Жаҳон | 14:52
772
3 дақиқада ўқилади

Немцовнинг ўлдирилганига 11 йил: ЕИ жиноят ҳақида эслатди

Россияда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият Москвада Россия мухолифатининг етакчиларидан бири — Борис Немцов 2015 йил 27 февралда ўлдирилганидан бери фақат ёмонлашди. Бу ҳақда Европа ташқи алоқалар хизмати (EEAS) 27 феврал, жума куни — жиноятнинг 11 йиллигида баёнот берди. 

Фото: Hannah Wagner/dpa/picture alliance

EEAS таъкидлашича, Немцов “замонавий, фаровон ва демократик Россия учун курашиб, кўпчиликка илҳом берган ҳолда муҳим сиёсий мерос қолдирди”.

Брюсселда қайд этилишича, у ҳалок бўлганидан кейин Россияда репрессиялар давом этди, фуқаролик жамияти, мустақил ОАВ, сиёсий мухолифат ва ўзгача фикрловчиларга нисбатан чекловлар кучаймоқда. Шунингдек, EEAS Россиянинг халқаро мажбуриятлари — “барча сиёсий маҳбусларни дарҳол ва шартсиз озод қилиш” тизимли равишда бажарилмаётганини ҳам эслатди.

EEAS қўшимча қилишича, ҳаётининг сўнгги кунларида Борис Немцов Россиянинг Украинага қарши тажовузкор урушига қарши чиққан. “Шундан бери тажовуз янада кучайди ва тўлиқ кўламли босқинга айланди. Ҳар куни Украина аҳолиси Россиянинг даҳшатли ваҳшийликларидан азият чекмоқда”, — дейилади Европа ташқи сиёсат хизмати баёнотида.

Евроиттифоқ 2024 йилда Россиянинг инсон ҳуқуқларини бузиши сабаб унга нисбатан санкциялар режими жорий этилганини эслатди. Ушбу режим доирасида 62 нафар жисмоний шахс ва 1 та юридик шахсга чеклов чоралари қўлланган. Брюсселда таъкидланишича, улар фуқаролик жамияти ва демократик мухолифатга қарши репрессиялар учун, шунингдек Россияда демократия ва қонун устуворлигини жиддий равишда емирувчи фаолият учун масъул ҳисобланади.

“Европа Иттифоқи Россияда ва бошқа мамлакатларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, адолат ва ҳисобдорлик (жавобгарлик) тамойилларига содиқ қолади”, — деб хулоса қилди EEAS.

RusNews Telegram-канали хабар беришича, сиёсатчи ўлдирилган жойга гуллар билан Германия, Буюк Британия, Франция, Чехия, Нидерландия, Литва, Полша, Латвия, Эстония, Испания ва АҚШнинг элчилари ҳамда бошқа дипломатик вакиллар келган.

Канал маълумотига кўра, дипломатлар гулчамбарлар қўяётган пайтда полиция ходими овоз кучайтиргич орқали йиғилганларни тарқалишга чақирган. Фожиа жойида Москва аҳолиси, журналистлар ва бир қатор элчилар бўлгани айтилган.

Санкт-Петербургда эса Троицкая майдонидаги Соловецкий тоши ёдгорлиги ёнига гул қўйилган. Ўша пайтда ёдгорлик ёнида бир нафар полиция ходими навбатчилик қилган.

Борис Немцов 2015 йил 27 феврал куни кечқурун Кремлга яқин жойда — Катта Москворецкий кўпригида ўқ узилиши натижасида ўлдирилган.

2017 йил июл ойида Москва округ ҳарбий суди қотиллик ижрочилари деб топилган Зауp Дадаев, Анзор ва Шадид Губашевлар, Темирлан Эскерханов ва Хамзат Бахаевни 11 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилган. Жиноятнинг ташкилотчилари ва буюртмачилари ҳанузгача аниқланмаган.

 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид