Ўзбекистон | 22:38 / 30.10.2018
36981
5 дақиқада ўқилади

Фотожамланма: Хива - Жаҳон мероси дурдонаси жойлашган шаҳар

Хива шаҳридаги баланд деворлар билан ўралган Ичан Қалъа тарихий мажмуаси Марказий Осиёнинг Жаҳон мероси рўйхатига қўшилган биринчи ёдгорлигидир. KUN.UZ мухбири Ўзбекистон хусусий сайёҳлик ташкилотлари уюшмаси таклифига биноан "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ томонидан ташкиллаштирилган медиа-тур давомида Хивада бўлиб, ушбу кўҳна шаҳар ёдгорликларига оид маълумотлар ва суратлар билан бўлишди.

Юзлаб йиллар давомида қад кўтарган қалъа ва саройлар, масжид ва мадрасалар, мақбара ва миноралар, карвонсаройлар ва ҳаммомлар Ичан-Қалъани ноёб тарихий шаҳарчага айлантирган.

Хивадаги обидаларнинг майолик қопламаси ўзига хос услубда бўлиб, уларга асосан тўқ кўк рангдан ҳаворанг ва оқ ранггача бўлган бўёқларда ишлов берилган, баъзи жойларида эса жигарранг безакларга ҳам кўзимиз тушади.

Хиванинг меъморчилик ёдгорликларида кўпинча узум барглари ва мевасини ёдга солувчи нақшлар туширилган. Дарахтга нақш ўйиш – Хоразм санъат турларидан бири.

Бу ерда кўп жойларда турли нақшлар туширилган ёғоч устунлар ва эшикларни кўриш мумкин.

Кўп қадимги уйлар хусусий меҳмонхоналар ва меҳмон уйларига айлантирилган.

Мадрасалар эса қайта профилланиб, музей, қисман меҳмонхона, арт-кафе ва ресторанларга тақсимланган.

Яна бир машҳур зиёратгоҳ мовий гумбаз ва нақшлар билан безатилган Паҳлавон Маҳмуд мақбарасидир. Унинг мақбараси ёнида бир неча хонлар ва уларнинг оилаларининг хонақолари жойлашган.

Навбатдаги меъморчилик намунаси Жума масжидидир. Ушбу бино 200 дан ортиқ ўймакор устун ва минорага эга.

Масжид яқинида Исломхўжа мақбараси ва минораси жойлашган. Ҳозирги кунда бу минора шаҳарнинг энг баланд иншооти хисобланади.

Хиванинг юқоридан кўринишини томоша қилиш учун тор қоронғу йўлакдан кўтарилиш лозим. (Клаустрофобиядан азият чекувчилар учун тавсия этилмайди).

Миноранинг юқори чўққисидан эса Хиванинг мисли кўрилмаган гўзаллигига гувоҳ бўласиз. Босиб ўтилган йўл шунга арзийди.

Ичан-Қалъа ичида қадимий Хоразм ҳунармандчилигини намуналарини сотиб олиш мумкин. Хорижий мамлакатдан ташриф буюрган сайёҳлар миллий ҳунармандчилик намуналарига катта қизиқиш билдиришади.

Сафар давомида Япониянинг Токио шаҳридаги консалтинг компаниялардан бирида фаолият юритувчи Мое Шибата билан танишиб қолдик ва у KUN.UZ'га Ўзбекистонга саёҳати таассуротлари ҳақида сўзлаб берди:

"Ўзбекистонга саёҳат қилганимдан жуда мамнунман, бу ернинг одамлари жуда меҳмондўст ва меҳрибон экан. Япониядан Ўзбекистонга ёлғиз ўзим келгандим, лекин бу юртда ёлғизликни ҳис қилмадим. Хивадаги тарихий обидалар ҳеч кимни бефарқ қолдирмаса керак, улар бири-биридан чиройли ва ажойиб. Бу ерда гид билан саёҳат қиляпман, тарихий маълумотлар билан танишяпман ва буларнинг бари жуда қизиқ. Шу билан бирга, ўзбек миллий таомлари ҳам менга жуда манзур бўлди, айниқса, сомсанинг мазаси оғзимда қолди, унинг мазасини биринчи марта шу ерда татиб кўрдим".

Ёш сайёҳ ҳозирча Ўзбекистоннинг  Тошкент, Бухоро, Самарқанд ва Хива шаҳарларида бўлгани, уларнинг бари ўзига хос ва кўркам эканлигини, бу ерда кўплаб дўстлар орттирганини таъкидлади. У энди ўз танишларига ҳам бу қадимий юртга саёҳат қилишни тавсия қилишини қўшимча қилди.

Сафар давомида Хивада кўплаб сайёҳларга дуч келдик.

Бугунги кунда хорижий сайёҳларнинг Ўзбекистонга бўлган қизиқиши кучаймоқда, мамлакатнинг сайёҳлик салоҳиятини ошириш борасида қатор ишлар олиб борилмоқда. Янги транспорт турларининг жорий қилиниши, барча обидалар ҳақида бир неча тилда маълумот берувчи QR-кодлар ҳам шулар жумласидандир.

Жумладан, Хива шаҳрининг жозибасини янада ошириш мақсадида бу ерда янги вокзал ва темир йўл кассаси қуриб битказилди (Бунга қадар фақат Урганчда вокзал бўлган). Яқин кунларда унинг расман очилиши кутилмоқда.

Шунингдек, миллий услубдаги замонавий меҳмонхоналар, истироҳат боғи ва гипермаркетлар қурилишининг якуний босқичи кетмоқда. Буларнинг бари шаҳарга ташриф буюрувчи ички ва ташқи сайёҳлар оқимини ошириш йўлида хизмат қилади.

Мавзуга оид