Жаҳон | 15:47 / 09.11.2024
1727
3 дақиқада ўқилади

Шолц Бундестагга муддатидан олдин сайловлар санасини муҳокама қилишга тайёр

Германия канцлерининг сўзларига кўра, ЭДП ҳукмрон коалициядан чиққанидан кейин сайловлар санасини хотиржамлик билан келишиб олиш керак. Мухолифат етакчиси Мерц сайловларни Трамп инаугурациясидан бир кун олдин ўтказишни таклиф қилган.

Фото: Denes Erdos/AP Photo/picture alliance

Германияда ҳукумат коалицияси бўлиниб кетганидан сўнг Германия канцлери Олаф Шолц Бундестагга муддатидан олдин сайловлар ўтказиш санаси бўйича муроса қарорига тайёрлигини билдирди. «Биз бу санани иложи борича хотиржам муҳокама қилишимиз керак», деди у 8 ноябр, жума куни Будапештда бўлиб ўтган ЕИнинг норасмий саммитида.

Бундестаг фракциялари ўртасида сайловга қадар қабул қилиниши керак бўлган қонун лойиҳаларини маъқуллаш масалаларини муҳокама этиш чоғида ишонч вотуми бўйича овоз беришнинг мақбул вақти ҳақидаги саволга ҳам жавоб топиш мумкин, дея қўшимча қилди Шолц.

Мерц сайловларни Трамп инаугурациясидан бир кун олдин ўтказишни таклиф этмоқда

Айни пайтда, энг йирик мухолифат партияси – Христиан-демократик иттифоқ (ХДИ) раҳбари Фридрих Мерц 20 январ куни АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп инаугурациясидан олдин Бундестагга муддатидан олдин сайловлар ўтказиш зарур, деб ҳисоблайди. «Германияда янги сайловлар 19 январда бўлиб ўтиши мумкин», деди у Stern ҳафталиги ва RTL телеканалига. Мухолифат етакчиси бу санага ҳали 2,5 ой борлигини таъкидлаб, тўрт ҳафта ичида муддатидан олдин сайловга тайёргарлик кўриш мумкин бўлган Франция тажрибасига тўхталиб ўтди.

Мерц сўзларига кўра, Шолцнинг сайловларни март ойида ўтказиш таклифи унинг тактик мулоҳазаларини яширади ва у 2 март куни Ҳамбургда маҳаллий сайловларни кутмоқчи. Социал-демократлар етакчиси кейинга қолдириш орқали ўз партиясининг мавқейини яхшилашга умид қилмоқда, дейди у.

Ўз навбатида, Германия ҳукумати расмий вакили ўринбосари Кристиане Ҳоффманнинг таъкидлашича, Шолц Мерцнинг канцлерга ишонч масаласини Бундестагда 13 ноябрда овозга қўйиш талабини рад этган. Шу куни Шолц Бундестагда мавжуд вазият ҳақида ҳукумат баёноти билан чиқади.

Германияда ҳукмрон коалиция парчаланди

Германияда Германия Социал-демократик партияси (ГСПД), Эркин демократик партия (ЭДП) ва «Иттифоқ-90/«яшиллар» партиясидан ташкил топган ҳукмрон «светофор коалицияси» парчаланди. Германия канцлери Олаф Шолц март ойида муддатидан олдин сайлов ўтказиш имкониятига эга бўлиш учун 15 январ куни Бундестагда ўз ҳукуматига ишонч масаласини овозга қўяди. Бу ҳақда 6 ноябр куни кечқурун Шолц маълум қилди.

Канцлер вице-канцлер Роберт Ҳабекнинг Германиянинг келажакдаги сиёсий йўналишига тезкорлик билан аниқлик киритиш зарур деган фикрга қўшилганини айтди. Рождествога қолган ҳафталар ичида Шолц Бундестагда тезкор қабул қилишни талаб этувчи, хусусан, саноатни фавқулодда қўллаб-қувватлаш, шунингдек, пенсияларни барқарорлаштириш чораларини кўришни талаб қиладиган барча қонун лойиҳаларини овозга қўйиш ниятида.

Мавзуга оид