси, экология, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, туризм ва бошқа йўналишларда фаол алоқаларни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилади. Минтақавий ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари бўйича фикр алмашилади», дейилган президент матбуот хизмати хабарида.

Дастур доирасида Ўзбекистон президенти ва Германия федерал канцлери икки мамлакат ишбилармон доиралари билан учрашув ҳам ўтказади.

Мавзуга оид