Ўзбекистон | 13:09 / 25.05.2018
9450
5 дақиқада ўқилади

ОАВ орқали оилавий муносабатларга бевосита алоқадор маълумотни оила аъзолари розилигисиз тарқатиш тақиқланади

Фото: УзА

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Ушбу Қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Фуқаролик кодексларига, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги ва “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонунларига ўзгартиришлар киритиш назарда тутилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2015-ХII-сонли қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қуйидаги қўшимчалар киритилади:

қуйидаги мазмундаги 197-1-модда билан тўлдирилади:

“197-3-модда. Оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилиш
Оммавий ахборот воситаларини цензура қилганлик, журналистга тазйиқ ўтказганлик, журналистнинг материаллари ва зарур техника воситаларини ғайриқонуний равишда олиб қўйганликда ифодаланган оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилиш, шунингдек, оммавий ахборот воситалари фаолиятига ҳар қандай кўринишда аралашиш ҳамда журналистнинг профессионал фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ҳар қандай шаклда бузиш – фуқароларга энг кам иш ҳақининг икки бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

245-модданинг биринчи қисми «197-2» рақамларидан кейин «197-3» рақами билан тўлдирилади.

Ўзбекистон Республикасининг 1995 йил 21 декабрда қабул қилинган 163-I-сонли ва 1996 йил 29 августда қабул қилинган 256-I-сонли қонунлари билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига қуйидаги қўшимчалар киритилади:

20-модда қуйидаги мазмундаги учинчи хатбоши билан тўлдирилади:

“Шахснинг исмидан унинг розилигисиз фойдаланиш давлат ва жамият манфаатлари, шу жумладан жамоат тартиби ва хавфсизлик, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси мақсадларида амалга оширилганда, исмдан фойдаланиш қонунсиз фойдаланиш ҳисобланмайди”;

қуйидаги мазмундаги 99-1-модда билан тўлдирилади:

“99-1-модда. Фуқаро тасвирини ҳимоя қилиш
Фуқаронинг тасвирини (шу жумладан суратини, видеолавҳасини 
ёки у тасвирланган санъат асарини) эълон қилишга ва ундан фойдаланишга фақат шу фуқаронинг розилиги билан йўл қўйилади. Вафот этган фуқаронинг тасвиридан фақат унинг рафиқаси, фарзандлари, улар йўқ бўлганда эса
ота-онасининг розилиги билан фойдаланиш мумкин.

Ушбу модда биринчи қисмида назарда тутилган розилик қуйидаги ҳолларда талаб этилмайди:

тасвирдан фойдаланиш давлат ва жамият манфаатлари, шу жумладан жамоат тартиби ва хавфсизлик, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси мақсадларида амалга оширилаётган бўлса (ҳуқуқбузарликдан жабрланган фуқаронинг тасвиридан фойдаланиш ҳолларидан ташқари);

фуқаронинг жамоат жойларида ва ташриф буюриш учун очиқ бўлган бошқа жойларда, оммавий тадбирларда (йиғилишлар, йиғинлар, конференсиялар, концертлар, намойишлар, спорт мусобақалари ва бошқа тадбирларда) ўтказилган тасвирга олиш жараёнида олинган тасвиридан фойдаланишда;

тасвирда ҳуқуқбузарликни содир этиш пайти тасвирланган ҳолларда.

Фуқаролик муомаласига киритилган ёки киритиш учун тайёрланган ҳамда фуқаронинг ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларига зид равишда қўлга киритилган тасвири акс этган моддий жисмлар суд қарорига мувофиқ фуқаролик муомаласидан чиқарилиши ва бундай жисмлар эгаларига ҳеч қандай қоплаб беришларсиз йўқ қилиниши лозим.

Агар фуқаронинг ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларига зид равишда қўлга киритилган тасвири “Интернет” тармоғи орқали тарқатилган бўлса, фуқаро тасвирни олиб ташланишини, шунингдек тасвирнинг тарқалишини тўхтатиш ва ман этишни талаб қилишга ҳақли”.

Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 26 декабрда қабул қилинган «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги 541-I-сонли қонунининг 6-моддаси иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“Оммавий ахборот воситалари орқали:

фуқаролар ва ташкилотларнинг шаъни ва қадр-қимматини ёки ишчанлик обрўсини ҳақиқатга мос келмайдиган материаллар тарқатиш орқали таҳқирлаш,

фуқароларнинг шахсий ҳаётига аралашиш;

оилавий муносабатларга бевосита алоқадор маълумотни эр-хотин ва уларнинг вояга етган фарзандларининг (фарзандликка олганлар ва фарзандликка олинганларнинг) розилигисиз тарқатиш тақиқланади”.

Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 14 майда қабул қилинган «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги ЎРҚ-371-сонли қонунининг 32-моддаси қуйидаги таҳрирда баён этилиши мумкин:

“32-модда. Ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабаблари ва уларга имкон бераётган шарт-шароитлар тўғрисида хабардор қилиш

Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ёки унда иштирок этувчи орган ёки муассаса, ўз ваколатлари доирасида, ғайриижтимоий хулқ-атворли шахслар, ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган, ҳуқуқбузарликлар содир этган шахслар ҳақида иш (ўқиш) жойидаги иш берувчини (маъмуриятни), яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органини ғайриижтимоий хулқ-атворнинг ва содир этилган ҳуқуқбузарликнинг ҳолатларини, шунингдек уларга имкон бераётган сабаблар ва шарт-шароитларни кўрсатган ҳолда хабардор қилишга, шунингдек бундай шахслар ҳақида оммавий ахборот воситаларида маълумот тарқатишга ҳақли”.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид