Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистондаги 3 та йирик олтин кони аукцион орқали сотилди. Уларни кимлар харид қилди?
Охирги 3 кун ичида Навоий вилоятидаги «Темирчи» ва «Пирали» Тошкент вилоятидаги «Терекли» олтин конлари умумий ҳисобда 20 млн долларга сотилди. Лотлардан бирида савдо деярли бир сутка давом этиб, актив баҳоси бошланғич нархдан 24 баробаргача қимматлади.
Фото: E-Auksion
«Темирчи» олтин кони
Дастлаб 18 август куни E-Auksion платформасида Навоий вилояти, Нурота туманида жойлашган «Темирчи» олтин кони сотилди. Унинг майдони 249 гектар бўлиб, тахминий олтин захиралари 6 тонна деб баҳоланган.
Кон 4 млрд 120 млн сўм бошланғич нарх билан сотувга қўйилди. Қарийб 12 соат давом этган савдо жараёнида актив 67 млрд 780 млн сўмга сотилди. Бу – лотнинг умумий бошланғич қийматидан 16,5 баробарга кўп.
Якунда лотни «Zauris» МЧЖ ютиб олди. Ушбу корхона 2025 йилнинг 4 июл куни Тошкент шаҳрида рўйхатга олинган. Фаолият тури – рангли металл рудаларини қазиб олиш. Устав фонди – 10 млн сўм.

Компаниянинг 100 фоиз улуши Файзиева Феруза Тоҳир қизига тегишли. Раҳбар сифатида ҳам Феруза Файзиева кўрсатилган.
«Терекли» олтин кони
19 август куни Тошкент вилояти Оҳангарон туманида жойлашган «Терекли» кони сотувга қўйилди. Кон Шаугаз қишлоғидан 9,6 км жануби-шарқда жойлашган бўлиб, майдони 65 гектарга тенг, тахминий олтин захиралари эса 2 тонна деб баҳоланган.
Қарийб 12 соат давом этган савдолар якунида 81 млрд 790 млн сўм таклиф билан «Тойлоқ Тоза Ҳудуд» МЧЖ ғолиб деб топилди. Бу миқдор лотнинг бошланғич нархидан (4 млрд 120 млн сўм) 19,8 баробарга кўп.
Харидор – «Тойлоқ Тоза Ҳудуд» компанияси 2021 йилнинг 10 март куни Самарқанд вилоятида рўйхатга олинган. Фаолият тури – кўп квартирали уйлар ва турар жойларни ижарага бериш ва бошқариш. Устав фонди – 67,8 млрд сўм.

Ташкилотнинг 100 фоиз улуши Марупов Бахтиёр Махмудовичга тегишли. Раҳбар сифатида Расулов Улуғбек Жамолиддинович кўрсатилган.
«Пирали» олтин кони
21 август куни Навоий вилояти, Навбаҳор туманида жойлашган «Пирали» участкаси 99 млрд 95 млн сўмга сотилди. Бу активнинг бошланғич нархидан 24 баробар кўп. Савдолар 23 соат 29 дақиқа давом этди ва 461 қадамдан сўнг якунланди. Ғолиб «NBK 111» МЧЖ.
«Пирали» майдони 484 гектарга тенг, тахминий олтин захиралари эса 2,4 тонна деб баҳоланган.
Харидор – «NBK 111» МЧЖ 2024 йил май ойида рўйхатга олинган. Фаолият тури – рангли металл рудаларини қазиб олиш. Устав фонди – 1 млрд сўм.

Ташкилотнинг 60 фоиз улушига Пулатов Нурмахаммад Комилович, 40 фоиз улушига эса Хитой фуқароси Чжан Цян эгалик қилади. Раҳбар сифатида Тожибоев Фарход Одилович кўрсатилган.
Эндиликда инвесторлар қўлга киритилган участкалардан 3 йил давомида олтин қидириш ҳуқуқига эга. Улар қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида олиши керак. Қазиб олинган қимматбаҳо металлар аралашмасининг барчасини, жумладан, соф ҳолда топилганларини ҳам қабул кассаларига топшириш мажбурияти юклатилган.
Маълумот учун, Ўзбекистонда қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятига 2019 йилда рухсат берилган, ўша йили фойдаланишга бериладиган олтин участкаларининг илк рўйхати тасдиқланиб, унга Навоий ва Самарқанд вилоятларидаги 400 дан ортиқ ер майдони киритилганди.
Мавзуга оид
14:56 / 29.10.2025
Асакабанкнинг Тошкентдаги биноси 187,7 миллиард сўмга сотилди
17:03 / 28.10.2025
Ўзбекистонга “бегона” машина – қаровсиз қолдирилган Nissanʼнинг саргузаштлари
10:38 / 15.10.2025
Маҳалла раисларига давлат мулкини аукционга чиқаришга рухсат берилди
10:53 / 06.09.2025