Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Жонини беришга тайёрлар». Президентларни қандай қўриқлашади?
Фото: Reuters
Давлатлар раҳбарлари хавфсизлигини таъминлаш ниҳоятда муҳим масала ҳисобланади. Шунча эҳтиёткорликларга қарамай тарихда бир неча президентлар суиқасд қурбонига айланишган. Давлатнинг биринчи рақамли инсонлари хавфсизлигини сақловчи соҳа вакилларининг ҳаёти, фаолияти қаттиқ сир тутилади. Шу пайтгача тарқатилган хабарлар ҳам, бу мақоладаги маълумотлар ҳам расман тасдиқланмаган, лекин турли сабабларга кўра оммага ошкор бўлган маълумотлардир. Дунёнинг энг машҳур инсонлари, давлат раҳбарлари, президентларнинг қўриқлаш хизматлари ҳар бир давлатда ўзига хос. Қуйида мавжуд маълумотлар асосида энг қизиқарлиларига эътибор қаратилади.
КХДР «порлоқ қуёши»
«Миллат раҳнамоси», «Даҳоларнинг даҳоси»ни қўриқлаш учун 15 мингдан ортиқ аскар хизмат қилади ва уларнинг ҳар бири том маънода «Йўлчи юлдуз» учун жонидан кечишга тайёр. Умуман, бу давлатдаги ҳар бир аскар «Давлат ва миллатнинг буюк доҳийси»ни ҳимоя қилишни юксак шараф деб билади.
Айниқса Ким Чен Ин ўз «Мерседес»ида ҳаракатланаётган чоғда камида 12 нафар бақувват ва сипо йигитларнинг машина ёнида югуриб кетишлари жуда ажойиб манзара ҳосил қилади.
Хитой. Си Цзиньпин
Хитой коммунистик партияси раҳбари хавфсизлигини таъминлаш учун бевосита ёки билвосита 80 минг киши жалб қилингани ҳақида маълумотлар бор. Шунингдек, уларнинг ҳар бири камида 3 хил ўқотар қурол, икки хил совуқ қурол олиб юриши, шунингдек таркиби сир тутилувчи, инсонга қаттиқ таъсир қилувчи кукунларни сақлашлари маълум қилинган.
Хитой раҳбарини ўта интизомли ва жиддий тансоқчилар қўриқлашади.
Рим папаси
Ватикан ва католиклар раҳбари дунёнинг энг нуфузли шахсларидан бири ҳисобланади. 500 йилдирки унинг хавфсизлигини Швейцария гвардияси вакиллари таъминлашади. Бу соқчилар сафига кирувчиларга қатор талаблар қўйилган: католик, бўйи 174 сантиметрдан паст эмас, ёши 19-30 ёш оралиғида ва уйланмаган бўлиши асосий шартлардир. 3 йил давомида сидқидилдан хизмат қилгандан сўнггина уйланишга рухсат берилади. 1981 йилда папа Иоанн Павел II Ватикан майдонида ўққа тутилиб, тўрт жойидан ўқ еб, кўп қон йўқотиб, аранг тирик қолганидан сўнг хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Ўрта асрлар аскарлари кийимидаги, қўлларига найзалар тутиб олган бу аскарлар кўпроқ томоша учун юргандек кўринсада, аслида ичдан қуролланган ва яхши тайёргарликдан ўтган тансоқчилардир. Уларнинг сони 135 нафар бўлиб, номлари улуғ бўлсада, маошлари унчалик кўп эмас – 1300 евро атрофида.
Буюк Британия қироличаси ва бош вазири
Бу давлатнинг бош вазири хавфсизлигини Лондон полициясига бўйсунувчи махсус операциялар бошқармасининг «Ҳимоя жамоаси» деб номланган тузилмаси таъминлайди. Гарчи дунё бўйича энг кучли тансоқчилар ҳисобланишсада, улар фаолиятида ҳам нуқсонлар кузатилган. 2014 йилда оддийгина йигитча кўчада Дэвид Кэмерон ёнига югуриб борган ва уни итариб юборган. Тансоқчилар бунга жавобан йигитчанинг қўлини қайириш билан овора бўлишган, аммо бош вазирни ёлғиз қолдираётганларини мутлақо унутишган. Оддий қоидаларга кўра, бундай пайтда ҳужум қилаётганни зарарсизлантириш билан бирга ҳимоя объектини дарҳол ўраб олиб, машинада хавфсиз жойга олиб кетиш керак.

Қиролича масаласи бутунлай бошқача. Кўпчилик Лондоннинг қадимий саройларидаги қизил мундирли, бошларига айиқ жунидан папақ кийиб олган аскарлар сайёҳларга томоша бўлиш учун юришади деб ўйлайди. Гарчи ўзларининг хатти-ҳаракатлари билан шу мамлакат рамзларидан бирига айланишган бўлишсада, бу аскарлар жанговар тансоқчилар ҳамдир. Улар тартибга жуда қаттиқ риоя қилишади ва қиролича учун жонини беришга тайёрлар.
Германия канцлери

Жуда ғалати туйилсада, бу давлат раҳбарини жиноят қидирув полицияси вакиллари қўриқлашади. Улар юқори даражада тайёргарликдан ўтиш билан бирга тез тиббий ёрдам кўрсата олиш лаёқатига эга мутахассис ҳам бўлишлари шарт. Бу талаб ўз натижасини берган – Ангела Меркель 2014 йилнинг декабрида чанғи учаётган пайтида йиқилиб, тиззасини жароҳатлаган пайтда айнан тансоқчилар малакали ёрдам кўрсатишган.
АҚШ президентлари. Барак Обама ва Дональд Трамп
АҚШ президенти хавфсизлигини таминловчи тузилма махсус федерал агентлик бўлиб, яна бир қизиқарли вазифа – қалбаки пулларга қарши кураш билан ҳам шуғулланади. Кўпчилик давлатлардан фарқли равишда улар ўз фаолиятлари ва таркибий тузилмаси ҳақида махсус сайтларида хабарлар бериб боради. Ўша маълумотларга кўра, 3200 нафар махсус агент, «Оқ уй» ва бошқа муҳим объектларнинг 1300 нафар қўриқчиси, 2000 нафар турли-туман техник ва ёрдамчи ходимлардан иборат бу тузилма таркибида жами 6500 ходим борлиги маълум.
Президент эшиклари қалинлиги камида 20 сантиметрли, бошдан оёқ зирҳланган «Кадиллак»да ҳаракатланади ва маълумотларга қараганда бундай автомобиллар сони ўндан ортиқ. Бу автомобилда АҚШ раҳбари ташқи дунёдан бутунлай узилади ва фақат махсус тизим орқали алоқага чиқиши мумкин.
Барак Обама президентликка киришишдан 18 ой аввал ўзи ва оиласи хавфсизлиги масаласини ўргана бошлаган. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор эди албатта. Обама АҚШнинг дастлабки қора танли президенти бўлгани туфайли яширин ирқчиларга нишон бўлиш хавфи жуда юқори бўлган. Аммо шунга қарамай Обама соқчилари бир марта енгилтабиат аёлларни ўз хоналарига олиб келишгани, кейинчалик бу хабарлар оммага ошкор бўлганида бир қовун туширишган бўлса, оддий бир одамнинг эшик тагидаги соқчи аёлни шунчаки четга суриб, пичоқ билан «Оқ уй»га кириб боргани ортидан иккинчи марта шарманда бўлишган. Анжуманлар залигача етиб борган пичоқли шахсни хизматни тугатиб, уйига қайтаётган қўриқчигина пайқаган ва зарарсизлантирган.
Обаманинг ўрнини эгаллаган Трамп ўз хавфсизлигини ҳам қайта кўриб чиқди. Президентликка қадар ҳам ўз хавфсизлиги учун собиқ ҳарбийларни, нуфузли «Денгиз мушукчалари» соҳаси вакилларини жалб қилган бўлса, АҚШ раҳбарлигига киришганидан кейин ҳам ўзи ишонган тансоқчиларни атрофига тўплади.
