Иқтисодиёт | 13:57 / 16.10.2024
10335
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 1 грамм олтин баҳоси 1,1 млн сўмдан ошди. Нархлар қимматлашишига сабаб нима?

16 октябр кунги котировкаларда 5 граммли қуйма олтин нархи 5 млн 625 минг сўмни ташкил қилди. Жаҳон бозорида эса бир унция олтиннинг нархи 2677 долларга етди. Сўнги 20 йил ичида 534 фоизга қимматлашган олтин жамғариш воситаси сифатида фойдалими?

Марказий банк 16 октябр куни олтин қуймалар ва эсдалик олтин тангалар нархларини янгилади. Қимматбаҳо металлнинг 1 грамми нархи 1 млн 125 минг сўмдан ошди.

Айни пайтда 5 граммли олтин қуймалар нархлари 5 млн 625 минг сўмни, 10 граммли эсдалик танга нархи 11 млн 249 минг сўмни ташкил қилмоқда.

Қимматбаҳо металлнинг жорий нархлари йил бошидаги нархлардан 32,5 фоизга, 2023 йилнинг мос давридаги нархлардан эса 45,3 фоизга юқори.

Маълумот учун, Ўзбекистон Марказий банки олтин ва кумушдан тайёрланган эсдалик тангаларни 2018 йилда муомалага чиқарган. 2020 йил ноябридан бошлаб эса ўзбекистонликларда жамғармаларини қуйма олтин шаклида сақлаш имконияти ҳам пайдо бўлди: Марказий банк 5, 10, 20 ва 50 граммли олтин қуймаларини тижорат банклари орқали сотувга чиқарди.

Олтин қуймалари нархлари халқаро қимматбаҳо металлар бозори конъюнктурасидан келиб чиқиб, Марказий банк томонидан кун давомида қайта кўриб чиқилади. Шунга кўра, нархлар доимий ўзгарувчан характерга эга бўлади.

Нега олтин нархи қимматлашмоқда?

Жорий йил бошида олтиннинг бир бир троя унцияси нархи 2068 долларни ташкил этган бўлса, айни пайтда бу кўрсаткич 2677 долларни ташкил этмоқда ёки 29,4 фоизга қимматлашган. Қимматбаҳо металл нархларининг кескин даражада ошишига бир қанча омиллар таъсир кўрсатган бўлиши мумкин.

Геосиёсий вазият ва иқтисодий беқарорлик. Геополитик вазиятнинг ёмонлашиши ёки иқтисодий беқарорлик, масалан, урушлар, сиёсий ёки молиявий инқирозлар олтин нархини оширади. Олтин кўпинча "хавфсизлик ёстиқчаси” сифатида кўрилади, шунинг учун беқарор даврларда унга талаб ортади. Яқин Шарқдаги қуролли можаронинг кескинлашиб кетгани ва Россия-Украина урушининг қачон тугаши бўйича аниқ прогнозларнинг мавжуд эмаслиги олтин нархининг ошишига таъсир кўрсатмоқда. Содда қилиб айтганда, келажак ҳақидаги прогнозлар мавҳумлашса, инвесторлар учун олтин асосий активга айланади ва унга пул тикиш кўпаяди.

Доллар курси ва ФЗТнинг фоиз ставкасини пасайтириш бўйича кутилмалар. Олтин нархи асосан АҚШ долларида белгиланади. Фоиз ставкалари пасайганда, одатда, долларнинг курси ҳам пасаяди. Шунинг учун, агар доллар курси пасайса (бошқа валюталарга нисбатан заифлашса), олтин нархи ошади, чунки у бошқа валюталар билан солиштирганда арзонроқ бўлади ва шу сабабли талаб ортади. Қўшма Штатларда инфляция босимининг юмшаётгани фонида 18 сентябр куни АҚШ Федерал захира тизими (ФЗТ) базавий фоиз ставкасини 50 пунктга — йиллик 4,75–5,25 фоизгача пасайтирди. Ушбу омил ҳам охирги бир ойдаги олтин нархларининг ошишида асосий жиҳатлардан бири бўлди. Айни пайтдаги ноябр ойидаги ФЗТнинг навбатдаги йиғилишида фоиз ставкаларининг яна пасайиши мумкинлиги ҳақида бозор иштирокчилари орасида ижобий кутилмалар мавжуд. Бунда инвесторлар кам даромад келтирадиган қимматли қоғозларни харид қилишдан кўра, хавфсиз ва инфляция таъсиридан ҳимояланган олтин харид қилишга кўпроқ урғу бера бошлайди.

