Жаҳон | 10:55
1611
3 дақиқада ўқилади

Россия “совет халқи геноциди”ни инкор этганлик учун жазо жорий қилди

Россия президенти Владимир Путин Иккинчи жаҳон уруши йилларида нацистлар томонидан амалга оширилган “совет халқи геноциди”ни инкор этиш ёки маъқуллаш, шунингдек, унинг қурбонлари хотирасини ҳақорат қилиш учун жиноий жавобгарлик жорий этувчи қонунни имзолади. Ҳужжат 9 апрел, пайшанба куни расмий ҳуқуқий ахборот интернет-порталида эълон қилинди. Март ойи охирида қонун Давлат думаси томонидан иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилинган эди.

Фото: РИА Новости

Тузатишлар Россия Жиноят кодексининг 354.1-моддасига — “нацизмни реабилитация қилиш” ҳақидаги моддага киритилмоқда. “Совет халқи геноциди фактини инкор этиш” ёки уни маъқуллаш, шунингдек, бундай жиноят қурбонлари хотирасини ҳақорат қилиш учун 3 миллион рублгача жарима, мажбурий ишлар ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда.

Бундан ташқари, Жиноят кодексининг 243.4-моддаси — “ҳарбий дафн жойларини таҳқирлаш” ҳақидаги модда ҳам тўлдирилмоқда. Россия ҳудудида ёки унинг ташқарисида жойлашган “совет халқи геноциди” қурбонларининг қабрларини, шунингдек, улар хотирасини абадийлаштирувчи ёдгорликлар, стеллалар, обелисклар, бошқа мемориал иншоотлар ёки объектларни “йўқ қилиш, шикаст етказиш ёки таҳқирлаш” учун 2 миллиондан 5 миллион рублгача жарима, беш йилгача мажбурий ишлар ёки худди шу муддатгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган.

Россияда “совет халқи геноциди” тушунчаси 2026 йил 1 январдан кучга кирган шу номдаги қонун билан мустаҳкамланган. Унга кўра, 1941–1945 йиллардаги уруш даврида СССР ҳудудида яшаган миллий, этник ва ирқий гуруҳларни тўлиқ ёки қисман йўқ қилишга қаратилган нацистлар ва уларнинг ёрдамчилари ҳаракатлари геноцид деб эътироф этилади.

2022 йил апрелида Путин СССР ва фашистлар Германиясининг мақсадлари ҳамда ҳаракатларини “очиқча тенглаштириш”, шунингдек, Иккинчи жаҳон урушида СССРнинг “ҳал қилувчи роли” ва “инсонийлик миссияси”ни инкор этиш учун маъмурий жавобгарлик белгилайдиган қонунни ҳам имзолаган эди.

Қоидабузарларга 1000 рублдан 2000 рублгача жарима ёки 15 суткагача қамоқ жазоси таҳдид қилади. Мансабдор шахслар учун жарима 2000 рублдан 4000 рублгача, юридик шахслар учун эса 10 мингдан 50 минг рублгача этиб белгиланган. Қоида такроран бузилганда, фуқаролар учун жарима 5000 рублгача, мансабдорлар учун 20 минг рублгача, юридик шахслар учун эса 100 минг рублгача оширилади. Бундан ташқари, мансабдор шахсларга олти ойдан бир йилгача дисквалификация, юридик шахсларга эса 90 суткагача маъмурий фаолиятни тўхтатиб қўйиш жазоси ҳам қўлланиши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид