“Келгусида бутун Самарқанднинг “ташриф қоғози”га айланади” — Шавкат Мирзиёев “Боқий шаҳар” ансамбли ҳақида
“Ҳар қандай сайёҳни қадимий афсоналар оламига, тарихий обидалар дунёсига олиб кирадиган том маънодаги ноёб лойиҳа” – президент Самарқанд туризм маркази таркибидаги “Боқий шаҳар” меъморий ансамблини шундай таърифлади.
Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд туманидаги “Буюк ипак йўли” туризм маркази очилишидаги нутқида марказ ҳудудида қурилган “Боқий шаҳар” меъморий ансамблини алоҳида эътироф этди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
“У келгусида бутун Самарқанднинг ўзига хос “ташриф қоғози”га айланади, деб ишонаман”, – деди давлат раҳбари.
Мирзиёев бу мажмуани “ҳар қандай сайёҳни қадимий афсоналар оламига, тарихий обидалар дунёсига олиб кирадиган том маънодаги ноёб лойиҳа” деб таърифлади.
“Қадимий услубда барпо этилган 14 та ҳудудимизга хос 40 та ҳунармандлик устахонасининг ҳар бири бетакрор қиёфага эга.
Қўли гул усталар ёғоч ўймакорлиги, кулолчилик, ипак қоғоз ишлаб чиқариш, заргарлик ва гилам тўқиш жараёнлари орқали сайёҳларнинг кўз ўнгида маҳорат дарсларини олиб борадилар. Хусусан, Риштон кулолчилиги, Бухоро зардўзлиги, Қорақалпоқ ўтови, Марғилон атласи каби ҳунармандчилик маҳсулотлари сайёҳлар учун амалий санъат дурдоналари сифатида тақдим этилади.
Бу ерга қадам қўйган инсон нафақат қадимий Самарқанд бағрида, балки бутун Ўзбекистон заминида юргандек бўлади, унинг бор улуғворлиги ва беқиёс жозибасини ҳис этади”, – деди президент.
Давлат раҳбарига кўра, бу масканда 280 минг туп манзарали дарахт ва буталар экилган, 170 гектар яшил ҳудудлар яратилган.
“Боқий шаҳар” мажмуаси 7 гектар майдонда барпо этилган. Марказда 1 та галерея ва қадимий шарқона бозор, 36 та растадан иборат 14 та ҳунармандчилик устахоналари, 2 та миллий таомлар ресторани қурилган.
Мавзуга оид
22:12 / 22.11.2024
Шавкат Мирзиёев Сума Чакрабарти билан учрашди
21:33 / 22.11.2024
Хитой Сурхондарёдаги мис ва кумуш конларига 2,7 миллиард доллар инвестиция таклиф қилмоқда
20:29 / 22.11.2024
Хоразмга 2025 йилда 1,5 миллиард доллар инвестиция жалб этиш режалаштирилди
20:24 / 22.11.2024