Марказий банклар томонидан олиб бориладиган сиёсат. Йирик Марказий банклар томонидан олтин захираларини ошириш ёки камайтириш бўйича қарорлар ҳам нархга таъсир қилади. Масалан, йил давомида Туркия, Ҳиндистон, Полша, Хитой Марказий банклари томонидан катта миқдорда олтин харид қилинаётганлиги бозордаги талабни қўллаб-қувватлаяпти.

2024 йилнинг январ-июл ойларида олтин сотиб олиш ва сотиш кўрсаткичлари

Умуман олганда, олтин нархининг келгусида қандай бўлиши жаҳондаги геосиёсий вазият, доллар курси, инфляция ва ФЗТ ставкаларига бевосита боғлиқ.

Олтин нархининг қимматлашиши Ўзбекистон учун фойдали

Жорий йилнинг 1 октябр ҳолатига, Ўзбекистон расмий захираларининг қарийб 77,5 фоизи олтин ҳиссасига тўғри келган. Олтин нархининг қимматлашиши мамлакат халқаро активларининг қийматини оширади.

Ўзбекистон энг йирик олтин ишлаб чиқарувчи ва уни экспорт қилувчи мамлакатлардан бири эканлигини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. Хусусан, ўтган йилда Ўзбекистонда 100 тонна олтин қазиб олган ва 8,2 млрд доллар қийматида олтин сотган. Олтин нархининг ошиши экспортдан тушадиган даромадларни кўпайтириб, йилдан йилга ёмонлашиб бораётган ташқи савдо балансига ижобий таъсир кўрсатади ва бюджет тақчиллигининг камайишига ёрдам бериши мумкин.

Шунингдек, олтин нархининг ошиши доллар ва бошқа валюталарга нисбатан сўмнинг қадрсизланишини тўхтатади ёки секинлаштиради.

Оддий ўзбекистонликлар учун олтинга пул тикиш фойдалими?

Кўпчилик ўзбекистонликлар жамғармаларини долларда сақлайди ёки кўчмас мулк харид қилишни афзал кўришади. Олтин жамғариш воситаси сифатида қанчалик фойдали? Масалан, 5 грамм ўлчовли олтин қуймаси илк бор 2020 йил ноябрда сотувга чиққанида 3 млн 426 минг сўм бўлган бўлса, айни пайтда 5 млн 625 минг ташкил этяпти. Тўрт йил давомида нархлар 64 фоизга ошган.

Goldprice.com маълумотларига кўра, охирги 16 йилликнинг 11 йилида олтин баҳоси долларда ҳисоблаганда, йилни ўсиш билан якунлаган. Шу ўринда, олтиннинг 5 йилликда 78 фоиз, 20 йилликда эса 534 фоизга қимматлаганини ҳам таъкидлаш лозим.

Охирги 20 йилликда олтин қимматли қоғозлар ва облигацияларга қараганда яхшироқ жамғариш воситасига айланди. Шу жиҳатдан кўпчилик мутахассислик бугунги кундаги нархларни қимматбаҳо металлнинг энг яхши даврларидан бири сифатида баҳолаяпти. Олтин нархларининг келажакда қандай динамикада шаклланишини олдиндан тахмин қилиш жуда қийин, бу келажакдаги иқтисодий ва геосиёсий ўзгаришларга боғлиқ бўлади.

Мавзуга оид