“Пластикдан тўласангиз, нархга 20 фоиз қўшилади” — нақд пул муаммоси қандай ҳал этилди?
Ўзбекистонликлар пластик картадаги пул 10–20 фоиз, ҳудудларда эса ҳатто 30 фоизга нақдлаштирилган замонларни ҳам кўрди. Ва бу узоқ ўтмиш эмас...
2017 йилда нақд пул ислоҳотлари бошланишидан аввал мамлакатда ҳолат шундай эдики, пулни нақдлаштириш учун банкоматлар етарли эмас, банкларда нақд пул олиш учун соатлаб навбат кутилар, пластик карточкалардан тўлов аксар жойларда қабул қилинмасди.
Қисқасини айтганда, бу қўлида пули бўла туриб, уни ишлата олмайдиган ҳар қандай одамнинг оғриқли муаммоси эди. Бундан ҳам муаммоли ва ачинарли жиҳати – аҳоли нақд пул етарли эмаслигининг туб моҳиятини тўлақонли тушунмас, мантиқсизликлар аро сарсон эди.
Пулни нақдлаштириб олишни қонуний йўл билан амалга оширишнинг амалда иложи ҳам йўқ эди. Aҳоли эса кўп ҳолатларда нақдлаштирилаётган пулнинг 10, ҳатто ундан ҳам юқорироқ фоизларини хизмат ҳақи сифатида ушлаб қолувчи “нақдлаштирувчилар” хизматидан фойдаланишга мажбур эди.
Маблағларини нақдлаштириш масаласи бизнес эгаларининг ҳам олдида турган жиддий масала бўлиб, улар ҳам “нақдлаштириш”нинг турли схемаларидан фойдаланишга маҳкум эдилар.
2017 йилгача банк кассаларидан нақд пулларнинг асосий қисми, яъни 66 фоизи иш ҳақи, пенсия ва ижтимоий тўловларга йўналтирилган бўлса-да, иш ҳақи ва ижтимоий тўловларни амалга оширишда қийинчиликлар бор эди.
Банк кассаларида нақд пуллар етарли бўлмагани оқибатида иш ҳақи, пенсия ва ижтимоий тўловлар муқобил тарзда банк карталари орқали тўлаб келинди.
Ўз навбатида, банкларда нақд пуллар етарли эмаслиги банк карталаридан нақд пулларни исталган пайтда нақдлаштириб олиш имкониятини чегаралаб, фуқароларга бир қанча оворагарчиликларни юзага келтирган эди.
Республиканинг олис ва тоғли ҳудудларида эса аҳвол бундан ҳам аянчлироқ эди.
Нақд пул муаммосига қандай барҳам берилди?
Пул бозорини либераллаштириш бўйича 2017 йилдан бошланган ҳаракатлар натижасида нақд пул таъминотида шаклланган мураккаб вазиятга деярли тўлиқ барҳам берилди.
Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил 2 февралда “Иш ҳақи, пенсия ва стипендияларни тўлаш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорни имзолади.
Давлат раҳбари шу йилнинг 18 апрелида Ўзбекистон ҳукуматининг 2017 йил 1-чораги якунларига бағишланган мажлисида аҳолини қийнаб келаётган нақд пул муаммоси ҳақида гапириб, масъулларнинг қўштирноқ ичидаги янгилиги туфайли одамлар нега қийналиши керак деган саволни ўртага ташлади.
Шавкат Мирзиёев ҳукумат мажлисида ўша вақтдаги молия вазири Рустам Aзимов ва бошқа масъуллар олдига нақд пул айланмасини қисқартириш бўйича “кечиктириб бўлмас чора-тадбирлар” кўриш вазифасини қўйди.
Нақд пул муаммосини ҳал қилиш борасида 2017 йилда бошланган ислоҳотлар аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларга нақд пулларини банклар орқали исталган пайтда олиш имкониятини яратди.
Маълумки, банкларда етарли миқдорда нақд пул бўлса, мижозларга ўз вақтида ва етарлича нақд пул бериш имкони ҳам пайдо бўлади, бу эса аҳоли ҳамда савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги субъектлар нақд пулларини банкларга топширишини тақозо этади.
Президентнинг 2017 йил 2 сентябрда валюта сиёсатини либераллаштириш борасидаги фармони нақд пулларнинг банклар орқали айланиш механизмини рағбатлантирди. Фармон билан:
- мамлакатда валюта бозорининг эркинлаштирилиши ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчиларга хориждан хомашё ва товарларни олиб келиш учун хорижий валюталарни эркин харид қилиш имкони берилди;
- савдо ва хизмат кўрсатиш сектори товар ва хизматларни ишлаб чиқарувчилар ва етазиб берувчилардан нақд пулсиз сотиб олиши ташкил этилди;
- улар товар ва хизматларни сотишдан тушган нақд пулни ўзларида олиб қолмасдан, банкдаги ҳисобвaрақларига топшириши ва яна товар ва хизматларни пул ўтказиш йўли билан сотиб олиш механизми яратилди.