Унинг асосий тансоқчиси ўтган асрнинг 90-йилларидан буён ўз касбига ва раҳбарига содиқ қолаётган собиқ ҳарбий денгизчи ҳамда Нью-Йорк полициясининг истеъфодаги ходими Кит Шиллердир. У узоқ йиллик тажрибасига кўра нафақат президент, балки унинг оиласида ҳам ҳурмат қозонган ва энг муҳими касбининг устаси ҳисобланади. У Трамп президент бўлмаган пайтлари ҳам бир неча бор ўз соҳибини бевосита ҳимоя қилган. Трамп президентликка киришганидан кейин эса унинг муҳожирларга қарши сиёсатидан ва умуман бошқа ислоҳотларидан норозилардан эҳтиёт чораларини кўришга мажбур бўлган.
Россия президенти. Владимир Путин
Россия президенти хавфсизлигини таъминловчи – Федерал Қўриқлаш Хизмати ниҳоятда қудратли ва ўта сирли тузилма. Унинг улкан имкониятлари ва ваколатлари ҳақида фақат тахмин қилиш мумкин. Борис Ельцин тансоқчилари раҳбари Александр Коржаковнинг сўзларига кўра, бугунги кунда бу тизимда 50 минг нафардан ортиқ ходим фаолият юритади ва уларнинг сони Путин президентликка келгунга қадар бўлган даврга нисбатан 4 карра кўпайган. Бу ходимларга ордерсиз қўнғироқларни ва ёзишмаларни кузатиш, кимнидир ҳибсга олиш, машиналарни мусодара қилиш каби ваколатлар берилган. Улар Москванинг энг муҳим органлар жойлашган 12 кўчасини тўла-тўкис назорат қилишади ва бу кўчаларда яшовчиларнинг ҳар бири ҳақида маълумотга эгалар.
Аммо федерал қўриқлаш хизматининг энг муҳим вазифаси президент хавфсизлигини таъминлашдан иборат. Уларнинг фаолияти шу қадар сир тутиладики, бу турли-туман афсоналар яралишига ҳам сабаб бўлган. Булардан энг машҳурлари Путиннинг қиёфадошлари борлиги билан боғлиқ. Уларга ишониладиган бўлса, Чеченистонга қирувчи самолётни бошқарган ҳолда йўл олган, ёки Байкал тубига батискафда шўнғиган Владимир Путин эмас, унинг қиёфадошидир.
Путиннинг қўриқчилари юқори лавозимларни ҳам эгаллашган. Шулардан бири, собиқ тансоқчи, ҳозир Тула губернатори Алексей Дюмин «президент хавфсизлигини таъминлашда қатор хавфларни бартараф этишга тўғри келган. Балки вақти келиб уларни ошкор қилармиз, аммо уларнинг барчаси ҳозирча сир тутилади», деган.
2012 йилда, Путин учинчи бор президентликка киришиши олдидан Кремль махсус кучлари чечен айримачилари томонидан президентга қарши уюштирилган суиқасд бартараф этилгани ҳақида сенсацион хабар тарқатганди. Аммо бу воқеанинг тафсилотлари ошкор қилинмади. Умуман 2001 йилдан буён Путинга қарши камида тўртта суиқасд уюштирилгани ҳақида маълумотлар бор.
Маълумот учун: баъзан турли давлат раҳбарлари тансоқчиларининг кутилмаган вазиятларда тўқнашиб кетиш ҳоллари кузатилади. Шундай ҳолатларнинг энг машҳури ЖАР ва Россия президентлари соқчилари ўртасида 2013 йилнинг 27 мартида, БРИКС саммитида кузатилган. Ўшанда маҳаллий қўриқчилар Путин тансоқчиларини президент ортидан анжуманлар саройига киришларига йўл қўйишмаган ва суриб чиқариб ташлашган эди.
Аброр Зоҳидов тайёрлади
Мавзуга оид
16:40 / 18.12.2025
«Европалик чўчқачалар қулашимиздан умид қилган» — Путин Байден маъмурияти ва европаликларни урушни бошлашда айблади
13:21 / 17.12.2025
Путин Байкал атрофида “санитар” мақсадда ўрмонларни кесишга рухсат берди
20:00 / 10.12.2025
«Ҳеч кимга сездирмасдан». Путин ўзи ҳам машина ҳайдаб туриши ва Москва кўчаларидаги курьерлар ҳақида
08:35 / 10.12.2025