Ўзбекистон | 07:40 / 30.04.2021
25220
4 дақиқада ўқилади

«Қимор қачондан очиқчасига реклама қилинадиган бўлиб қолди?» — Андижон ва Хўжаобод марказидаги тотализаторчиларга чора кўриш сўралмоқда

Kun.uz'га андижонлик фуқаролардан вилоятда букмекерлик контораларининг очиқча фаолият юритаётгани, кўчада рекламалари жойлаштирилгани, ёшларни ушбу ўйинларга жалб этиш тобора авж олаётганидан шикоят келиб тушди.

«Биз Хўжаобод туманидан мурожаат қиляпмиз. Ҳозирги кунда ёшларимиз ўртасида тотализатор ўйинларига қизиқиш ошиб боряпти. Бунинг орқасидан оилаларда жуда кўп кўнгилсиз ҳолатлар ҳам рўй бермоқда. Ёшлар ўқиб-ўрганиб, меҳнат қилиш ўрнига қимор ўйнаб бир зумда бойиб кетиш, турмуши қўққис яхшиланиб кетишини орзу қилаётгани бизни хавотирга соляпти.

Афсуски, Хўжаобод тумани марказидаги буюм бозори ва деҳқон бозори ўртасида ана шундай тотализатор ўйинини тарғиб қилиб, ёшларга уни қандай ўйнашни ўргатадиган дўкон фаолият юритиб келмоқда.

1xbet рекламаси тасвирлари туширилган бу дўкон ёш ва қизиққон авлодни ўзига оҳанрабодек тортаётгани бизни хавотирга соляпти.

Ахир Ўзбекистонда қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни тарғиб қилиш тақиқланган эмасми? Қимор қачондан очиқ-ойдин реклама қилинадиган бўлиб қолди?

Яна Андижон шаҳрининг қоқ марказида Бобур шоҳкўчасида ҳам худди шундай рекламалар илинган дўконни кўрдик», – дейди Kun.uz'га мурожаат қилган бир гуруҳ фуқаролар.

Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 16 августдаги 176-сонли қарорига асосан, 2007 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида қимор ўйинларини ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни (шу жумладан тотализаторлар) ташкил этиш ва ўтказиш тақиқланган.

Бироқ, «Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2019 йил 4 декабрдаги президент фармонида, спорт соҳасини, айниқса, футболни янада ривожлантириш, унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, қўшимча маблағларни жалб қилиш мақсадида 2021 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда букмекерлик фаолиятини амалга оширишга рухсат берилган.

Фармонда, букмекерлар даромадидан бир қисмини футболни ривожлантириш учун ажратиш лозимлиги ва ушбу механизмни йўлга қўйиш бўйича ҳукумат қарори қабул қилиниши назарда тутилганди.

Ушбу механизмни белгиловчи Ҳукумат қарори ҳозирча қабул қилинмаганини инобатга олсак, ҳозирча Ўзбекистонда букмекерлик билан шуғулланиш учун ҳуқуқий асослар етарли эмас, яъни ушбу фаолият ноқонуний ҳисобланади.

Шу туфайли Андижон вилоятида букмекерлик фаолиятини йўлга қўйган шахслар аниқланиб, уларга жавобгарлик қўлланиши лозим, деб ҳисоблаймиз.

Маълумот учун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 191-моддасида, Ўзбекистон Республикасида қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ёхуд вояга етмаган шахсни ушбу ўйинларда иштирок этишга жалб қилганлик учун маъмурий, Жиноят кодексининг 278-моддасида қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни қонунга хилоф равишда ташкил этиш ёки ўтказиш, шу жумладан ана шундай ўйинлар учун қиморхоналар ташкил этиш ёки уларни сақлаш жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган.

Аввалроқ, Kun.uz сайтида ёшлар орасида касб-ҳунар эгаллаш, билим олишга сарф қилиниши керак бўлган пул, энергия ва вақт кераксиз ҳамда зарарли «қимор» ўйини (букмекерлик ўйинлари) учун сарфланаётгани, унда иштирок этаётганлар маблағларини асоссиз тарзда йўқотаётгани ва бу охир-оқибат молиявий қийинчиликлар сабаб одамлар орасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар кўпайишига олиб келиши ҳақида сўз юритилганди.

Элмурод Эрматов

Мавзуга оид