Бундан ташқари, импорт билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркорларга хорижий валюта сотиб олиш имкони берилиши уларнинг нақд пул тушумларини банк кассаларига топширишларини рағбатлантирди.
Банкларда нақд пул етарли миқдорда бўлиши ўз навбатида накд пулдаги тўловларни ўз вақтида тўлаш имкониятини юзага келтирди.
Рақамлар билан изоҳлайдиган бўлсак, 2017 йил якунида муомаладаги нақд пулларнинг 27,3 фоизи банкларга келиб тушган бўлса, 2020 йил якуни бўйича бу кўрсаткич 65,4 фоизга етиб, 2021 йил биринчи ярим йил якунида 72,2 фоизни ташкил қилди.
Банк кассаларига келиб тушган нақд пуллар миқдори 2017 йилга нисбатан қарийб 5 бараварга кўпайди.
2017 йилда банк кассаларига келиб тушган нақд пуллар миқдори 39,5 трлн сўмни ташкил этган бўлса, 2020 йилда 179,9 трлн сўм банк кассаларига келиб тушди.
Ўз навбатида, нақд пулларнинг банк кассалари орқали айланиш ҳажмининг ошгани, нақд пуллар банк кассаларида етарли экани бугунги кунда аҳоли ва хўжалик субъектларига банклардан нақд пулларни исталган пайтда олишга замин яратди.
Айниқса, пенсия ва нафақа тўловлари ҳар ойнинг 27-санасига қадар тўлиқ амалга оширилмоқда. Тоғли ва олис ҳудудлардаги иш ҳақи ва ижтимоий тўловлар тўланиши ҳам сезиларли яхшиланганини эътироф этиш мумкин.
Банкоматлар – исталган вақтда нақд пул ечиш имконияти
2017 йилда жами банкоматлар сони 445 тани ташкил этиб, улар ҳам нақд пул ўз вақтида таъминланмагани оқибатида 3,1 трлн сўм нақдлаштириб олинган, холос.
Бугунга келиб банкоматлардан нақдлаштириб олинган нақд пуллар миқдори 2020 йилда 62,2 трлн сўмни, 2021 йилнинг 6 ойида 42,1 трлн сўмни ташкил этмоқда.
Банкоматлар сони эса 7 348 тани ташкил этиб, ушбу инфратузилма тармоғининг янада кўпайиб бориш тенденцияси кутилмоқда.
Ечилмаган муаммолар ҳали бор
Хулоса ўрнида айтиш керакки, нақд пулга оид муаммолар аҳолини деярли қийнамай қўйди. Ислоҳотлар самарасини берди десак янглишмаймиз, бироқ камчиликлар ҳамон сақланиб қолган.
Хусусан, чекка ҳудудларда ҳамон пластик карточкадаги пулни нақдлаштириш учун банкоматлар етарли эмас. Кўплаб савдо нуқталарида, асосан бозорларда ҳамон пластик карточкага савдо йўқ.
Шунингдек, чекка ҳудудлар эмас, пойтахтда ва вилоятлар марказларида ҳам банкоматлар билан боғлиқ техник муаммолар тез-тез учраб туради.
Тадбиркорларда айланмани терминал орқали қилиш учун рағбатлар ҳамон жуда кам. Пулингиз пластик картада бўлса, савдолаша олмайсиз.
Банк картаси билан тўламоқчи бўлсангиз, сотувчилар тўловни терминал орқали эмас, пул ўтказмалари орқали амалга оширишни сўрашади. Бу ҳолат солиқ соҳасидаги ўзгаришлардан кейин ҳам давом этаётгани – иқтисодиётда комплекс янгиланишларни давом эттириш заруратини кўрсатади.
Мадина Очилова
Мавзуга оид
17:00 / 07.12.2024
Тошкент шаҳри автобусларида нақд пул ўрнига қандай тўлов қилиш мумкинлиги тушунтирилди
19:10 / 15.07.2024
Жорий йилнинг дастлабки 6 ойида муомалага қўшимча 4,1 трлн сўм нақд пуллар чиқарилган
17:09 / 22.02.2024
Банкоматлардан пул ечишдаги комиссия миқдори 1 фоиздан 1,5 фоизга ошгани ҳақидаги хабарлар рад этилди
12:22 / 20.02.2024