Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда ёшларга нисбатан наркотик жиноятлар учун жавобгарлик кучайтирилади
Ўзбекистонда синтетик наркотиклар ишлаб чиқариш ва тарқатиш ортмоқда — улар яширин лабораторияларда тайёрланиб, интернет орқали сотилмоқда. Президент бундай жиноятлар учун жазони кучайтириш зарурлигини таъкидлаб, 2027 йилгача мўлжалланган наркожиноятларга қарши курашиш миллий дастурини маъқуллади.
Фото: iStock
Президент Шавкат Мирзиёев 3 ноябр куни аҳолини гиёҳвандликдан ҳимоя қилиш юзасидан таклифлар тақдимоти билан танишди, деб хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.
Мажлисда қайд этилишича, йил бошидан буён Ўзбекистонда 11 мингдан зиёд наркожиноят аниқланиб, 2,5 тоннага яқин гиёҳванд моддалар ушлаб қолинди. «Бундай жиноятларнинг шакл ва турлари йилдан йилга кўпайиб, қамрови ортиб бормоқда», – дея таъкидланди тадбирда.
Йиғилишда соҳадаги мавжуд салбий тенденциялар таҳлил қилинди. Жумладан, кейинги пайтларда истеъмоли осон, яшириш ва тарқатиш қулай дори шаклидаги психотроп ва синтетик моддалар анъанавий наркотиклар ўрнини эгалламоқда, уларнинг тарқалиши асосан ёшлар орасида юз бермоқда, синтетик наркотиклар яширин нарколабораторияларда тайёрланиб, интернет орқали контактсиз шаклда ўтказилмоқда, наркотикларни тарқатиш манбаси бўлган уюшган жиноятчилик трансчегаравий хусусиятга эга.
«Шу боис, миллий қонунчилигимизга мана шундай хавф-хатарларнинг олдини олиш, уларга қарши аёвсиз курашиш, бундай иллатни таг-томири билан йўқотишга қаратилган нормаларни киритиш вақти келди», — деди президент.
Мутасаддилар наркотикларнинг ноқонуний айланишига барҳам бериш бўйича режа ва таклифларини тақдимот қилди.
Бунда ўқувчи ва талабалар орасида наркотикларнинг тарқалишига батамом чек қўйиш, ёшларда бу иллатга муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган таъсирчан амалий ҳаракатларни амалга оширишни барча масъул органлар ва ташкилотларнинг устувор вазифаларидан бири сифатида белгилаш зарурлиги алоҳида қайд этилди.
Президент, биринчи навбатда, ёшлар орасида наркотикларнинг ноқонуний айланмасига жиноий-ҳуқуқий механизмлар орқали қатъий барҳам бериш ҳамда ёшларга нисбатан содир этиладиган наркожиноятлар учун жавобгарликни оғирлаштириш, наркотикларни интернет орқали тарқатиш, уюшган гуруҳлар ва нарколабораториялар, уларга раҳнамолик қилаётган мансабдор шахсларни аниқлаш ва чек қўйишга қаратилган кенг қамровли тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятини йўлга қўйиш кераклигини кўрсатиб ўтди.
Шунингдек, вояга етмаган ва ёшлар орасида гиёҳвандликнинг диагностикаси, даволаш ва тиббий-ижтимоий реабилитацияси тизими тубдан такомиллаштирилади.
Тақдимотда 100 дан зиёд тезкор-профилактик, ташкилий-тарбиявий, тарғибот-ташвиқот чора-тадбирларини назарда тутувчи Гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг барвақт олдини олиш ҳамда уларга қарши курашиш бўйича 2025−2026 йилларга мўлжалланган комплекс амалий ҳаракатлар миллий дастури лойиҳаси давлат раҳбари томонидан маъқулланди ҳамда бу борада узлуксиз ишлаш тизимини жорий этиш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Мавзуга оид
20:51 / 17.12.2025
Наркотиклар айланмасига мансабдорлар ҳомийлик қилаётган ҳолатлар жуда кўп — Равшан Маматов
16:11 / 27.11.2025
Ургутда наркосавдогар ҳамшира 10 йилга қамалди
11:03 / 20.11.2025
Тошкент шаҳрида наркосавдогарлар 19 килограмм гиёҳванд модда билан ушланди
12:20 / 05.11.2025